Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Мардикорлар ҳимоячиси яланғоч аёл туҳматига қолганини айтаяпти


23 август куни мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли, “Озод фуқаро” ташкилоти раҳбари Фахриддин Тиллаев қўшнисини зўрлашга ҳаракат қилганликда айбланиб, номаълум кишилар томонидан калтаклангани айтилмоқда. Тиллаев бу воқеани ўзининг касбий фаолияти учун "МХХ томонидан уюштирилган провокация", деб иддао қилмоқда.



Воқеа ўтган жума куни Фахриддин Тиллаевнинг Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Боғистон маҳалласидаги уйида рўй берган.

Бу ҳақда Озодликка 42 ёшли Фахриддин Тиллаевнинг ўзи буларни гапириб берди.

- Хуфтон намозини ўқиëтган вақтимда уйимнинг эшиги жуда қаттиқ тақиллаб кетди. Чиқиб қарасак, ён қўшним Костя деган йигитнинг аëли қип-яланғоч ташқарида турибди, менинг эшигимнинг олдида. Қип-яланғоч, баданида ҳеч нарсаси йўқ. Ҳеч нарса киймаган. Мен ҳайрон қолдим. “Нима қилаяпти бу аëл”, деб нима қилсам, бир пайт ўзидан ўзи бақириб “Помогите, помогите. Он меня насилует” деб бақирди. Қаердандир одамлар пайдо бўлиб қолди. Подъезддан тушиб келаяпти, подъезддан чиқиб келаяпти. 10тача одам йиғилиб қолди. Уларни ҳеч кўрмаганман. Бизнинг қўшнилар ҳам эмас улар. Уйимга бостириб кириб олди ҳаммаси. Менинг турмуш ўртоғимни аëллар уриб кетди. Эркаклар мени уриб кетишди. Енгил тан жароҳати етказишди. Компютерларим, уйимдаги жиҳозларимгача шикаст етказишди,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Фахриддин Тиллаевга кўра, ушбу воқеа бўйича участка нозири ва маҳалла қўмитаси раисига фақат оғзаки равишда мурожаат қилган.

Тиллаев бўлиб ўтган воқеани Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўз фаолиятини чеклаш учун қилинган "провокация" деб ҳисоблашини айтади.

- Бу олдиндан келишилган провокация экан. Кейин мен тушуниб етдим. Биласизми, албатта бунинг тепасида асосан Миллий хавфсизлик туради. Ўша бошчилигида бўлаëтган ишлар деб биламан. Бу охирги воқеа менга бўлишига сабаб, асосан, мана шу мардикорларни ҳимоя қилаëтганлигимиз, кейин умуман ўша Ўзбекистон халқ ҳаракатида фаолият анча кучайгани, ривожланаëтганлиги учун, ичкарида халқ ҳаракатига одамларнинг қизиқиши пайдо бўлганлиги, сайтда берилаëтган материаллар сабаб бўлган,- дейди Тиллаев.

Ҳуқуқ фаолининг иддао қилишича, 23 август куни калтакланишидан аввал кун давомида Миллий хавфсизлик хизмати кузатувида бўлган.

- 23 август куни мен Қозоғистоннинг Туркистонида бўлиб қайтиб келдим “Эрк” партиясининг аъзоси Нуриддин ака Жуманиëзов билан биргаликда. Чегарадан ўтаëтган пайтда жуда қаттиқ текширишди. Ундан кейин Миллий хавфсизлик ходимлари то уйга келгунча орқамиздан кузатиб келди. Уйга кириб келгунча текширувда бўлдим. Ҳали ҳам қаттиқ назоратда юрибман. Орқамда одамлар юрибди,- дейди Тиллаев.

Мухолифатдаги “Эрк” партиясининг аъзоси бўлган Фахриддин Тиллаев кейинги пайтда Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида мамлакат ичкарисидаги воқеа-ҳодисалар борасида ўзининг танқидий чиқишлари билан фаол иштирок этаяпти.

Шунингдек, Тиллаев “Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси” вакили сифатида ўзбек мардикорлари ҳимояси борасида матбуот орқали қатор чиқишлар қилмоқда.

Жорий йил бошида мардикорлар ҳимоясига отланган Фахриддин Тиллаев яна икки ҳуқуқ фаоли Нуриддин Жуманиёзов ҳамда Абдулла Тожибой ўғли билан маҳкамага тортилиб, ҳар бири 7 миллион сўмлик жаримага тортилди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларини зўрлаш, номусга тажовуз қилишда айблаш ҳолатлари “урфга” айланаётганини кузатиш мумкин.

Жумладан, 6 август куни “Эзгулик” жамияти фаоли 71 яшар Ҳасан Чориев 19 яшар Матлуба Абдураҳмоновага жинсий тажовуз қилганликда айбдор, деб топилиб 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

23 август куни эса “Эзгулик” жамиятининг Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқов устидан суд бошланди. 60 яшар ҳуқуқ фаоли ҳам одам савдоси ва бухоролик аёлни зўрлашга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG