Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:31

Ўзбекистон иқтисодиётига $75 млрд ётқизилиши шубҳа уйғотмоқда


"Ўзбекистон 2015 йилнинг охиригача иқтисодиётнинг стратегик соҳаларида умумий қиймати 75 миллиард долларлик 500 дан зиёд лойиҳани амалга оширади", деб баёнот берди Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимов. Бу баёнотни шарҳлаган иқтисодчилар эълон қилинган режанинг реал ҳисоб-китобларга таянилганига шубҳа билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси вице-бош вазири, Молия вазири Рустам Азимовнинг бу баёноти тўғрисида 24 сентябр куни таҳририяти Тошкентда жойлашган “Новий век” газетаси сайти хабар қилди.

Катта ва тушунарсиз баёнот

Азимовнинг баёноти қаерда ва қачон янграгани тўғрисида сайт хабар бермаган.

“2010 йилдан бери биз қисқа муддатли перспективада юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳисобига иқтисодиётимизни диверсификациялашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириб келаяпмиз”, деган Рустам Азимов.

Ҳукумат маълумотларига таяниб хабар қилинишича, Азимов тилга олган лойиҳалар 2016 йилгача мамлакат ички ялпи маҳсулоти структурасида саноат сектори улушини 2012 йилги 24% ҳамда 2000 йилги 14,2% дан 28 %га етказиш имконини беради.

"Айни пайтда,- дейилади хабарда,- келаси икки йилда саноат ишлаб чиқариши ўсиш суръатининг ўртача йиллик кўрсаткичи 9,3%ни, саноат ишлаб чиқариши умумий ҳажмида пировард тайёр маҳсулот улуши 41%дан 60%га етади".

Келтирилган маълумотлардаги рақамлар, агар “75 миллиард доллар” деган рақамни айтмасак, иқтисодий масалалардан узоқ тингловчи учун тушунарсиздир.

Шунинг учун хабардан пайдо бўлган саволларимизни мутахассисларга бердик.

"Молия вазири баёноти нореалдир"

Ўзбекистон ҳукумати 2 йил ичида 500 лойиҳага 75 миллиард доллар сарфламоқчи экан, тилга олинган пул Ўзбекистон учун нақадар катта?

Сиз Молия вазирининг бу баёнотига ишонасизми?

Бу икки саволимизга биринчи бўлиб ўзбекистонлик иқтисодчи, ҳозирда Европа мамлакатларидан бирида ишлаётган Саодат Нишонова жавоб берди:

- 75 миллиард доллар Ўзбекистон учун катта пул. Умуман, баёнот мазмунига келсак, унга ишониш ё ишонмаслик учун ўша пул қайси манбадан олинишини билиш керак. Хабарда эса, бу ҳақда сўз йўқ. Афтидан чет эл инвестициялари назарда тутилмоқда. Лекин Ўзбекистонда мавжуд чет эл сармояси миқдоридан келиб чиқсак, келтирилган рақам нореалдир. Ички манбаларнинг эса потенциали бунча суммани таъминлай олади, деган фикрдан йироқман. Хабарда “2016 йилгача мамлакат ички ялпи маҳсулоти структурасида саноат сектори улушини 2012 йилги 24% ҳамда 2000 йилги 14,2% дан 28 %га етказилади”, дейилган. Лекин 1998 йилги кўсаткичларни олсангиз, саноат сектори ишлаб чиқариши улуши 2000 йилгига қараганда деярли икки баробарга катта эди. Савол: кўрсаткич нега бу қадар тушиб кетган? Пулни, қарзга олиб ҳам ётқизиш мумкин. Лекин ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш масаласи ҳам бор. Кимга сотамиз уни?

Саодат Нишонова мамлакатдаги инвестицион муҳитнинг соғлом эмаслиги боис Mолия вазири тилга олган 75 миллиард пул ташқи инвестициялардан ҳосил бўлишига ишонмаслигини билдирди. Шунинг учун биз ундан: "Балки бу кўрсаткич мамлакатнинг ички резервларидан ҳосил бўлар?" деб сўрадик. Жавоб бундай бўлди:

- Қайси резервларни айтаяпсиз. Агар Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилаётган пуллар назарда тутилаётган бўлса, балки бу вариантга ишониш мумкин бўлар. Лекин бу ҳолатда ҳам яна инвестицион муҳит масаласи кун тартибига чиқади.

"Ўзбекистоннинг кўп бўлса 5-6 миллиард долларлик имконияти бор"

Иккинчи суҳбатдошимиз – Остонадаги Евроосиё университети доценти, асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев.

Озодлик: 75 миллиард доллар Ўзбекистон учун шу икки йилга катта пулми кичкина пулми?

- Жуда катта пул.

Озодлик: Молия вазирининг баëноти реал эканлигига ишонасизми?

- Гап ишонишда ëки ишонмасликда эмас. Лекин биз Ўзбекистонни ўтган 22 йиллик мустақиллик давридаги инвестициялар ҳажмига қараб кўрадиган бўлсак, энг яхши йилларда 10-12 миллиард доллар атрофида бўлган. Шунинг учун 2014-2015 йиллар 30 миллиард ётқизиш режаси тўғрисида айтилса, реалроқ деган бўлардим. Ўзбекистоннинг шу вақтгача келган тажрибасига таяниб айтаяпман.

Озодлик: 75 миллиарднинг ўрнига 20-30 миллиард 2 йилга деяпсизда...

- Ҳа, 25-30-35 деса ҳақиқатга яқинроқ бўларди. Ҳатто Қозоғистон ҳам унақа мўлжал қўя олмайди. Ҳозир Ўрта Осиëдаги 5 республиканинг 80 фоиз инвестицияси Қозоғистонда. Қозоғистон йилига 20 миллиард режани қўяди. Шуни 18-19 ини бажарса, жуда қувонади.

Озодлик: Рустам Азимов баëнотидаги 75 миллиард доллар бу ташқи инвестициями ëки Ўзбекистоннинг ўзининг пулими - манбалари айтилган эмас. Сизнинг жавобларингиздан ташқи инвестициялар деб тушунилаяпти...

- Тўғри, мен кўпроқ чет эл инвестициясига аҳамият бераяпман. Чунки Ўзбекистоннинг ички инвестиция имкониятлари жуда чекланган.

Озодлик: 75 миллиард доллар Ўзбекистоннинг ўзининг пули бўлиши мумкин эмасми?

- Мумкин эмас. Чунки 50 миллиардлик ялпи ички маҳсулот чиқаради, Ўзбекистон. Чет эл мутахассисларининг баҳоси бу. Аниқ сонни ҳеч ким билмайди. Шу 50 миллиарднинг 25 миллиарди хизматлар. 25 миллиарднинг ярми ишлаб чиқариш. Асосан қишлоқ хўжалигидан, бошқа соҳалардан инвестиция имконияти топиш қийин. Ўзи зўрға ишлаб турган қишлоқ хўжалигидан инвестицион маблағ чиқариб ололмайсиз. Фақат 12 миллиардлик ишлаб чиқаришдан инвестицион маблағ чиқариш мумкин. Кўп бўлса 5-6 миллиард долларлик имконияти бор, - деди иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев.
XS
SM
MD
LG