Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

"Нефтчи" клуби футболчилари ҳам бир кун пахта териб берди


"Нефтчи" футболчиси Павел Смоляченко пахта даласида. (Сурат Санъат Шариповнинг Twitter саҳифасидан олинди)
"Нефтчи" футболчиси Павел Смоляченко пахта даласида. (Сурат Санъат Шариповнинг Twitter саҳифасидан олинди)
7 октябрдан бошлаб Фарғонанинг “Нефтчи” клуби футболчилари пахта теримига жалб қилинди. Клуб аъзоларидан бирининг Озодликка айтишича, далага чиққан 40 кишилик гуруҳ Қўштепа тумани пахта хирмонига 1 тонналик ҳисса қўшган.


Пахтакор футболчилар

Душанба куни “Нефтчи” футбол клуби аъзолари Қўштепа туманидаги “Эрали Сафаров” номли фермер хўжалиги далаларида пахта теришди.

Озодликка исмини очиқламаслик шарти билан гапирган “Нефтчи” клуби футболчиларидан бирига кўра, клубдан жами 40 киши пахта теримига борган.

“20 тача дублёр кейин основадан футболчилар ҳамда фаррошлар, қоровуллар яна бухалтериядан - ҳаммамиз кечгача пахта териб келдик. Жами 1 тоннага яқин пахта тердик. Фарғона телевиденисидан келиб, съёмка қилишди. Бугун “Жараён”да кўрсатади”, дейди “Нефтчи” футболчиси микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, “Нефтчи” клуби футболчилари 8 октябр куни пахта теримига чиқарилмаган.

“Бугун пахтага бормадик. Яна борамизми-йўқми, билмадим. Бу ҳақда айтишмади”, деди футболчи.

Фарғона вилоят футбол федерациясининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, футболчиларнинг пахта теримига чиқарилиши ҳукумат сиёсати билан боғлиқ.

“Биласиз пахта- бу сиёсат. Ҳеч ким бу жараёндан четда қолмаслиги керак. Шу жумладан, футболчилар ҳам. Футболчиларимиз пахтакорларга мадад бўлиш учун ўз хоҳишлари билан боришди. Ҳозирча бир кун. Зарур бўлса, яна боришади”, деди федерация ходими.


“Футболчилар ўрнига ўзимиз пахта тердик”

Қўштепа туман ҳокимлигининг пахта штаби масъулларидан бирининг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, “Нефтчи” футболчиларига 1 тонна пахтани теришда маҳаллий теримчилар ҳам “кўмаклашган”

“Албатта, раҳмат айтамиз футболчиларимизга. Келиб ҳашарчиларга кўмаклашишди. 1 тонна пахта теришди. Лекин уларни қийнаб қўймадик. Футболчилар ўйнашди, кўп вақтини дам олиш билан ўтказишди. Улар ўрнига ўзимиз тердик пахтани (кулади). Еб-ичишини ҳам жойида қилдик. Битта қўй сўйиб, едирдик. Яна келишса бош устига”, дейди пахта штаби ходимларидан бири.

“Нефтчи” футболчилари Қаршида “Насаф” жамоаси билан ўйнаб, 2:0 ҳисобида мағлубиятга учраганидан икки кун ўтиб, пахтага ҳайдалди.

5 октябрь кунги ушбу ўйин Ўзбекистон Олий лигаси мусобақалари доирасида ўтказилди.

“Нефтчи” футболчилари 18 октябр куни ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилади.

Кўринадики, футболчилар бу ўйинга пахта далаларида тайёргарлик қилмоқда. Қўштепа туман ҳокимлигидаги манба ҳам “Футболчиларимиз ўйнашди, биз пахта тердик”, дея ёзғирди.

Футбол агенти Санъат Шарипов Twitter даги ўз саҳифасида “Нефтчи” футболчиларининг пахта теримига чиқарилгани ҳақида суратли-твит эълон қилди.


Суратда “Нефтчи” жамоасининг ярим ҳимоячиси Павел Смоляченко бир сиқим пахтани қўлида ушлаган ҳолда турибди. Лекин футболчининг пахта териш учун зарур бўлган этаги суратда экс этмаган.


"Футболчилар пахтага мажбурий ҳайдалган"

Футбол бўйича ўзбек блоггери Бобомурод Абдуллаевга кўра, футболчиларнинг пахта теримига мажбурий жалб қилиниш ҳолатлари аввал ҳам бир неча бор кузатилган бўлиб, бу аслида хўжакўрсинга қилинади.

- Футболчилар пахтага олиб чиқилади. Лекин улар амалда пахта термайди. "1 тона пахта терди", деб айтилаверади. Футболчилар бировлар терган пахтани сотиб олишади ёки пулини бериб, бировга тердиради. Амалда пахтага чиқдими, чиқди, деган гапни ҳоким эшитса бўлди, - дейди блоггер.

Унга кўра, маҳаллий ҳокимиятларда коллеж ўқувчиси пахтага чиқаяптию нимага энди футболчи чиқмаслиги керак, деган тушунча бор.

- Лекин профессинал нуқтаи назардан бундай қилиниши керак эмас. Футболчи ўзининг ишини қилиши керак. Ўқитувчи ўзининг ишини қилиши керак. Ўқувчи машғулоти билан шуғулланиши керак. Ҳозир футболчиларидан: “Ўз хоҳишинги билан чиқдингми?” деб сўрасангиз, албатта: “Ҳа”, дейди. Лекин чин дилдан гапириладиган бўлса, қайси футболчи пахтага чиқишни хоҳлайди. Менимча, уларни мажбурий олиб чиққан пахтага, - дейди Бобомурод Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG