Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

Самарқандда коллеж ўқувчилари ўқитувчи ўрнига пахта терди


Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежи ўқувчилари гуруҳи номидан Озодликка йўлланган мактубда ўқувчилар ўқитувчилар ўрнига пахта тергани айтилди. Айнан шу коллеж маъмурияти пахта терими аввалида ўқувчилардан далага чиқишга мажбурловчи тилхат ёздириб олгани матбуотга ошкор бўлгач, маҳаллий раҳбарият бу коллеж ўқувчиларини пахтага чиқармаётган эди.



Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежи ўқувчи ва ўқитувчилари гуруҳидан Озодликка келиб тушган мурожаатда коллежнинг биринчи курс талабалари пахтага чиқмаган ўқитувчи ва юқори курс ўқувчилари ўрнига теримга чиқарилгани айтилди.

Ушбу коллеж ўқувчиларидан бирининг Озодликка исми сир қолиши шарти билан сўзлаган қариндошига кўра, биринчи курс талабалари икки якшанба кетма-кет бир кунлик пахта теримига чиқарилган.

- Ўзи ўқитувчилар 10 кунликка чиқишяпти, кейин бир кунликка чиқяпти. Шулар 10-15-20 минг бериб пахтадан қолгандан кейин, уларнинг ўрнига одам сонини тўлдириш учун болаларни чиқаришди, бир кунликка,- деди Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежи ўқувчисининг исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган қариндоши эди.

Аслида коллеж ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилаётгани янгилик эмас. Самарқанд шаҳрининг ўзида ҳам аксар коллеж ўқувчилари нафақат бир кунга, балки ётоққа пахта теримига олиб чиқилгани маълум.

Аммо айнан Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежи ўқувчилари бу йил пахта теримига олиб чиқилмади.

Пахта терими аввалида шу коллеж ўқувчилари раҳбарият уларни пахта теримига мажбурловчи тилхат ёздираётганини хабар қилган ва тилхат нусхасини Озодликка йўллаган эди.

Коллеж раҳбари номига битилган бу тилхатда, жумладан шундай ёзилган эди:

“Мен¸ ...¸ гуруҳ талабаси Республикамизнинг миллий бойлиги бўлган пахта йиғим-теримига қатнашиб, ватаним, халқим, ота-онам олдидаги бурчимни сидқидилдан бажараман. Техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қиламан. Агар мен юқорида кўрсатилган сўзимнинг устидан чиқмасам, курсдан-курсга қолдириш ҳамда қонунда кўрсатилган барча чораларни қўлланишига розиман. Имзо”.

Озодлик мухбирининг мурожаатига жавобан эса айни коллеж маъмурияти бундай тилхат ёздирилаётганини тасдиқлаган эди.

Ушбу коллеж ўқувчиларидан бирининг Озодликка исми сир қолиши шарти билан бу ҳақда маълумот берган қариндошига кўра, ана шу хабар ортидан Самарқанд вилоят ҳокимлиги вакиллари коллежга борган ва ўқувчиларни пахтага чиқармасликни тайинлаган.

- Мен шундай, деб ўйлайман. Кейин ўқитувчилардан ҳам эшитдимки, ўша хабар чиқиб кетгандан кейин ҳокимиятдагилар булар пахтага чиқмасин, деган. Чиқмаётган эди бу коллеж, яна 2 та коллеж Самарқандда пахтага чиқарилмади. Қолганлари ҳаммаси чиқарилган, - деди бу суҳбатдош.

Аммо, исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган бу самарқандликнинг сўзларига кўра, пахта терими ўрталарига бориб коллеж маъмурияти вилоят ҳокимлиги шартини бажариш қийинлашиб қолган.

Озодликка келиб тушган бу мурожаат ортидан яна бир бор боғланган Озодлик мухбирига жавобан коллеж маъмурият ходимидан: “Пахта тугаган, ўқувчилар дарсда, бошқа гапни директоримиздан олинг”, деган жавобни олди.

Озодлик мухбири коллеж ўқувчилари йўллаган мактубда биринчи курс талабаларини пахтага олиб чиққани айтилган ўқитувчига ҳам боғланди.

Ўқитувчи ўқувчиларининг пахтага чиқарилганига оид иддаоларни тўлиқ рад қилди.

“Бизда дарс бўлаяпти, ҳеч қанақа пахта йўқ” деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда маъмурларидан бири.

Аслида талабалардан пахта теримига чиқишга мажбурловчи тилхат олиш амалиëти биргина Самарқанд Ижтимоий иқтисодиёт коллежида эмас¸ балки вилоятдаги бошқа коллежларда ҳам кузатилган эди.

Самарқанддаги суҳбатдошнинг Озодликка айтишича, ҳокимлик аввалига коллежларнинг 2-3 курсларини пахтага йўллаган ва биринчи курсларни дарсда қолдирган.

Аммо шу кунга келиб биринчи курсларни ҳам пахтага йўллашга мажбур қилган коллежлар борлиги айтилди.

- Самарқанддаги иккита медколлеж - Сиёб тиббиёт коллежи ва Сузангарон тиббиёт коллежлари биринчи курслари пахтага олиб чиқиляпти ҳозир. Ўқишдан ҳайдасалсан, деганидан қўрқиб чиқяпти. Катта курслари эса 300 доллап териб пахтадан қолаяпти. Кўпи билан 30 фоизи пул бериб қолса, одам сони камядими?! Шунинг ўрнига биринчи курсларни чиқариб, камомадни тўлдиришаяпти. Бўлмаса, вилоят бўйича биринчи курсдаги болалар пахтага чиқарилмайди, дейишганди, - дейди самарқандлик суҳбатдош.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари гуруҳлари босими остида 2011-2012 йиллар давомида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишдан воз кечишга уринди.

Шунингдек, Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга мувофиқ¸ 18 ëшгача бўлган ўқувчиларнинг меҳнатга мажбурланиши тақиқланган.

Аммо шунга қарамасдан аксар вилоятларда бу йил ҳам Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежларининг 15-16 ёшдан 17-18 ёшгача бўлган ўқувчилари пахта теримига олиб чиқилмоқда.
XS
SM
MD
LG