Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:26

Қирғизистонда миллатлараро муносабатлар нисбатан яхшилангани айтилмоқда


Қирғизистон Стратегик тадқиқотлар миллий институти ўтказган ижтимоий сўровда 1000 нафар қирғизистонлик иштирок этган. Сўралган қирғизларнинг 41 фоизи, русларнинг 41,7 фоизи, ўзбекларнинг 36 фоизи мамлакатда кейинги йилларда кузатилаётган миллий камситишнинг асосий омили иқтисодий ва ижтимоий муаммолар бўлаётганини таъкидлаган.

Қирғизистонда миллатлараро муносабатлар нисбатан яхшилангани айтилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:11 0:00
Бевосита линк


Ижтимоий сўров муаллифларидан бири, тарих фанлари доктори Чолпон Чотаеванинг айтишича, сўровда қатнашганларнинг 49 фоизи миллатлараро муносабатлар “ўртача” даражада эканини белгилаган. Сўралганларнинг 10 фоизи 2010 йилдаги каби миллатлараро низоларнинг такрорланишига сабаб бўлувчи вазият сақланиб қолаётганини айтган.

-Миллатлараро низолар даражаси барча вилоятларда нисбатан пасайди. Шунга қарамай, респондентларнинг кўпчилиги миллатлараро муносабатлар ўртача даражада эканини айтган. Демак, миллатлараро низо келтириб чиқарувчи вазият мутлақо бартараф этилмаган бўлса-да, кескинлик юқори даражада эмас. Ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг асосий қисми вазият янада яхшиланиб кетишига ишонади. Миллатлараро муносабатлар масаласи Ўш ва Жалолободда муаммолироқ, -деди Чолпон Чотаева.

Мутахасислар фикрича, миллатлараро низолар вазиятининг олдини олиш учун ҳукумат энг аввало адолат принципларига амал қилинувчи сиёсат олиб бориши лозим. Оммавий ахборот воситаларининг Ўш ресурс маркази раҳбари Мақсуда Айтиевага кўра, бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилиши керак.

-Низоларнинг олдини олиш юзасидан давлат дастури ишлаб чиқилиши керак, сиёсатчилар бу масалани чуқур таҳлил қилиши шарт. Ҳукумат кадр сиёсатини ошкора олиб бормаётгани ҳам низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда Ўшда миллатлараро вазият ўз қолипига тушиб қолди. Бир қарашда вазият жуда тинч, осойишта. Аммо ҳар бир ўшликнинг қалбида ташвиш ва ўзаро ишонч масаласида иккиланиш бор. Мана шу ҳолат бартараф этилмагунича, низоларга сабаб топилаверади, -деди Мақсуда Айтиева.

2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг бир қатор тадқиқотчилар ижтимоий сўровларни ўтказган эди. Бу сафарги сўров муаллифлари аввалгиларидан фарқли ўлароқ ҳукуматга бир қатор тавсияларни ҳам бердилар. Жумладан, ҳукуматга бошқа миллат вакилларига нисбатан камситувчи ва ҳақорат сўзларни айтган одамлар, миллатлараро муносабатлар масаласида этикага зид келувчи мақолалар ёзган журналистларга нисбатан маъмурий жазо қўллашга рухсат берувчи қонун қабул қилиш тавсия этилган.

2010 йилги Ўш воқеаларида 500 га яқин одам ҳалок бўлган эди. Қирғизистон ҳукумати мазкур воқеа қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида этник концепцияни ишлаб чиққан ва мазкур концепцияни ҳаётга тадбиқ этиш учун 204 миллион сўм маблағ ажратган. Бироқ АҚШ Давлат департаменти дунёдаги инсон ҳуқуқлари масаласига бағишланган сўнгги ҳисоботида Қирғизистондаги миллатлараро вазиятни “оғир” дея баҳолаган эди.

XS
SM
MD
LG