“Пахта-2013” мавсумида Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ одам, жумладан, балоғатга етмаган болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинган. 2013 йилги пахта қурбонлари сони эса 11 кишини ташкил этган. Ўндан ортиқ ҳуқуқ ташкилотлари томонидан ташкил этилган "Пахта кампанияси" ташкилоти баёнотидан мана шундай рақамлар ўрин олди.
Ўзбекистонда 2013 йилги пахта мавсумини мониторинг қилган Халқаро Меҳнат ташкилотининг бунга оид ҳисоботи эълон қилиниши арафасида баёнот билан чиқиш қилган "Пахта кампанияси" (Cotton Campaign) гуруҳи бу йилги пахта мавсумида ҳам фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиёти давом эттирилди, дея билдирди. Ўз атрофига Жамият манфаатлари ҳуқуқлари ҳимоячилари, Америка меҳнат федерацияси ва Ишлаб чиқарувчилар касаба уюшмалари Конгресси каби 15 ташкилотни бирлаштирган "Пахта кампанияси" ташкилоти 27 ноябрда эълон қилган баёнотда мана шу ҳақда айтилади.
Баёнотда ҳукумат терим мавсумида болалар ва катталарни мажбурий меҳнатга жалб қилгани ҳамда Ўзбекистон мажбурий меҳнатга асосланган йирик давлат системаси яратилган мамлакат экани таъкидланган.
Баёнотда айтилишича, ҳар йилгидек жорий мавсумда ҳам пахтанинг асосий терувчилари 15-17 ёшдаги болалар бўлган. Айрим туманларда бошланғич синф ўқувчилари ҳам пахта теришга мажбур қилинган.
“Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш мактабдан ҳайдалиш таҳдиди билан давлат таълим тизими орқали уюштирилган. Давлат ва хусусий секторда ишловчи одамлар иш ўрнини йўқотиб қўйишдан чўчиб, пахта теришга мажбур бўлган. Ҳукумат талабаларни пахта теримига жамоат автобусларида олиб чиққан, уйидан олис бўлган ҳудудларда пахта терган талабалар ва ишчиларга мактаб ёки жамоат бинолари ётоқ қаторида ажратиб берилган. Уларнинг асосий қисми бу ётоқ учун ҳаражатларни ўз ҳисобидан тўлаган ҳолда пахта теришга мажбур бўлган”, дейилади баёнотда.
"Пахта кампанияси" ташкилоти жорий йил пахта терими мавсумида Ўзбекистонда жами 1 миллион одам мажбурий меҳнатга мажбурланганини билдирган. Пахта далаларида 11 одам ўлган.
63 ёшли фермер Турсунали Содиқов Ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан вафот этди. Олти ёшли Амирбек Рахматов эса пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.
"Пахта кампанияси" баёнотида Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини халқаро ҳамжамиятдан яшириш учун фаол ҳаракат қилгани ҳам алоҳида урғуланган.
“Биринчидан, ҳукумат пахта далаларида ишлаётган одамлар ўз ихтиёрлари билан пахта теришга чиққани ҳақида тасаввур пайдо қилишга уринди”...”Бутун мамлакат бўйлаб мактаб ўқувчилари ва маҳаллий аҳолига хорижликлар сўраб қолса пахтани “ихтиёрий тарзда”, “ватанга бўлган муҳаббати” туфайли тераётганини айтиш ҳақида кўрсатма берилди”, дейилади баёнотда.
"Пахта кампанияси" Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани ҳақидаги кузатувларини халқаро жамоатчиликка ошкор этиши мумкин бўлган фаолларга нисбатан таҳдидлар бўлгани, айримлари эса қамалганидан ҳавотир билдирган.
“Ҳукумат мажбурий меҳнат ҳақида тез-тез маълумот тарқатиб турган мустақил журналист Сергей Наумовни ҳибсга олиб, 12 кунга қамади. Бухоро шаҳар жиноят ишлари бўйича суди фермерлар манфаатини ҳимоя қилган ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқовни 4 йилга озодликдан маҳрум қилди. Жиззахда мажбурий меҳнат ҳақида маълумот тўплаётган ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев уй қамоғида сақланмоқда”, деб таъкидланади баёнотда.
Жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертларига пахта теримини кузатишга рухсат берган эди. Ташкилот экспертларининг шу ойдаги йиғинида Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат масаласи муҳокама қилинади. Шундан келиб чиққан ҳолда, "Пахта кампанияси" Халқаро Меҳнат ташкилотини Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат юзасидан мавжуд бўлган барча далилларни чуқур ўрганишга чақирган.