Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:30

Ўшда 10 минг кишилик митинг ўтди


Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мелис Мирзақматов 7 декбарда ўз тарафдорлари митингида нутқ сўзламоқда.
Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мелис Мирзақматов 7 декбарда ўз тарафдорлари митингида нутқ сўзламоқда.

Қирғизистон Бош вазири буйруғи билан ишдан бўшатилган Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов 7 декабрь куни ўз тарафдорлари иштирокида ўтказилган 10 минг кишилик митингда ҳокимиятни қайта ўз қўлига олишини ишонч билан билдирди.

Ўшда бугун бўлиб ўтган митингда 10 минга яқин одам иштирок этди. Уларнинг орасида 10дан ортиқ отлиқлар ҳамда айни пайтда ҳисбда қолаётган Ахматбек Келдибеков тарафдорлари ҳам бор.

Мелис Мирзақматов 2 декабрь куни коррупцияда айбланиб қамоққа олинган парламентнинг собиқ раиси Ахматбек Келдибеков тарафдорлари Ўшда уюштирган митингда сўзга чиқиб, ҳукуматни мухолифатдан ўч олишда айблагган эди. Бугунги митингда Мелис Мирзақматов ўзининг лавозимидан бўшатилишига айнан ўша митингда сўзлаган нутқи сабаб бўлганини айтди:

-Ўтган сафар митингда гапирдинг, ҳокимятни танқид қилиб қўйдинг, бизнинг ўғрилигимизни фош қилиб қўйдинг, деган бахона билан мени ишдан бўшатишди. Сабаби сайлов яқинлаб қолди,- деди Мелис Мирзакматов.



У ўз сўзида давом этар экан, 15 кундан сўнг бўлиб ўтувчи Ўш шаҳар мэри сайловида иштирок этмоқчилигини, сайловда ўзининг “Улуттар биримдиги” партияси “Ўнугу” партияси билан биргаликда иштирок этишини айтди.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, Ўш шаҳар мэрини шаҳар кенгаши сайлайди. Шаҳар кенгашида эса Мирзақматовнинг “Улуттар биримдиги” партиясининг депутатлари кўпчиликни ташкил қилади.


Мелис Мирзакматов Ўш шаҳар мэри лавозимидан 5 декабр куни Қирғизистон Бош вазири Жартўра Сатибалдиев буйруғига биноан бўшатилган.


Бугун бўлиб ўтган митинг иштирокчилари амалдаги Ўш шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Алимжан Байгазаковни гапиртирмадилар. Шундан сўнг Мелис Мирзакматов:

-Менинг қоққан қозиғим ўрнида турсин, менинг сиёсатим ўзгартирилмасин, мен йўқлигимда ер сотиб юборманг, мен йўқлигимда элни сотманг, мен йўқлигимда кўприк қурилишини тўхтатиб қўйманг. У тинчликнинг, улуғ қирғиз бирлигининг кўприги бўлади. Буни буюк ҳисобланг. Хурматли Алимжан Тўпчубаевич, анави ердаги бир ручка хам нари-бери жилмасин. Келиб ўз сиёсатимни давом эттираман, деди Мелис Мирзакматов.


Қирғизистон ҳукумати анчадан бери Мирзақматовни ҳокимиятдан четлатишга уриниб келган. Ўш шаҳрининг собиқ мэри 2010 йили этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги хунрезликни тўхтатиш учун етарли чора кўрмаганликда айбланиб келган.

2010 йил июн воқеаларида 400 дан ортиқ одам, асосан ўзбеклар ҳалок бўлган ва минглаб одам ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.


Ҳукуматнинг Мирзаақматовни ишдан олиш ҳаракатлари, унинг тарафдорлари норозиликлари туфайли шу пайтгача самара бермаётганди.

Мелис Мирзақматов муддати битгани туфайли бу йилдан “шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи” бўлиб қолганди. “Ўш шаҳри мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши бир неча маротаба ортга сурилиши натижасида шаҳар ҳокими сайлови муддати ҳам ноаниқ бўлиб қолаётганди. Яқинда Қирғизистон парламенти бу қонунни қабул қилиб, имзолаш учун президентга юборган.
XS
SM
MD
LG