Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Ўзбекистонда ахлат учун мажбурий тўлов жорий қилинди


Эндиликда қишлоқларга ҳам ахлат йиғувчи машиналар ажратилади.
Эндиликда қишлоқларга ҳам ахлат йиғувчи машиналар ажратилади.

Ўзбекистонда чиқинди учун аҳолига мажбурий тўлов жорий қилиш жараёни бошланди. Ёшидан қатъий назар ҳар бир киши учун 889 сўмдан ойлик чиқинди тўлови белгиланди. Бу тўлов чиқиндиларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатадиган қишлоқ аҳолиси учун ҳам мажбурийдир.



Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи Озодлик манбасига кўра, ўтган ҳафта маҳалла фуқаролар йиғинида йиғилиш ўтказилиб, ҳар бир киши учун 900 сўмдан чиқиндига пул йиғиш жараёни бошлангани маълум қилинган.

“Қўшработ туманида Комхоз аҳоли билан мажбурий шартнома
имзолаяпти. Шартномада кўрсатилишича, ҳар жон бошига ойига
900 сўмдан тўлаш керак. Бизникидан чиқинди чиқмайди. Маҳалламизда ўзи чиқиндихона йўқ. Уйдан чиққан чиқиндилар орасида ёнадигани бўлса, ёқиб исинамиз. Кулини эса огородга ўғит ўрнида соламиз. Ювундиларни уй ҳайвонлари ейди. Умуман уйдан чиқинди чиқмайди. Нафақат биз, маҳалламиздаги барча чиқиндини ўзи ишлатади, десак ҳам комхоздагилар “шартномани имзоламасанг, ҳоким мазангни қочиради”, деб одамларни қўрқитиб ишини битиришаяпти”,
дея хабар қилди исмини очиқламасликни сўраган қўшработлик.

Унинг айтишича, чиқинди тўлови бўйича шартномани имзоламаганларга жарима солиш билан таҳдид ҳам қилинмоқда.

“Агар шартномани имзоласак, кейин кўчамизга чиқинди қутисидан қўйиб, қонуний ишлайсизларми”, десак, “Йўқ, ҳеч нарса ўзгармайди, кўчага мусор чиқармайсизлар”, дейишяпти. “Унда бизга шартноманг керакмас” десак, табиатни муҳофаза қилиш қўмитасидан келиб, отнинг калласидек жарима босармиш ва албатта шартномани имзолатармиш барибир”, дейди қўшработлик манба.

Қўшработ туман Ободонлаштириш бошқармасидаги масъул ходим чиқинди учун жорий қилинган мажбурий тўлов туман ва вилоят ҳокимининг махсус қарорлари асосида амалга оширилаётганини айтди.

“Махсус қарорлар асосида иш олиб бораяпмиз. Ҳар бир жон бошига 889 сўмдан ойлик абонент тўлови белгиланган. Абонент тўловида фуқароларнинг ёши ҳисобга олинмайди. Ҳар бир оиладаги болалар ва катталар учун бирдек 889 сўм”, деди Ободонлаштириш бошқармасининг исмини очиқламаётганимиз масъули.

Масъул ходимга кўра, чиқинди борасидаги мажбурий тўлов нафақат Қўшработ, балки Ўзбекистонннинг барча шаҳар ва қишлоқ аҳолиси учун бирдек тааллуқли бўлиб, бу Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги 315-сонли қарорига асосланган.

“Ўзкоммунхизмат” агентлиги бош идорасидан олинган маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида мамлакатнинг барча ҳудудидаги аҳолига чиқинди учун ойлик абонент тўлови йўлга қўйилади.

Мамлакатдаги ободонлаштириш бошқармаларидан бирининг исмини очиқламаётганимиз масъули чиқиндиларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатадиган қишлоқ аҳолиси томонидан мажбурий тўловга норозиликлар бўлаётганини тан олиб, бу борада аҳоли орасида тушинтириш ишлари олиб борилаётганини билдирди.

- Вазирлар Маҳкамасининг қарорида айтилаяптики, аҳолидан абонент базасини шакллантирасизлар, деган гап бўлаяптида. Ҳақиқатдан ҳам, бизда, қишлоқ жойларида умуман пўчоқ бўладиган бўлса, молга берамиз. Кул бўлса, огородга соламиз. Қоғоз-поғоз бўладиган бўлса, ўчоққа ёқамиз. Лекин шу абонент базасини яратасан, дейилган қарор чиқдида. Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққанидан кейин шу қарор асосида меъёрни чиқариб қўйди. Шу бўйича мажбурмиз, тераяпмиз, йиғаяпмиз. Энди шу қарор бўйича пул тушуми бўлиши керак,- деди Ободонлаштириш бошқармаси масъули.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 315-сонли - “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисидаги” қарорига кўра, 2014-2015 йилларда республика шаҳарлари, туманлар марказлари, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилиши лозим.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, санитария- эпидемология назорати, Ички ишлар бўлими, “Маҳалла” фонди ва яна бир қанча мутасадди ташкилотлар вакилларидан тузилган махсус ишчи гуруҳ шуғулланаяпти.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2014-2015 йилларда мамлакат шаҳарларида қўшимча 1480 та ахлат тўплаш шохобчаси, туман марказларида 2044 та, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларида 49268 та ахлат тўплаш шохобчаси қурилиши лозим.
XS
SM
MD
LG