Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Жалолобод: Қирғинда жабрланган тадбиркордан ёрдам пули қайтариб олинмоқда


Жалолободлик тадбиркор Манзура Умурзақова ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилмоқчи.
Жалолободлик тадбиркор Манзура Умурзақова ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилмоқчи.

: Жалолободда 2010 йилги Ўш воқеаларида жабр кўрган тадбиркорлар учун БМТ Тараққиёт дастури томонидан берилган қайтаримсиз ёрдам пуллари Қирғизистон ҳукумати томонидан қайтариб олинмоқда. Бу борада Озодликка жалолободлик тадбиркор Манзура Умурзақова маълум қилди.

Манзура Умурзақова Жалолобод вилояти Сузоқ туманидаги йирик тадбиркорлардан бири. 2010 йилги Ўш воқеалари чоғида аёлнинг Жалолободдаги “Байэл” бозори ёнида жойлашган сартарошхонаси, чевархонаси, ошхонаси, савдо точкалари ва уйи бутунлай ёниб кетган.

Қирғизистон хукмати томонидан тузилган экспертлар гуруҳи, Манзура опа 2 миллион 640 минг сўм (ўрта ҳисобда 60 минг доллар) зиён кўрганини қайд этган.
Манзура опанинг айтишича, БМТ Тараққиёт дастури томонидан 2010 йилги июнь воқеаларида жабр кўрган кичик тадбиркорлар учун 500 минг доллар миқдорида ёрдам пули келган. Шундан 150 минг доллари Жалолободга, 350 минг доллари Ўшга бўлинган.

Манзура опа орадан 3 йил вақт ўтиб пул қайтарилиши кераклиги тўғрисида турли миш-мишларни эштган. Бироқ шахсан унинг ўзига пулни қайтариш масаласида хеч ким мурожаат қилмаган. 2014 йил бошларида Манзура опа ўзи устидан суд жараёни бўлиб ўтаётганини эшитган:

-Участка милициясига Умурзақова Манзурани ушлаб судга олиб келинсин деб тайинланган экан. Участкавой эса менга телефон ҳам қилмабди, изламабди ҳам. Кейин ўз оёғим билан судга бордим. Борсам ростдан ҳам мени устимдан ўша 70 минг сўм олган қайтаримсиз грант бўйича суд бўлиб, менга қарор чиқай деб қолган экан. Охирги суд жараёнига улгиб қолиб қатнашдим. 10 февраль куни охирги суд бўлди. Қарорини ҳам оҳиригача ўқимадим, бошини ва охирини ўқидим. Худди одам ўлдиргандай 8 вароқ чиқарибди, 98 минг 700дан ортиқроқ мендан пул ундирилиши тўғрисида қарор чиққан,- деди Манзура Умурзакова.

Манзура опанинг айтишича, у суд қароридан норози бўлиб, Миллий хавфсизлик хизмати ва Жалолобод вилоят прокуротурасига ариза берган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.

“Биоценоз N” жамоатч ташкилоти раҳбари Нуридин Жунусовнинг айтишича, 2010 йилги Ўш воқеаларида жабр кўрган тадбиркорларга БМТ Тараққиёт дастури томонидан берилган ёрдам пуллари, жабрланувчиларга 6 ойлик муддатга қайтариб бериш шарти билан берилган:

-Пул келишим асосида 28 одамга берилиши керак эди. Бироқ 12 одамга берилган. У одамлар қайтариб бергач, бошқаларга берилиши керак эди. Навбатда турган бошқа одамлар ёрдам пулини олишолмаябди. У эса қайтармайман деябди. Шунинг асосида мен Умурзақовани судга бердим. Пул қайтаримсиз эмас, биринчи навбатда олган одамларга фоизсиз ёрдам сифатида, 3 йилдан кейин эса фоизи билан берилиши керак эди. Одамлар пул олаётганда БМТ Тараққиёт дастури мутахасислари томонидан ўқитилиб, қайтариб беришга ўз розилигини бериб имзо қўйишган. Бу одамлар 2011 йил пул олган 2012 йили қайтарилиши керак эди, -дер экан Нуриддин Жунусов уни ушбу масалада Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ҳам чақиришганини, у ерга бориб тегишли ҳужжатларни беришини қўшимча қилди.

Маълумотларга кўра, “Биоценоз N” ташкилоти 9 кишидан иборат “Интимак” гуруҳидан 64 минг сўм миқдорида ёрдам пули олган Маданбекова Гулойим исимли аёлни ҳам судга берган.

Ўзларини жабрланувчи сифатида тақдим этаётган тадбиркорлар, шу жумладан, Манзура Умурзақова БМТ Тараққиёт дастури унга ёрдам пулини қайтармаслик имтиёзи билан берганини иддао қилаётир. Бу масалада ёрдам сўраб тадбиркорлар вилоят суди ёки Қирғизистон Олий судига мурожаат қилмоқчилар.
XS
SM
MD
LG