Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Тошкентда Россиянинг мустамлака тарихини кўкка кўтариш ҳаракати бошланди


Николай Константинович Романов
Николай Константинович Романов
Кремлнинг Қримни аннексия қилиши ортидан Россия элчихонаси паноҳи остида Тошкентда ўтказилган тадбирда Туркистон ишғоли пайтида Тошкентда яшаган буюк князь Николай Константинович Романовнинг минтақа тарихидаги "буюк хизматлари" эслатиб қўйилди.

Тошкентдаги Россия Фан ва маданият маркази вакили Линда Кайернинг Озодликка билдиришича¸ суҳбат давомида шахсларнинг тарих ғилдирагига таъсири муҳокама қилинган.

Суҳбатдошга кўра¸ бу тадбир МДҲ бўйича Россия федерал агентлиги (Россотрудничество) тарафидан ташкил қилинган.

Суҳбатда қатнашган Тошкент насроний семинарияси проректори Сергей Стаценко ўз маърузасида Степан Бандеранинг реакцион ва террорчи ғояларни тарқатган салбий шахсият эканлигини таъкидлади.

Тошкентлик ўлкашунос Борис Голендер эса князь Николай Романовнинг Туркистон иқтисоди ва маданиятига ижобий таъсири ҳақида маъруза қилди.

Борис Голендерга кўра¸ Николай Романов Туркистонда Россия қадриятларини жорий қилган ижобий шахсият.

Бу анжуманга асли Қримдан бўлган иқтисодчи Виктор Ивонин ҳам таклиф қилинган.

Виктор Ивонин Озодлик билан суҳбатда украин миллиятчиси Бандера ғояларининг зарарли эканини ўзбеклар ҳам тушуниб етиши учун ва Николай Романов каби рус қадрияти тамсилчиларининг қадрига етиш учун ҳам бундай анжуманлар зарур¸ деган фикрни ëқлашга уринди:

- Қаранг¸ икки шахс тарихий муҳитда қандай ўзини тутди. Масалан¸ Николай Романов боис Чирчиқ шаҳри пайдо бўлди. Чунки у канал қаздириб ўша шаҳарга сув олиб борди. У ижобий шахс эди. Степан Бандера эса ўзининг зарарли ғоялари билан украинлар фикрини заҳарлади. Бандера ғояларининг ëмонлигини Ўзбекистон мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан¸ 1989 йилда ўзбек тили давлат тили бўлганидан кейин Ўзбекистондаги жуда кўп малакали мутахассислар кетиб қолди¸ дейди суҳбатдош.

Россия элчихонаси ҳомийлигида Кремлнинг Қримни аннексия қилгани ортидан ўтказилаëтган бу тадбир “ëмон украин миллатчиси “ ва “яхши рус халоскори” мазмунидаги тарғибот маъракасига ўхшамоқда.

Бу анжуманда айбсизлик презумпцисига зид тарзда украин миллиятчиси Бандеранинг жиноятчига чиқарилгани ҳам Россия матбуотидаги аксилукраина тарғиботнинг давоми сифатида кўрилмоқда.

Россия фан ва маданият маркази вакиласи Линда Кайернинг Озодликка айтишича¸ бу тадбирнинг Украина воқеаларига алоқаси йўқ:

- Бизда бировни қоралаб¸ бошқа бировни оқлаш мақсади йўқ. Мавзу тарихий шахслар. Тадбир бошидаëқ Қрим ҳақида¸ оккупация ҳақида гапирмасликка келишиб олдик. Тадбиримиз ҳамма учун очиқ. Бизнинг президентимиз Владимир Путин айтганлари каби биз мутлақо очиқ ва шаффофмиз¸деди Россия Фан ва маданият маркази вакиласи Линда Кайер.

Тадбир қатнашчиси Виктор Ивонин эса Россиянинг Қримни "халос қилиш сиëсати"ни тарихий мисоллар билан тарғиб қилиниши маъқул эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Тарих институти тадқиқодчиси Равшан Назаровнинг Озодликка айтишича¸ тарихдан тарғибот мақсадида фойдаланиш керак эмас:

- Тарих бу илмдир. Тарихдан тарғибот ëки мустамлака сиëсатини оқлаш мақсадида фойдаланмаслик керак. Николай Романовнинг ҳақиқатда ҳам қилган ижобий ишлари Россиянинг Марказий Осиëдаги мустамлака сиëсатини оқлай олмайди¸ дейди тарихчи.
XS
SM
MD
LG