Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:39

Исми сир қолишини истаган Ўзбекистон Президентига кўра...


Тунов куни Ўзбекистон радиосининг собиқ муҳаррири Назрулло Охунжоновни OzodNazarга таклиф қилдим. Чақирмасам бўлмасди. Ўзбекистон раҳбарияти сиёсати пропагандаси билан 20 йил шуғулланган киши мамлакатдан нима учун қочди? Шуни билгим келди. Жиддий суҳбат бўлди. “Boshlovchining namuncha muomalasi kupol”, деб ҳайрон бўлди бир тингловчи. “Ўктамбек, Сиздан яхшигина терговчи чиқар экан (ҳазил!)” деб ёзди яна бири.

Суҳбатдошим “жиз-биз” устидаги чойхона улфатиммики, у билан “сиз-биз” қилсам? Ҳатто улфатимни ҳам, агар радиосуҳбатга таклиф қилсам, унга ноқулай ва ёқимсиз саволлар бериш менинг хизмат вазифам. Чунки менинг саволларим Сиз тингловчининг саволларидир.

Қолаверса, Назрулло 20 йил “оқ” деб келаётувдию режимни, нега энди бир айланиб “қора”лаб қолди?!

Дунёни бир умр рангин қабул қилиб келганим учун “оқ”у “қора”нинг бу қадар тезлик билан ўрин алмашиши шууримни зўриқтирди: қўполлигим балки шундандир?

Лекин барибир Назруллонинг айтганларига – уни Хавфсизлик хизматига чақиртиришганига, айтилган жойга етиб боргунича “наружка” кузатувида бўлганига, етиб боргач, боласи тенги йигитчалар уни қўрқитганию ҳақоратлаганига ишондим.

Бундан 5-6 йил муқаддам жиззахлик бир аёл билан бир-икки марта гаплашгандим. Бир гал ўзи яшаб турган жойда содир бўлган воқеа тафсилотини айтиб бергани, кейинги гал андижонча “Ёр-ёр” айтиб бергани (яхши овози бор экан) эсимда.

Яна бир гал қўнғироқ қилсам, сўкиб берди. Унутинг бу телефонни, деди. Сизни деб бошимга бало орттирдим, деди.

Бундан 3 – 4 йил муқаддам эшиттиришларимизда Ўзбекистон радиосининг журналисти (Назруллонинг ҳамкасби) қатнашиб турарди. Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини мақтар эди эшиттиришларимизда. Кейин бирдан тўхтатди иштирокни. “Мақтамаям, дейишди”, деди.

Бундан 2 – 3 йил муқаддам Тошкентда фаол талаба ёшлар гуруҳи пайдо бўлганини билдим. Уларнинг етакчиси билан 3 – 4 марта ўзбек ёшлари ҳаётига оид мавзуларда гаплашдик. Сўнгги гал боғланганимда у “Сарвар ака, бошқа телефон қилманг, гаранг қилишди”, деди.

Бундан 2 – 3 ой олдин оғир-босиқ, ҳар бир сўзини аптека тарозисида ўлчаб олганидан сўнггина дилидан тилига чиқарадиган фарғоналик бир тингловчимиз алоқани тўхтатди: “5 йил муқаддам оиламда юз берган фожеани юзимга солишди, қўйинг Сарварбек, мен индамай турай?!”

Бундан 15 – 16 йил йил олдин Ўшда эдим. Ҳам Озодлик мухбири эдим, ҳам маҳаллий ТВда ишлардим. Бир куни бир ҳамкасбим “Сизга салом айтишди. Кўзига қараб юрсин”, дейишди, деди. Тушунтирган бўлди сермаъно ишоралар билан салом кимники эканлигини.

Орадан 1 - 2 ой ўтгач яна келди “салом”. Бу гал салом кетидан “қи.иб юрсин”, деган “тавсия” қўшилди. “Салом”га “салом” қайтарган бўлдим: “Айтинг, қорни очган бўлса БИР НАРСА есин”, дедим.

Яна 1 – 2 ой ўтди. Бошқа бир ҳамкасбим Бозор бошидаги (Ўш) Миродиллонинг кафесига қўшни давлатдан келган бир киши таклиф қилаётганини айтиб қолди.

Кўнглимга келган гап ичимда қолди, ҳамкасбимга индамадим. Ҳа, майли борай, дедим. Бордим. Ўтирибди ўша одам егулик тўла устал ортида. Кўзининг истансаси йўқ. Сўзининг истансаси йўқ. Бир боғдан келди, бир тоғдан. Бир нарсаларни тавсиями, таклифми қилган бўлди. Қўрслик қилиб бердим. Емадим. Еганини заҳар қилдимми – йўқми билмадим, ҳар қалай, хайр-маъзурсиз кетдим-қўйдим.

Салом етказган ҳамкасбим ҳам, истансасиз меҳмоннинг олдига олиб боргани ҳам тирик: айтганларимга гувоҳларим бор, демоқчиманда.

Бундан 2 ҳафта олдин Қашқадарёга қўнғироқ қилдим:

“Фалончи ака, 2 ой илгари ойлик берилмаётганидан шикоят қилувдингиз, беришдими ойликни?”

“Ҳаммаси жойида, ака, ҳаммаси жойида. Бошқа телефон қилманг, ака, илтимос. Бошлиғимиз сизларни эшитарканми, билмадим. Сизлар билан гаплашиб, эртаси ишга чиқсам, гаранг қилди. Илтимос, бошқа телефон қилманг”, деди йигит.

Ора кунда олти марта шикоят келади “Эркин микрофон”мизга. "Қишлоғимизда у йўқ, бу йўқ, бошлиқлар золим" ва ҳоказо, ва ҳоказолар.

“Хўп, майли, қўшмай-чатмай, ҳис-хаяжонга берилмай айтинг, ғийбатини эмас, сифатини айтинг, кейин биз ўрганайлик сизнинг гапга таяниб”, деймиз.

“Йўғ-э! - дейди нариёқдаги одам, - айтганларимни ўз сўзингиз билан айтинг. Фақат исмимни айтманг”. Исмини айтганиям йўқ эди, аслида.

Қарийб 15 йил бўлдики, ўзбекистонлик тингловчиларимиз билан шундай гаплашаман.

Ўзи умуман, Ўзбекистонда ҳеч ким ўзини таништирмайди. Турпшунослик институтига телефон қиласизми, Лавлаги вазирлигигами – фарқи йўқ, трубкани олган одам бироз индамай туради. “Турпшуносликми?” сўрайман. “Нимайди?” “Озодлик”данман, саволим борийди”. Саал соддароқ бўлса, турп нега панг бўлиб қолганини тушунтириб бериши мумкин. Кўпчилик эса содда эмас. “Лавлагидан қанд олинади-а”, деган саволгаям жавоб бермайди. Чунки ҳушёр ҳамма. Ҳамма ҳушёр. Ҳамма огоҳ.

Одамларнинг қўрқишига, соясидан ҳам ҳадиксирашига йиллар давомида кўниб бўлдим. Шу қадар кўндимки, кимдир биров саволларимга жавоб берсаям, гаплашиб бўлгач, исмини сўраш эсимдан чиқиб қолади. Кейин яна боғланаман. Исмини сўрайман. “Қўйинг, мухбир, исмимни айтмай қўяқолинг”.

Одамларнинг қўрқишига шу қадар кўндимки, бу қўрқинч бир ўзбекнинг эмас, бутун инсоният касали, деган фикрга келдим.

Лекин яқинда OzodWiki эшиттириши доирасида википедиячи болалар билан гаплаша бошладиму адашганимни сездим. Қозоғистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик ўзбек болалар билан гаплашдим. Миллатнинг қаймоқ йигитлари. Миллат учун беминнат меҳнат қилаётган фикрли йигитлар.

Биронтаси ҳам исмимни айтманг, демади. Суратини сўрасам, суратини юборди. Бировдан қўрқмади, ҳадик қилмади.

Куни кеча яна бир викичи билан гаплашдим. Бу гал фарғоналик эди суҳбатдошим.

Бир викичимиз OzodWiki номидан у йигит билан икки ҳафта “музокара олиб борди”. “Оддийгина суҳбат бўлади, сиёсатга аралаштиришмайди, ўзинг ҳақингда айтиб берасан, холос...”

Охири кўнди фарғоналик йигит. Гаплашдим. Энг кичик боламдан кичик бола. Эсли бола. Илмли бола. Ҳавас қилдим унга.

Исмингизни айтинг, дедим.

"Қўйинг, ака, исмимни айтмай қўяқолай..."

Нима учун қўшни Қозоғистоннинг, Тожикистоннинг, Қирғизистоннинг ўзбеги қўрқмайдию Ўзбекистоннинг ўзбеги қўрқади?

Шуни ўйлаб туни билан ухламай чиқдим.

Ҳар йили бир марта Президентни ўйнатадиган шаҳрихонлик йигитнинг қўшиғидаги битта сўзни ўзгартириб, туни билан хиргойи қилиб чиқдим:

Миллатимни қучиб, йиғлагим келди...
XS
SM
MD
LG