Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Каримов иқтисодни “бошқариш” учун бутун жавобгарликни Мирзиëевга юклади


Президент Ислом Каримов ва Бош вазир Шавкат Мирзиëев.
Президент Ислом Каримов ва Бош вазир Шавкат Мирзиëев.
17 апрель куни Ўзбекистон президенти ўзи ташаббус билан чиққан конституциявий ўзгартишларни маъқуллади ва мамлакат асосий қонуни яна бир таҳрирга учради. Янги таҳрирдаги конституцияда Бош вазир энди “иқтисоднинг самарали ишлашини таъминлаш” ўрнига¸ мамлакатда “самарали иқтисодий¸ ижтимоий¸ молиявий¸ пул-кредит сиëсати юрғизиш учун шахсан жавобгар”дир.

Президент ўз ташаббусини қонунга айлантирди

Ўзбекистон Олий Мажлисининг ҳар иккала палатаси биринчи муҳокамадаëқ якдиллик билан маъқуллаган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддалар)ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ”ги қонун 17 апрель куни президент томонидан имзоланиб¸ маҳаллий матбуотда эълон қилиниши билан¸ қонун кучига кирди.

Ўзбекистон асосий қонунига киритилган навбатдаги ўзгартиш¸ Ислом Каримов 2011 йил ноябрида Олий Мажлисга тақдим этган “аратилган туб ислоҳотлар” давомида сифатида талқин этилмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон конституциясининг 98-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра¸ мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий сиëсат учун масъулият ва жавобгарлик тўлиғича Вазирлар Маҳкамаси ва шахсан Бош вазирга юклатилди. Ўзгарган конституция матнига кўра¸ Ўзбекистон иқтисодининг барча соҳасини бошқариш ва бу бошқарувга¸ президентнинг дахли йўқ ва бу соҳа тўлиғича Бош вазир ваколати ҳудудидир.

Айни пайтда¸ парламентда кўпчилик ўринни эгаллаган сиëсий партия томонидан тақдим этиладиган Бош вазир номзодини пировардида қабул қилиш-қилмаслик¸ Вазирлар Маҳкамаси таркибини тасдиқлаш ваколати президентда қолдирилди.

Иқтисод учун сарҳисобни Мирзиëевдан сўраймиз. Эплолмаса¸ ишончсизлик билдирамиз...

98-модддага киритилган ўзгартишларга мувофиқ¸ бундан сўнг Бош вазир мамлакат Олий мажлисига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаëтининг муҳим масалалари юзасидан йиллик ҳисобот тақдим этади.

Айни пайтда¸ Олий Мажлис ваколатларига киритилган ўзгартишга кўра¸ Ўзбекистон парламенти Бош вазир ўзига юкланган масъулиятни адо эта олмаган тақдирда¸ унга ишончсизлик билдириш ҳаққига эга бўлди.

Президент Ўзбекистонни порлоқ қилмоқда

Мазкур ўзгартишлар Олий Мажлис палаталари муҳокамасига қўйилган кунларда уни шарҳлаган Сенат қошидаги Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова бу ташаббус Ўзбекистон тараққиëтидаги янги босқич бўлишини таъкидлаган эди:

- Бу демократлаштиришнинг кейинги қадами. Фуқаролик жамиятини қуришнинг кейинги қадами. “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига” тамойилига асосан биз ўзбек модели орқали давлат қурилишини¸ жамият қурилишини барпо этаëтган эканмиз¸ давлат раҳбари ташаббусини қувватламаган одамни мен ўзим тушунмайман. Албатта¸ буни қувватлаш керак¸ чунки бу ташаббус¸ албатта¸ давлат¸ жамият¸ ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг келажагини порлоқ қилади¸ деган эди Олий Мажлис Сенатори Светлана Ортиқова.

Президент ташаббуси билан ўзгартирилган конституция моддалари ичида 98-моддадан ташқари “Сиëсий ҳуқуқлар” деб номланган VIII бобининг 32-моддаси¸“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси” деб номланган XVIII бобнинг 78-моддаси¸“Ўзбекистон Республикасининг Президенти” деб номланган XIX бобнинг 93-моддаси¸ “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари” деб номланган XXI бобнинг 103 моддаси ва ниҳоят “Сайлов тизими” деб номланган XXIII бобнинг 117-моддаси бор.

Кучайган Бош вазир ҳисоб беради

17 апрель куни Бош вазир масъулиятининг оширишга оид ташаббус конституцияга муҳрлангани эртасига Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëевнинг Вазирлар Маҳкамасида ўтадиган 2014 йилнинг биринчи чораги давомида мамлакатдаги иқтисодий вазиятга бағишланган мажлисга раислик қилиши режаланган.

Бу мажлисда "ваколатлари ошиб¸ ўзбек иқтисодининг бош бошқарувчисига" айлантирилган Шавкат Мирзиëевнинг Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳвол¸ хусусан¸ энергетик бўҳрон¸ инфляциянинг кучайиб¸ нарх-навонинг кескин ошиб бораëтгани¸ давлат секторида иш ҳақлари бериш борасида сурункали тус олган узилишлар ва бюджетнинг қуриб қолгани ҳақида лом-мим демаслиги кутилмоқда.

Бунинг ўрнига¸ Вазирлар Маҳкамасидаги мажлиснинг оммавий ахборот воситаларига бериладиган хулосасидан Ўзбекистон иқтисодининг юқори суръатлар билан ўсиб бораëтгани ва бюджет профицити ҳақидаги алвон баëнотларнинг ўрин олиши тахмин этилмоқда.
XS
SM
MD
LG