Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:25

Блог: Пиллахонами ёки ётоқхона?


Чироқчи туманининг Еттитом қишлоғида "намунали" президент уйлари сингари кўринишда қурилган таши ялтироқ, ичи қалтироқ икки қаватли пиллахонада бир йилда бор-йўғи 5 кило пилла етиштирилди, деб ёзади Озодлик радиосига ўз блогини йўллаган муштарийлардан бири.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида пиллачилик ҳам энг оқсоқ ва ислоҳатталаб соҳалардан биридир. Постсовет даврида республика пахта хом ашё базаси бўлиш билан бирга пилланинг ҳам асосий қисмини етказиб берган.

Хўжаликларга режа бўйича берилган ипак қурти шу хўжалик аъзоларига бўлиб берилган. Пиллакор қуртни ўз уйида, меҳмонхонасида бўлса ҳам парвариш қилган. Бунинг учун қурт боқувчига ойлик иш ҳақи, иситиш учун кўмир, ўтин, сўри ясашга ёғоч ёки металл ҳамда топширган пилласи учун ҳақ тўланган.

Пиллага сортлар бўйича ҳақ тўлаш жорий этилган. Пиллачи ўз маҳсулотини қанча юқори сортларга топширса, шунча кўп ҳақ олган. Шунингдек, ипак қурти озуқаси бўлмиш тут дарахтлари ҳам пилла боқувчилар ўртасида қурт миқдорига қараб тақсимланган. Тут плантациялари узлуксиз парваришланиб, кўпайтириб турилган. Қурт боқувчи тут дарахти баргларини қуртга берса, тут шохчаларидан ўчоққа ўтин сифатида фойдаланган.

Мутахассислар бир қути қуртни боқиш учун ишлатиладиган тут дарахти шохчалари ўртаҳол хонадонни бир қишда бемалол исиниб чиқиши учун етарли деб айтадилар. Далаларга, йўл четларига қатор қилиб экилган бу тут дарахтлари баҳорда бир кесилиб, йилнинг қолган фаслларида эса экологик зийнат ҳамда экинларни шамоллардан ҳимояловчи иҳота вазифасини ўтаган.

Мустаққиллик йилларида ушбу плантацияларга ҳам қирон келди. Ўтин, газ, свет йўқлиги важидан кўплаб тут дарахтлари кесилиб ёқиб юборилди. Ипак қурти боқиш, талаб ва режалар деҳқон фермерларга мерос бўлиб ўтди. Лекин пилла аввалгидек давлат монополияси бўлиб қолаверди.

Пиллачининг моддий манфаатдорлиги умуман йўққа чиқди. Бекор юргандан кўра ҳар ҳолда ўтинли бўлиш орзусида бўлган қурт боқувчиларга 1 қоп унми ё 5-10 кило оқ ёғ билан иш ҳақи бериш удумга айланди.

Эндиликда ҳукумат қатор йилардан бери бош оғриғи бўлиб келаётган бу соҳада ўзгаришлар қилишга уриниб қелмоқда. Бундан 2-3 йил муқаддам республиканинг кўплаб қишлоқ туманларида мавжуд пахта тозалаш заводлари маблағлари ҳисобидан миллиардлаб пуллар ҳисобига замонавий "намунали" президент уйлари сингари кўринишга эга бўлган пиллахоналар курилди.

Яқинда хизмат сафари билан Чироқчи туманининг Еттитом қишлоғида бўлганимизда, пахта қабул қилиш пункти ҳудудида қурилган ана шундай муҳташам қўшқаватли бинога кўзимиз тушди.

- Пиллахона,- дейишди маҳаллий ҳамкасблар.- Ўтган йили қуриб ишга туширишди, азаматлар. Азаматлар деганимни сабаби бу бино усти ялтироғу ичи қалтироқ. Унда умуман иситиш, сув таъминоти ва канализация тармоқлар йўқ. Ахир пиллахоналар маълум температурада иситилиши, шамоллатилиши, ишловчилар учун барча шароитлар бўлиши керак-ку.

Албатта, бу биноларни қуриш учун озмунча маблағ сарфланмаган. Меҳнатга чет эллардагидек муносабат, шароит ва манфаатдорлик бўлганда эди бу ерда тонналаб пилла етиштирса бўларди. Лекин ўтган йили еттитомлик пиллакорлар шундай бинода бор-йўғи 5 кило пилла етиштиришибди, қойилай, қандингни ур.

Суҳбатда бўлганимиз Тоир исмли (исмини ўзгартирдик) йигит шундай дейди:

-Ўтган йили шу пиллахонада 5 ой ишладим. Бинони қурт боқишга тайёрлашдан то қурт чиқиндиларидан тозалашгача. Ишга кирган вақтим бир марта 30 минг сўм беришди. Хоналар совуқ бўлгани сабабли қуртни ҳаммаси ўлиб кетди. Кейинги ойлар учун 1 тийин ҳам беришмади. Бу йил шу пиллахона ёнидан яна шундай катталикдаги янги бино қурилмоқда. Энди ишламоқчи эмасман. Россияга кетсамми деяпман. Биз қилган меҳнатимизга кўйдик. Лекин давлат куйган эмас. Пиллахона пилла топширмаса ҳам у пахтага ишлаш учун келган ҳашарчиларга ётоҳхона вазифасини ўтаяпти.

Пилла мавсуми тугаши биланоқ, бу ер фермерларга ёрдам учун юборилган ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа соҳа вакилларининг ётоқхонасига айланади. Ўтган пахта мавсумида бу ерда 250 нафар ҳашарчи ётиб пахта терди. Тез-тез вилоят ва туман марказидан санъаткорлар келиб турди.

Қаловини топсанг қор ёнар дейди доно халқимиз. Чироқчи туманининг асосий пахтаси ва ғалласини берувчи собиқ Кўкдала, Чиял, Ф. Хўжаев, Яссавий, Наврўз, Д. Сафаров, Бешчашма хўжаликлари учун ўрталик жойда бунёд этилган бу бино аслида пиллахонами ёки мажбурий меҳнатга жалб этилганлар ётоқхонасими деган саволга жавоб топгандай бўлдик. Йўқса туманда ипак қурти боқиш ишига бу йил ҳам ҳар йилгидек ўқитувчилар ва бошқа соҳа вакиллари мажбурланмаган бўларди.
------------------------------------------------------------------------------------------------
Habar, foto va videoni Ozodlik radiosiga +420724971539 WhatsApp, Telegram raqamiga yuboring!

Jonli efirlarimizda qatnashmoqchi bo'lsangiz har Dushanba va Chorchanba kunlari Toshkent vaqti bilan 19:00 dan boshlab ozodovoz, ozodlikonline va ozodskype Skype manzillariga qo'ng'iroq qiling!

60 yildan beri habarchilik qilayotgan Ozodlik radiosi shaxsingiz sir qolishini kafolatlaydi.
XS
SM
MD
LG