Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:54

Назарбоев туркий тилли давлатларнинг дунë телеканалини очмоқчи


Қозоғистон президенти Бодрум саммити доирасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан ҳам учрашди.
Қозоғистон президенти Бодрум саммити доирасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан ҳам учрашди.
5 июнь куни Туркиянинг Бодрум шаҳрида туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг тўртинчи саммити бўлиб ўтди. Унда нутқ сўзлаган Қозоғистон президенти туркий дунë эътиборини халқаро майдонда ошириш учун инглиз¸ рус ва турк тилидаги кўрсатувларни сунъий йўлдош орқали намойиш этувчи қўшма телеканал очиш эҳтиëжини тилга олди.

“Агар биз Al-Jazeera ëки BBC каби дунë телеканали ярата олсак¸ бу туркийлар меросини ташвиқ қилишда жуда катта ижобий роль ўйнаган бўларди”¸ деди жумладан Қозоғистон раҳбари.

5 июнь куни расмий мажлисини ўтказган туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг навбатдаги йиғини¸ асосан¸ сайëҳлик бизнесини қўллаб-қувватлаш истиқболига бағишланди.

Озарбайжон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸Туркия ва Туркманистон президентлари туркий тилли давлатлар маданияти ва меросини халқаро майдонда ëйишнинг асосий йўлларидан бири айнан сайëҳлар учун қулай имкон яратиш орқали¸ уларни ўз юртларига кўпроқ жалб этиш эканини таъкидладилар.

“Туркий дунëга кўпроқ сайëҳ жалб этишимиз лозим. Биргина жорий йилда биргина Хитой сайëҳлари сони 100 миллиондан ошди. Хитой сайëҳлари дам олишга 102 миллиард доллар сарфлади. Прогнозларга кўра¸ бу рақам келаси 10 йил ичида икки бараварга ошади. Шундан келиб чиққан ҳолда¸ биз иқтисоднинг бу секторини биргаликда ривожлантиришимиз керак”¸ деди Остона раҳбари Бодрумдаги чиқишида.

Турк давлатларидаги гўзал табиат ва қадим обидалар сайëҳликни ривожлантириш учун муҳим омил эканини таъкидлаган Назарбоевга кўра¸ “Туркийлар кенгаши – замонавий Ипак йўли” номли муштарак турпакет устида иш бошлангани ва туркий тилли давлатлар ўртасида сайëҳлик соҳасини биргаликда ривожлантиришни мақсад қилган маърифий дастур ва бу сектор ходимлари малакасини ошириш лойиҳалари борасида келишувга эришилган.

Айтилишича¸ Бодрум саммити иштирокчилари ўз мамлакати ëшларига Кенгашга аъзо давлат университетларида бемалол ўқиш имконини яратиш ва шу орқали бу давлатлардаги вазият ва улар расмий тилини яхши билувчи кадрлар тайëрлаш борасида ҳам фикр алмашган.

Бодрум саммитида¸ туркий тилли давлатлардан фақат бири – Ўзбекистон раҳбари иштирок этмади.

Президент Каримов 1995 йилдан бери туркий тилли давлат раҳбарлари учрашувларида қатнашмай келмоқда.

1992 йилда Туркиянинг ўшандаги президенти Турғут Ўзал ташаббуси билан бошланган туркий тилли давлат раҳбарларининг хос саммитлари баробарида Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясига ҳам қўшилмай келаëтир.

Ўзбекистон ҳукуматининг туркий тилли давлатлар даврасидан яккаланиб қолаëтгани¸ мустақил шарҳловчилар назарида¸ Ислом Каримовнинг Туркиядан узоқлашуви билан боғлиқ ва бундай бойкот мамлакат миллий манфаатларига хизмат қилмайди.

Туркий тилли давлатлар Кенгашининг Бодрумда ниҳоясига етган 4- саммитида кенгашга президентлик қилиш навбати Қозоғистонга ўтди.

Бу эса¸ яқин ойлар ичида кенгаш президенти сифатида Нурсултон Назарбоевнинг ўзи Бодрумда ўртага ташлаган таклиф ва лойиҳаларни амалга оширишга киришиш¸ хусусан¸ дунëга туркийлар ҳаëт ва маданиятидан ҳикоя қилувчи янги телеканал таъсис этиши учун берилган қулай имкон бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG