Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:35

"Маҳшар туни Муғаннийнинг жони талаш-талашдур"


Муғаннийнинг сўнгги китоби у дафн этилганидан бир кун ўтгач китобхонлар қўлига етиб борди.
Муғаннийнинг сўнгги китоби у дафн этилганидан бир кун ўтгач китобхонлар қўлига етиб борди.

"Шоир билан суҳбат" рукнидаги навбатдаги дастуримиз ўзбек оламида хасос ва ориф шиор сифатида танилган ҳамда Муғанний тахаллуси билан ижод қилган Ғанижон Холматов хотирасига бағишланади. Муғанний шу йилнинг 9 июнида сўнгги манзилга кузатилди. Унинг Шерали Жўраев ва бошқа ўнлаб санъаткорлар томонидан куйга солинган шеърлари ўзбекнинг ҳар бир хонадонига кириб борган.

“Шоир билан суҳбат” деб номланган дастуримиз икки йил олдин Муҳаммад Солиҳ билан бошланиб, Авлиёхон Эшон суҳбати ортидан якун топган эди. Бу дастур доирасида ўндан ортиқ шоирлар билан суҳбатлашган эдик. Афсуски, икки йиллик танафуссдан сўнг бошланган “Шоир билан суҳбат” дастуринигнг иккинчи мавсумида биз бугун бевосита шоир билан суҳбатлаша олмаймиз, аксинча, шоир ҳақида суҳбатлашамиз. Менинг бугунги суҳбатдошларим ўшлик таниқли ижодкорлар Даврон Ҳотам ва Раҳимжон Али.

Суҳбатимиз аввалида Муғанний - Ғанижон холматовнинг ҳаёт йўли ҳақида қисқача гапириб ўтсак. Ғанижон Холматов 1949 йил 5 февралида Ўшда таваллуд топганди. 1966 йили ўрта мактабни битиргач, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга кирган. 1970 йили Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театрига ишга кирган ва 2007 йилгача бу даргоҳда актёр, режиссёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган.

Муғаннийнинг “Суянганим тор бўлди”, 2 китобдан иборат “Юз пора дил”, “Сен кетдинг аста-аста”, “Қазо дарслари” каби китоблари ёруғ кўрган. Шоир “Юз пора дил”нинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи китоблари, 500 ғазални жамлаган “Арузий армонлар” номли девон, “Руҳнинг кўз ёшлари”, “Қазо дарслари”нинг иккинчи жилдини нашрга тайёрлаб қўйганди. Шунингдек, унинг “Куйдан куёв кутган қиз” деган қўшиқлар тўплами ҳам чоп этиш учун тайёр эди.

Шоир шеърларига басталанган қўшиқларни Шерали Жўраев, Хайрулло Лутфуллаев, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев каби ўнлаб санъаткорлар ижро этган. Ғанижон Холматов 2014 йилнинг 8 июнида вафот этди ва 9 июнь куни дафн этилди.
Шоир билан суҳбат: Ғанижон Холматов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:05 0:00
Бевосита линк

Муғанний ижодидан намуналар

Ухласаму Қиёматнинг тўлқинида уйғонсам,
Кўз очолмай Нур жамолин ёлқинида уйғонсам.

Муҳаббатнинг чўнг тошига битик битган санамнинг
Кокулларин минг асрли салқинида уйғонсам.

Пешонамнинг шўрликларин Салсабилда юварман,
Сувга келган ҳурқизларнинг шовқинида уйғонсам.

Карбало хасга дўнган телба кўнгул бир ўзим,
Чўкмасмидим Нуҳ Бобомнинг тошқинида уйғонсам?

Менга биҳишт боғларида сафолардан самар йўқ,
Ул париваш орзуларин жўшқинида уйғонсам.

Кўкка кўчган гўзалларга одатлари ошнодур,
Қайга қочай чўлпонларин чопқинида уйғонсам?

Маҳшар туни Муғаннийнинг жони талаш-талашдур
Ёзилмаган ғазалларин талқинида уйғонсам.
01.02.2002.

Излайди

Маҳшар туни карвонлар сарбонини излайди,
Дарвозаси тиллодан дарбонини излайди.

Нечук ёрни изламай, тополмасам бўзламай,
Ташлаб кетган беглар ҳам султонини излайди.

Ҳайратларим тутолмай, тикон симдан ўтолмай,
Темур бобо беш пора Туронини излайди.

Улуғбек юлдузтарош, елкасида олтин бош,
Падаркушлар боқмаган осмонини излайди.

Машраб дорин излайди, куйган орин излайди,
Ҳайём майин тополмай, хумдонини излайди.

Мажнун ҳушин топганми, кўрган тушин топганми,
Лайлига ҳуш боқмайди, чандонини излайди.

Ҳеч ишга ажабланма, беҳуда азобланма,
Эллик йиллик ёринг ҳам армонини излайди.

Ҳамон аҳли донолар, ҳар сўзи минг маънолар,
Ҳикмат суви қайнаган қумғонини излайди.

Суякфуруш қассоблар, судхўр, ўғри каззоблар,
Ҳақ ҳукмидан қутилмоқ имконини излайди.

Тавба қабул бўлмайди, ҳеч ким қайта ўлмайди,
Миннат аҳли топилмас эҳсонини излайди.

Тангрига арз этгали, золимни қарз этгали,
Диндор дўстим ўтирган зиндонини излайди.

Золим шоҳни куйлаган, муздига пул чийлаган -
Шоир оғам йўқолган иймонини излайди.

Маҳшарда ҳам тийилмас, виждонига чий илмас -
Муғанний ёзолмаган достонини излайди.
XS
SM
MD
LG