Қўнғиротбой Оллониëзов (расмий ҳужжатларда Коныратбай Алланиязов)нинг қамоқда ўлгани ҳақидаги ҳабарни тарқатган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Надежда Отаеванинг айтишича¸ марҳумнинг яқинларига бу ҳақда гапирмаслик мажбурияти юкланган:
- Марҳумнинг яқинлари ўлим хабарини бошқаларга айтмаслик ҳақида огоҳлантирилган. Шу боис март ойида ўлган Оллониëзов ҳақидаги хабар энди бизга етиб келди, дейди Отаева.
Отаевага кўра¸ қорақалпоғистонлик бу фаол сиëсий қарашларига кўра тазйиқ қилинган:
- Оллониëзов 1990 йилдан бошлаб Қорақалпоғистондаги “Халык мыпы” норасмий ҳаракатида иштирок этиб ўз сафдошлари Марат Аралбаев ва Марат Нурмуҳаммедов билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси конституцисига Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистондан ажралиш ҳуқуқи ҳақидаги моддани киритиш учун ташаббускор бўлишган. Пировардида бу таклиф Ўзбекистон конституциясининг 74-моддасидан ўрин олди. Аммо шундан кейин Тахиятош ëғочни қайта ишлаш комбинати директори бўлган Оллониëзовни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 273 -моддаси¸ яъни гиëҳванд моддаларни сақлашда айблаб 12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилишган. Оллониëзов бу муддатни деярли ўтаб бўлган пайтда қамоқда ўлди¸ дейди Надежда Отаева.
Сиëсий фаол Оллониëзовнинг қамоқда ўлганлигини ҳозир Қозоғистонда истиқомат қилаëтган ва хавфсизлик мақсадида ўз исми ошкор бўлишини истамаган фаол ҳам тасдиқлади.
Надежда Отаевадан фарқли ўлароқ¸ Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспоараси фаоли бўлган бу суҳбатдош Оллониëзовни қамоқда ўлдирилганини иддао қилди.
Бошқа манбалар тасдиқламаган бу иддаога кўра¸ Оллониëзов Қорақалпоғистонни Ўзбекистондан ажратиш ғоясини тарғиб қилгани учун Ўзбекистон ҳукумати тарафидан ўлдирилган.
Суҳбатдош иддаосига кўра¸ Алланиëзов қамоқда ўлган биринчи қорақалпоқ фаоли эмас.
Қорақалпоғистондаги вазиятни ўрганаëтган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Надежда Отаеванинг айтишича¸ ўтган йили Ўзбекистон қамоқхоналарида камида иккита қорақалпоқ фаолининг ўлганига оид ҳужжатлар бор.
Улардан бири 49 яшар чимбойлик математика муаллими¸ Отаева таъкидича¸ Абдуғаний Идрисов сўроқ қилинаëтган пайтда ҳушидан кетиб ўлган.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ўзининг ишончли манбасига таяниб, Идрисов тергов жараёнида қийноққа солингани пайтида ўлгани ва марҳумнинг жасади 2013 йил 14 февраль куни унинг Чимбой туманидаги яқинларига берилганини айтади.
Отаеванинг айтишича¸ математика муаллими Идрисов 2012 йилда гиëҳванд модда сақлаш ва пора олишда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Айблов ҳужжатларида Идрисов меҳмонга борганида суяниб ўтирган ëстиқ ичидан гиëҳванд модда топилгани айтилади.
Отаева эса Идрисов ўз сиëсий қарашлари учун қурбон бўлди¸ деган иддаони илгари суради.
Ўтган асрнинг 90-йилларидаги ошкоралик пайтида сиëсий майдонга чиққан 62 яшар Мақсат Исметовнинг ҳам 2013 йил 6 март куни қамоқдан ўлиги келгани айтилади.
Қозоғистонда истиқомат қилаëтган ва хавфсизлик мақсадида ўз исми ошкор бўлишини истамаган фаолнинг Озодликка айтишича¸ Мақсат Исметов 2010 йилнинг 17 ноябрида Чимбой туманида ғалаëн уюштирганликда айбланиб қамоққа олинган.
Суҳбатдошга кўра¸ 2010 йилнинг 17 ноябрида Чимбойдаги ëғ заводининг 300 ишчиси иқтисодий талаблар билан чиқиб кўчани ëпиб қўйишган.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Надежда Отаеванинг айтишича¸ қамоқдан ўлиги келган Мақсат Исметовнинг Нукус прокурори бўлиб ишлаб келган укаси Арслон Исметов ҳам 2010 йилда қамоққа олинган.
Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги Аламли бобо масжидининг собиқ имоми Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг ўз саҳифасида ëзишича ¸ 2010 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Олий совети - Жокаргы Кенеси депутатлари¸ зиëли ва раҳбар ҳодимларидан ўнлаб киши уйдирма айблар билан қамалган.
Қозоғистонда истиқомат қилаëтган қорақалпоқ фаолининг айтишича¸ Украина воқеаларидан таъсирланган баъзи қорақалпоқ талабаларида Ўзбекистондан ажралиш кайфияти мавжуд. Айни пайтда бу кайфиятни бирор бир тарзда ошкор қилганлар Ўзбекистонда қаттиқ жазоланмоқда¸ дейди суҳбатдош.