Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Муҳожирлар қайтиши олдидан Россиядан Ўзбекистонга авиачипта қимматлади


Россия-Ўзбекистон йўналиши бўйича парвозларни амалга оширувчи ширкатлар чипта нархини бир неча баробарга кўтарди. Ҳозир Петербургдан Ўзбекистоннинг исталган шаҳарига учиш учун энг арзон чипта нархи 550 АҚШ долларидан ошди. Авиаширкатлар нарх ошишини уйга қайтаётган муҳожир кўпайгани билан изоҳламоқда.

Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербургдан Озодликка мурожаат қилган Жасурбек охирги бир ҳафтада Ўзбекистонга парвоз қилаётган учоқларга сотилаётган чипта нархи май ойидан буён қарийб 4 баробарга ошганини гапирди.

- Бухорога учмоқчи эдим. Авиакассага борсам “Билет 18-19 минг рубль”, деб айтяпти. Интернетда кўрсам ҳам шу аҳвол – нархлар ошиб кетган. Бу нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Май ойида 4 минг 800 – 5 минг 200 рубль эди Бухоро, Тошкентга учиш. Ҳозир 4 баробар ошган! Ортга қайтиш мумкин арзонроқ. Бир касса ёнидаги боладан сўрасам, ҳозир шу нарх, дейишдан берига ўтмади. Питердан автобус юрмайди, фақат Москвадан. Поездда боришга 4 кун вақт кетади. Билмадим, бугун борсам 20 минг сўраса керак, - дейди Жасурбек.

Петербургда меҳнат қилаётган бу муҳожир йигитнинг айтишича, ўтган йили шу вақтда у авиачипталарни 12 минг рублга сотиб олган.

Россия-Ўзбекистон йўналиши бўйича Домодедово аэропортида авиачипталарни сотиш билан шуғулланаётган Анатолий исмли ширкат вакили Озодликка жавобан бу маълумотни тасдиқлаб, ҳозир Москвадан Ўзбекистонга парвоз қилаётган рейсларга авиачипталар нархи ҳам кун сайин ошиб бораётганини маълум қилди.

- Яқин кунларда Москвадан тўғридан-тўғри Тошкентга учадиган учоқларга чипта йўқ. Йўлда учоқ алмаштиришга тўғри келади ва униннг нархи ҳам 20 минг 218 рубль.

Одамлар уйига қайтяпти ўхшайди, шунга нархлар кескин оширилди, - дейди нарх ошишини талаб ва таклиф мутаносиблигига йўйган Москвадаги авиачипта сотувчи компания вакили.

Суҳбатдош, шунга қарамасдан, Тошкентдан Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарлари йўналиши бўйича авиачипта нархлари ошмагани, масалан, Тошкент-Москвага келгуси икки ҳафта ичида бориш-келиш 29 минг рублдан ошишини айтди.

Озодлик суҳбатлашган Россиядаги аксар меҳнат муҳожирлари авиайўналишлар нархи кескин ошиши ортидан, одатдагидек, Ўзбекистонга поезд, автобус ва автомобилда кетаётганлар сони кўпайишини маълум қилди.

Москва-Тошкент йўналиши бўйича кетаётган автобус эгаларидан бири эса “максимал қулайликлар билан” ва “қозоқ чегарасидаги муаммоларсиз” уч кунда манзилга етиб бориш мумкинлигига кафолат берди.

- Ака, иккита автобусим бор. Биттаси Балашихада, иккинчиси Москванинг ўзида. Биттасига 103 тадан 120 кишигача сиғдираман, бошқасига 60 та ураман. Нархи бир кишига 4500 рубль. 120 кишиликда нарх арзонроқ – 4 минг рубль. Қозоқлар сизни умуман безовта қилмайди: чегарачи чиқиб фақат фамилиянгизни ёзиб олади - автобусдан даже тушмайсиз... Билет нархи срочно кетаман деганга 25-30 минг рубл орасида. Сентябрь ўрталарига ҳам нарх 13 минг 700 рубль. Билмадим нега, лекин бу йил нарх эртароқ кўтарилди самолётга. Ҳозир кетадиган пайт бўлиб қолди, одамлар секин-аста қайтяпти. Шунинг ҳисобига срочний билетлар бир тарафга 1 минг доллардан ошиб кетиши мумкин. Бизда пули йўқлар кетади, биз шунақа одамларни ҳам оламиз, - дейди Бек исмли ўзбекистонлик автобусчи йигит.

Бек билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:25 0:00
Бевосита линк

Бек ҳозирга келиб поездга ҳам чипта нархи ошгани ва 10 минг рублга етганини айтмоқда.

2009 йилдан бери ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сон жиҳатдан Россиядаги хорижликлар орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Россияда 2 миллион 700 минг, норасмий манбаларга кўра, камида 5 миллион ўзбекистонлик муҳожир бор.

XS
SM
MD
LG