Ўзбекистонда пахта мавсуми авжига чиқиб, аҳолининг катта қисми пахта теримига сафрабар қилаётгани боис, Озодлик таҳририятига мажбурий меҳнатга доир саволлар келмоқда. Ана шу саволларнинг айримлари ва уларга жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
“Бизнинг қишлоқдаги маҳалла қўмиталари 2 ёшгача бўлган боласи бор нафақа оладиган аёллардан далага чиқиб пахта теришни ёки 5 000 сўмдан пул беришни талаб қилган. Бу бирор ҳукумат қарорига асосланганми?”
“Бизнинг мактабда (Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган) бошланғич синф ўқитувчиларини 10 кун пахта теримига бориб келишга мажбур қилишмоқда. Боришга қарши чиққанлардан 300.000 минг сўм тўлаш талаб қилинмоқда. Бундай талаблар қонунийми?”
Озодлик муштарийларидан тушган бу саволларга АҚШдаги асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар ташкил қилган Ташаббус Интернет сайтида берилган жавоб берилган. Қуйида ана шу жавобларни ўқишингиз мумкин.
Мажбурий меҳнат нима?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра, қонунда кўрсатилган ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 7-моддасида ҳам шундай қоида белгиланиб, мажбурий меҳнатга бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш дея таъриф берилган. Мазкур моддага кўра, қуйидаги ҳолатларда ишга мажбур қилиш тақиқланмайди:
- ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;
- фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;
- суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;
- қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Демак, ҳарбий ёки муқобил хизмат, фавқулодда ҳолатлар ёки суднинг қарори асосида мажбурий меҳнатга мажбур қилинишдан ташқари кишилар “қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда” ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш” ҳақидаги Қонунининг 2-моддаси ҳам шундай қоидани белгалаб ўтган.
Пахта теримига чиқиш қачон мажбурий меҳнат ҳисобланади?
Пахта терими қонунчилигимиз доирасида мажбурий меҳнат деб ҳисобланиши учун киши пахта даласида ишлашга мажбурланган бўлиши керак. Қонунчилигимизга кўра, ишлашга мажбурлаш бирон жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали амалга оширилади. Пахта теримига ҳеч қандай таҳдидсиз ўз хоҳишларига кўра чиқаётганлар мажбурий меҳнат қурбонлари ҳисобланмайди.
Мажбурий меҳнат таърифида қўлланилган “жазо қўллаш таҳдиди” тушунчаси назаримизда кенг тушунча бўлиб, фақатгина давлатнинг маъмурий ёки жиноий жазо қўллаш таҳдиди тушунилмаслиги керак. Шу сабабли бирон кишини ўз ихтиёрига қарши меҳнат қилишига мажбур қиладиган ҳар қандай таҳдидни “жазо қўллаш таҳдиди” деб тушуниш лозим.
Агар пахта теримига олиб чиқишда ўқувчи, талабалар ва турли давлат ва нодавлат муассасаларининг ишчиларига нисбатан таҳдид қилинаётган бўлса, бундай ҳолатларни мажбурий меҳнат деб таърифласа бўлади. Таҳдидлар турли кўриниш олиши мумкин. Масалан, университет мутасаддиси талабаларни пахта теримига чиқмаса ва/ёки белгиланган кунлик нормани топширмаса ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилиши мумкин. Ҳоким эса ҳокимият ишчисини ишдан ҳайдаш билан ва ҳоказо. Демак, пахта теримига ўз ихтиёри билан чиқмаган ҳар бир кишини мажбурий меҳнат қурбони деб атаса бўлади.
Бугунги кунда ҳам ихтиёрий, ҳам мажбурий шартлар остида пахта далаларига чиқаётганларни учратиш мумкин. Бизнинг Lex.uz номли Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги порталида амалга оширган изланишларимиз натижасида пахта теримига чиқмаганлик учун маъмурий ёки жиноий жазо белгилайдиган ҳуқуқий ҳужжатнинг мавжудлиги аниқланмади. Фуқароларни пахта теримига олиб чиқишни қонуний тартибга солувчи бирор қонун ҳужжати ҳам топилмади. Қонунчиликда фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ва йиғиштириб олишда ўқувчи ва талабалар меҳнатидан фойдаланишни тартибга солувчи қоидалар тўплами топилди. Аммо мазкур қоидалар тўпламида фуқаролар қандай ҳуқуқий асосга кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ва йиғиштириб олишда иштирок этишлари кераклиги ҳақида бирон нарса айтилмаган. Мазкур қоидаларнинг асосий мазмуни ҳақида аввалги мақоламизда ёзган эдик.
Пахта теримига мажбурланган киши қандай қонуний чоралар кўриши мумкин?
Биринчи навбатда, пахта теримига чиқишга ўз ихтиёрига қарши мажбур қилинган киши бу ишни амалга оширган мансабдор шахсдан қандай қонун ҳужжатларига асосланиб иш тутаётгани ҳақида сўраши керак. Аксарият мансабдор шахслар фуқаролар томонидан ўз ҳақ-ҳуқуқларининг талаб ва ҳимоя қилинишига ўрганмагани учун бундай саволга эътиборсизлик, дўқ уриш ёки қўрқитиш билан жавоб бериши мумкин. Бундай вазиятда унга қайси қонунга асосланиб бундай иш тутаётганини билмоқчи эканлигингизни эслатинг. Раҳбар дўқ уришда давом этса, зарурат туғилган тақдирда, тегишли давлат органларига шикоят қилишга ва ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун малакали адвокат ёллашга мажбур бўлишингизни билдиринг.
Агар ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни қонунчилигимиз доирасида самарали ҳимоя қила олишингизга кўзингиз етмаса, албатта, малакали адвокат ёллашингиз керак. Малакали адвокат муаммоингизни ўрганиб чиққандан кейин сизни ҳимоя қилишнинг энг самарали йўли ҳақида бир қарорга келиши мумкин.
Адвокат ёлламасдан ўзингиз ҳаракат қилишга қарор қилсангиз, қуйидаги чораларни кўришингизни тавсия этамиз.
Биринчидан, ҳам туман, ҳам шаҳар прокуратурасига сизни пахтага чиқишга мажбур қилишаётгани ҳақида шикоят қилишингиз керак. Шикоятда сизни қонуний асоссиз меҳнат қилишга мажбурлаш амалдаги қонунчиликка қарши эканлигини баён этишингиз керак. Бунда сизни пахтага чиқишга ким мажбур қилаётганини, агар чиқишдан бош тортсангиз, нима билан таҳдид солаётгани, қайси куни таҳдид қилгани, қандай таҳдид қилгани, агар гувоҳлар бўлса, кимлар гувоҳ бўлганини ёзиб, сизни мажбурий меҳнатга мажбур қилаётганларга қарши қонуний чора кўришларини сўрашингиз керак. Шу билан бирга, шикоятингизда пахта теримига чиқиш қандай ҳолларда мажбурий эканлиги, қайси қонунчилик билан тартибга солинишини, қонун пахта теримига чиқишга қаршилик кўрсатганларга қандай жазо белгилаши ҳақида батафсил маълумот беришларини сўрашингиз керак. Давлат органларига турли масалаларда ариза ёки шикоят билан мурожаат қилиш Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Ариза ва шикоят ёзиш асослари ҳақида биз бу ерда(мақолани ўқир экансиз, шикоятни қандай юбориш кераклиги ҳақидаги қисмига алоҳида эътибор қаратинг) ёзганмиз. Агар шикоятингизни Фуқаролар мурожаатлари тўғрисидаги Қонунда белгиланган тартибда юборсангиз, шикоятингизга, албатта, жавоб берилиши керак.
Агар прокуратурага қилган шикоятингиз натижа бермаса, шикоят аризасини судга топшириш керак бўлади.
Қайси давлат органига шикоят аризаси билан мурожаат қилишингиздан қатъи назар, қонунчилигимизнинг қуйидаги моддаларидан бири бузилганлигини иддао қилишингиз мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, пахта теримига мажбурлов остида чиққан кишининг ҳар доим ҳам қуйида санаб ўтилган ҳуқуқлари бузилмайди. Шунинг учун бир кишининг иши бошқасиникидан фарқли бўлиши табиий ҳол (қуйида келтирилган моддаларни бевосита Кодексга мурожаат қилиб тўлиқ матнини ўқишни тавсия этамиз. ):
- Қонунийлик: Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 43-моддасига кўра, “давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”. Мазкур модда шикоятингизни қабул қилган мансабдор шахсга унинг асосий вазифаларидан бирини эслатгани учун, ундан ҳар қандай давлат органига шикоят аризаси ёзишда фойдаланишни маслаҳат берамиз.
- Ўзбошимчалик: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 200-моддасига кўра, ўзбошимчалик бу “ўзининг ҳақиқий ёки назарда тутилган ҳуқуқини фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларига, давлат манфаатлари ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга ошириш” ҳисобланади.
- Ҳақорат қилиш: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси (140-моддаси) ва Маъмурий жавобгарлик Кодексига (модда) кўра, ҳақорат қилиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, “ҳақорат қилиш” “шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш” деб таърифланган. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳақорат қилиш учун жиноий жазо белгиланади.
- Товламачилик: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддасига кўра, товламачилик бу “жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш” ҳисобланади.
- Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-моддасига кўра, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни мансабдор шахснинг ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён этказилишига сабаб бўлса;
- Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддасига кўра, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш бу мансабдор шахснинг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлиши;
- Мансабга совуққонлик билан қараш: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 207-моддасига кўра, мансабга совуққонлик билан қараш бу “мансабдор шахснинг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён этказилишига сабаб бўлиши;
- Ҳокимият ҳаракатсизлиги: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 208-моддасига кўра, ҳокимият ҳаракатсизлиги бу мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён этказилишига сабаб бўлса;
- Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 214-моддасига кўра, товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш, яъни давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахс бўлмаган хизматчисининг хизмат вазифаси доирасига кирадиган муайян ишни бажариши ёки хизмат кўрсатиши эвазига ҳақ беришни ёки мулкий йўсиндаги манфаатни талаб қилиши, шунингдек, шахсни қасддан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйиш;
- Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 257-моддасига кўра, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилишига сабаб бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш: Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2571-моддасига кўра, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, жиноий жавобгарликка тортилади.
Сизнинг ҳолатингиз юқорида санаб ўтилганлардан қайси бирига мос тушиши ҳақида аниқ фикрга кела олмасангиз, бу масалага ойдинлик киритиш учун вазиятни батафсил баён қилган ҳолда ёрдам сўраб бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Мазкур мақоладаги маслаҳатлар ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга ёрдам бердими ёки йўқми, шу ҳақда ҳам билишни хоҳлаймиз. Бизга кўрган чораларингиз ва натижалари ҳақида, албатта, ёзиб юборинг.
Манба:Ташаббус