Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:29

Ўзбек миллиардерларини қутқариш учун Назарбоев пора берганми?


Николя Саркози ва Нурсултон Назарбоев, 2009 йилнинг 6 октябри.
Николя Саркози ва Нурсултон Назарбоев, 2009 йилнинг 6 октябри.

Париж нашрлари 2010 йилда Франциянинг ўша пайтдаги президенти Саркози билан 2 миллиард евролик шартномани имзолаш эвазига қозоқ президенти Назарбоев миллиардерлар Фаттоҳ Шодиев, Алижон Ибрагимов ва Александр Машкевични Бельгия судидан қутқариб қолганини иддао қилмоқда.

Le Monde газетасининг ёзишича, гап Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2010 йил октябрида Парижга қилган расмий сафари доирасида имзоланган шартнома ҳақида бормоқда. Мазкур шартномага мувофиқ Қозоғистон Франциядан 45 та вертолёт сотиб олиши керак эди.

Мақолада айтилишича, Франция Молия вазирлиги қошидаги пул ювишга қарши кураш департаменти ўша йили Париж прокуратурасига Саркози маслаҳатчиларидан бири ҳисобига 300 минг евро маблағ келиб тушгани тўғрисидаги маълумотни жўнатган. Ўшандан бери “пул ювиш”, “хориж давлатларининг юқори лавозимли амалдорларига пора бериш”, “жиноятни яшириш” моддалари бўйича жиноят иши очилиб, ўта яширин равишда тергов олиб борилмоқда.

Le Monde газетасининг ёзишича, терговчилар бу маълумотларни ипидан игнасигача ўрганиб чиқиб, президент Назарбоев 2 миллиард евролик шартномани имзолаш эвазига Саркозидан Бельгияда судланиши мумкин бўлган қозоғистонлик миллиардерлар Фаттоҳ Шодиев, Алижон Ибрагимов ва Александр Машкевичларни қутқаришни талаб қилган, деган версияни олға суришмоқда.

Номи зикр этилган шахслар шундан кейин Бельгия парламенти шошилинч қабул қилган кўрсатмага мувофиқ жавобгарликдан озод этилган.

1954 йилда Фарғонада туғилиб¸ Қирғизистонда улғайган Алижон Ибрагимов, 1953 йилда Жиззахда туғилиб, 1990 йилларнинг бошларидан бери Қозоғистонда бизнес билан шуғулланиб келаётган Фаттоҳ Шодиев, 1954 йилда Бишкекда туғилиб, 1989 йилдан бери Қозоғистонда тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Александр Машкевич президент Назарбоевга яқин бўлган шахслар ҳисобланади.

Улар Бельгияда “пул ювиш”, “ҳужжатларни сохталаштириш”да айбланган. Бироқ 2011 йил июнида Бельгия парламенти кўрсатмасидан сўнг мазкур миллиардерлар 23 миллион евро жарима тўлаб, жавобгарликдан озод этилган.

Орадан кўп ўтмай, 2011 йил 27 июнида Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов Парижга борган ва вертолётларни сотиб олиш юзасидан контрактни имзолаган.

Франция полицияси Фаттоҳ Шодиев, Алижон Ибрагимов ва Александр Машкевичларни озод қилиш юзасидан парламент кўрсатмаси қабул қилинишида Бельгия сенатининг ўша пайтдаги вице-президенти Арман де Декер асосий ўйинчи бўлганини ҳам аниқлаган.

Le Monde газетасининг ёзишича, Арман де Декер қонунни бузмаганини айтиб, ўша пайтда Фаттоҳ Шодиевнинг франциялик адвокати ва Саркозининг маслаҳатчиси билан Назарбоевларнинг дўстлари бўлган миллиардерларга оид суд жараёнинини муҳокама қилишганини тан олган.

Францияда бошланиб, авжига чиқаётган мазкур жанжал юзасидан Қозоғистон ҳукумати ҳозирча ҳеч қандай расмий баёнот бергани йўқ. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари эса Озодлик радиосига бу иш юзасидан ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтган.

XS
SM
MD
LG