Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Ўзбекистонда террорчиликни режалаган шахс ушлангани иддао қилинди


Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб Ўшга қайтганида қўлга олингани айтилаётган Адаҳам Раимжонов Фарғона водийси, жумладан, Андижон ва Тошкентда террорчилик ҳаракатларни амалга оширишни режалаштирганини иддао қилмоқда.

Январь ойи бошида қўлга олинган ўшлик Адаҳам Раимжонов 22 ёшда. У Сурияга бориб, у ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ва жангларда иштирок этгани айтилмоқда.

- У Фарғона водийсида террорчилик ҳаракатларни амалга оширишни кўзлаган. Андижонга бориб, ўша ерда портлашларни амалга ошириб, кейин шаҳид сифатида ўз-ўзини портлатишга тайёр бўлиб келган, - дейди Қирғизистон Милий хавфсизлик давлат қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов.

Куни кеча Ўшда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Сурияга бориб жангларда иштирок этгани учун қўлга олинган икки ўзбек йигити билан журналистлар суҳбатини ташкил қилган. Қўлга олинган йигитлардан бири 2 ой харбий тайёргарликдан ўтгани ва 4 ой давомида 3та жангда иштирок этганини айтиб берди.

Асли ўзбек бўлган, бироқ журналистлар билан рус тилида гаплашган йигит, Сурияда кофирлар билан жанг қилгани боргани, аммо у ерда бегуноҳ мусулмонлар ва болалар ўлдирилаётганини кўриб, Ўшга қайтганини айтган.

У, шунингдек, унга Ўшда туриб Ўзбекистонда террорчилик ҳаракатларини амалга оширишга ёрдам бериш вазифасини юклатилганини гапириб берган:

- У ердаги бир дўстим, исми Абдуллоҳ, "агар қайтсанг ёрдам бер", деди. Мен қандай ёрдам, дедим. У "агар у ерга борсанг ансор бўласан", деди. Мен қандай ёрдам бера оламан десам, у "Ўзбекистонга ҳужум қиламиз, Миллий ҳавфсизлик хизмати ва бошқа жойларни портлатамиз", деди. Мени майли, агар Оллоҳ учун бўлса қиламан, нима қилиш керак дедим. У "сен Туркияга борасан, у ерда сени кутиб олишади кейин кетаверасан", деди. Мен Қирғизистонга келиб, бу ердан минёрларни жўнатишим керак эди. Мен Қозоғистонга келганимда мени қўлга олишди, - дейди йигитлардан бири.

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида Сурияга кетган қирғизистонликлар борасида кўплаб маълумотлар чоп этилмоқда. Шундай маълумотлардан бирида йил бошида қўлга олинган Адаҳам Раимжоновнинг аввал Афғонистон, сўнгра Покистонда “Ўзбекистон Ислом Харакати” ташкилоти сафида бўлгани, кейинчалик “Ислом жиход гуруҳи” сафига қўшилгани айтилади. Унинг ўзи журналистлар билан бўлган суҳбатда Суриядаги жангларда қатнашмаганини айтган.

Бундан ташқари, қирғиз наширлари ўтган йил сўнгида Сурияда Ўш шаҳридан борган 270 одам жанг қилаётгани ҳақида ёзганди.

Бироқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов бу маълумотнинг нотўғри эканини айтади.

- Ҳозирда Сурияга бориб тайёргарликдан ўтганидан сўнг Ўшга талон-тарож ва терактларни уюштириш мақсадида қайтиб келган 36 одам қўлга олинди. Уларнинг барчаси Қирғизистон фуқаролари ва бу ишларни Ўш ҳамда Чуй вилоятларида уюштиришни мақсад қилган. Барча ҳолатлар бўйича 47 жиноий иш қўзғалган, - дейди Рахат Сулайманов.

Маълум бўлишича қўлга олинган 36 одам сўнги 3 йилда Қирғизистонда 7 террорчилик гуруҳи тузган ва гуруҳ аъзоларининг барчаси Суриядаги жангларда иштирок этган.

XS
SM
MD
LG