Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Шовотлик Умида: Чегара ёпиқ, Туркманистондаги ота-онамни ёнига боролмаяпман...


2001 йилда Хоразмнинг Шовот туманига келин бўлиб тушган Умида чегара ёпиқлиги боис Туркманистоннинг Тошховуз вилоятидаги ота-онасини зиёрат қилолмаётганини айтади.

Умидага кўра, шундоқ ҳам оғир шароитларда яшаётган хоразмликлар учун Туркманистон чегарасининг ёпиқ қолаётгани дард устига чипқон бўляпти.

- Олдинига Туркманистонга 8 доллар тўлаб ўтар эдик. Ҳозир эса умуман ўтказмаяпти. Биз чегара олди худудида яшаймиз. Бизга ўтиб-қайтишда имтиёзлар бор эди. Ҳозир шуни ҳам бекор қилган. Тошкентдаги Туркманистон элчихонасидан виза ол, кейин ўтказамиз, дейди. Эллик километр узоқликдаги қариндошимни кўриш учун ҳозир минг чақирим йўл босиб Тошкентга боришимиз, у ерда 60 доллар тўлаб, виза олишимиз керак экан. Бизни аҳволимиз жуда ҳам оғир. Қариндошларимизни тўй-маъракаларига боролмасак, мозорларини зиёрат қилолмасак. Буни устига свет-газ йўқ. Биз ҳақимизда ким ўйлайди, - дея куйинади Умида.

Ўзбек-туркман чегараси 2013 йилнинг август ойи ўрталаридан бери ëпиқ қолмоқда. Чегара олди ҳудудида яшовчи икки давлат аҳолисининг уч кунга визасиз ўтиб-қайтишига оид Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги келишув ижроси ҳам ўшандан бери тўхтатилган.

- Чегарага борсак "бор қаерга борсанг бор, визанг бўлмаса ўтказмаймиз", дейди. Тошкентга бориб виза олишга имкониятимиз йўқ, нахотки шу икки давлат бошлиқлари бизни тушинмайди, - дейди Умида.

Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Хоразмдаги бўлими ходими икки давлат ўртасидаги чегара постларида кучайтирилган тартиб ҳозир ҳам сақланиб қолаётганини тасдиқлади.

Ўзбек расмийси чегарадан ўтиб-қайтиш қачон енгиллаштирилиши маълум эмаслигини айтди.

Айни пайтда Туркманистон фуқаролари ҳам чегарадаги тўсиқлар боис Ўзбекистондаги қариндошларини зиёрат қилa олмаяпти.

Туркманистоннинг Лебап вилоятида яшовчи туркманистонлик журналист яқинда Ўзбекистон-Туркманистон орасидаги Фароб чегара постида бўлиб қайтди.

Исми сир қолишини истаган туркман журналисти чегарадаги вазият ҳақидаги кузатишларини Озодлик билан ўртоқлашди.

-Туркманистоннинг Лебап вилояти ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари орасида Фароб чегара пости бор. Ўша ерга борганимда чегарачилар “ўзбеклар чегарадан ўтишни қийинлаштирди, туркманлар ҳам бунга жавобан ўтишни қийинлаштирди”, деб менга айтишди. Ҳозир ҳар икки томон фуқароларидан виза талаб қилинмоқда. Туркманлар Бухоро ёки Хоразмга ўтишга виза олиш учун 800 километр босиб, Ашхободга бориб келишлари керак. Кўп одамлар чегарада қон йиғлаяпти. Кимнидир эри Ўзбекистонда, ўтолмайди. Бошқасини онаси қазо қилган, маъракасига боролмади. Ахвол жуда қийин, чегара қачон очилиши ҳақида ҳеч ким. Ҳеч нарса билмайди, - дейди туркман журналисти.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегарага эга. Икки мамлакат ўртасидаги чегара узунлиги 1 минг 650 километрни ташкил этади.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси атрофида яшовчи минглаб аҳолини қариндош-уруғчилик ришталари боғлаб туради.

- Хоразмдан кимнидир қизи Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига келин бўлиб тушган. Туркманистонда Совет давридан буён оила қуриб яшаётган ўзбеклар бор. Уларни қариндошлари бу ерда. Чегарадаги тўсиқ сабаб ўзини отасини, онасини мозорини зиёрат этолмаётганлар сонмингта, - дейди Ёқубов.

Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларида этник ўзбекларнинг авлодлари яшаб келади.

Айни пайтда Туркманистонда қарийб ярим миллион этник ўзбек истиқомат қилиши ва улар Туркманистон жами аҳолисининг 12 фоизини ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 150 мингдан зиёд этник туркман яшайди.

XS
SM
MD
LG