Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

АҚШ журналисти Умар Фаррух Қирғизистонда ҳибс қилинди


Бир неча кун олдин Ўшда қўлга олинган ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хибсхонасида сақланаётгани айтилган америкалик журналист Умар Фаррух айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, бугун кечга яқин ҳибсдан озод қилинган, лекин унга нисбатан очилган жиноят иши ёпилмаган.

Бир неча кун олдин Ўшда қўлга олинган ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хибсхонасида сақланаётган америкалик журналист Умар Фаррух тақдири номаълум қолмоқда. Миллий хавфсизлик хизматининг берган маълумотига асосан, унга нисбатан Қирғизистон Жиноий Кодексининг 299-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, бир неча кун аввал Ўш шаҳрида Қўшма Штатлар фуқароси Умар Фаррух қўлга олинган. Унинг ёнидан эстремистик руҳдаги низолар келтириб чиқарувчи материаллар топилган. Материаллар диний экспертизага юборилган ва улар экстремистик материаллар экани аниқланган. Шуларнинг асосида, Америка фуқароси устидан Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 299-моддаси асосида жиноий иш қўзғатилган.

- Айни пайтда унинг ёнидан “Бир дунё Қирғизистон” нодавлат ташкилоти ҳодимларининг ташриф қоғозлари ҳам топилган. Шу асосда мазкур ташкилотнинг икки ходими уйида ва ташкило офисида ҳам тинтунув ўтказилган. Ходимлардан бирининг уйидан ҳам, идорасидан ҳам бир қанча материаллар топилди, - дейди Озодликка Рахат Сулайманов.

Миллий хавфсизлик қўмитаси ўз сайтида эълон қилган ҳабарда АҚШ фуқароси ёнидан яқинда қўлга олинган “Ҳизбут Таҳрир” диний эстремистик ташкилоти етакчиси ва террористик гуруҳ аъзоларига нисбатан қўзғатилган жиноий иш хужжатлари нусхаси, шунингдек, “жиҳод”га чақирувчи ва диний адоватни қўзғатувчи характерга эга диний-экстремистик видеоматериаллардан иборат DVD диск топилган.

Ушбу шахс тегишли акредитацияси бўлмай туриб, Ўш вилояти ҳудудида диний вазият тўғрисида маълумот йиғиш билан шуғуллангани аниқланган.

Айни пайтда АҚШ фуқароси Умар Фаррух билан учрашгани учун 27 март куни уйи ва ишхонасида тинтув ўтказилган ўшлик ҳуқуқ фаоллари Валериан Вахитов ҳамда Хусанбой Солиев тинтувни адвокатларга нисбатан босим сифатида баҳоламоқда.

Адвокат Ҳусанбой Солиевга кўра, тинтувда чоғида улар ҳимоя қилаётган одамларнинг ҳар бир материаллари текширилиб, ичидан жиноий ишларга доир бўлган дисклар, жиноий ишга оид турли далил-исботлар олиб кетилган. Айрим материаллар адвокатлар ҳимоя қилаётган жиноий ишларда орган томонидан ноқонуний деб топилган далиллар, айримлари адвокатларнинг ўзлари излаб топган далиллар бўлган.

- Биз биздан олинган материаллардан фойдаланиб, бизга қарши жиноий иш қалбакилаштирилиши мумкин, деб ўйлаяпмиз. Бу жуда ёмон ҳолат, чунки инсон ҳуқуқини биринчи бўлиб ҳимоя қилувчи ишахслар адвокатлардир. Бу ишни адвокатларга нисбатан босим сифатида ҳисоблаймиз, - дейди адвокат Ҳусанбой Солиев.

Унга кўра, Қирғизистон қонунчилиги бўйича адвокат даҳлсизлик мақомига эга. Адвокатлар уйлари ва иш жойларида тинтув ўтказилганига норозилик билдириб, Ўш вилоят прокурорига,Қирғизистон Бош прокурорига ва президент Алмазбек Атамбаевга мурожат йўллаган.

Ўшлик адвокат Содиқжон Махмудовга кўра, у кеча тинтув тўғрисида эшитганидан сўнг “Бир дунё Қирғизистон” ташкилотининг ўшдаги идорасига келган ва тинтув қонуний ёки ноқонунийлигини билмоқчи бўлган. Бироқ куч тизими ходимлари уни ичкарига киритмаган:

- 2014 йилда “Адвокатлар тўғрисида” янги қабул қилинган қонуннинг 29-моддасида агар адвокатнинг кабинети ёки уйи тинтув қилинса, фақат жиноий иш очиш кераклиги айтилган. Жиноий ишни эса Бош прокурор ёки унинг ёрдамчиси очиши керак. Агар жиноий иш очилмай, судга мурожаат қилиб, суд тинтув қилишга рухсат берган бўлса, бу ноқонунийдир, - дейди Содиқжон Махмудов.

Айни пайтда Америкалик мустақил журналист Умар Фаррухнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Қирғизистон Қонунчилиги бўйича у 48 соат ҳибсда сақланиши мумкин. Ҳибсда сақлаш муддати эса бугун якунланади ва унинг жазо чораси юзасидан маҳкама жараёни бўлиши керак.

Бугун Умар Фаррухнинг адвокати Муҳайё Абдурасулова билан боғланганмизда, у махкама қачон бўлишидан бехабар эканини ва ундан Умар Фаррух иши юзасидан маълумотларни эълон қилмаслик тўғрисида тилхат олинганини айтди.

Шундан сўнг адвокат билан боғланиб маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ҳозирча тасдиқланмаган хабарларга қараганда, Умар Фаррух ҳибсдан озод қилинган, аммо унга нисбатан жиноят иши ёпилмаган. Умар Фаррух айни пайтда Ўшдан Бишкекка жўнаб кетиш арафасида.

Бироқ бу маълумотни ҳозирча Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарлари тасдиқлагани ҳам, инкор этгани ҳам йўқ.

XS
SM
MD
LG