Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:26

Иш ташлаганлар маоши берилди. Ҳақсиз ишлаётганлар кўпаймоқда


Зарбдор туманидаги пахта тозалаш заводи
Зарбдор туманидаги пахта тозалаш заводи

Беш ойдан буён иш ҳақи ололмаётганига норозилик билдириб, ўтган ҳафтанинг жума кунидан бошлаб иш ташлаган Жиззах вилояти Зарбдор пахта тозалаш очиқ ҳиссадорлик жамиятининг элликка яқин ишчиси душанба кунидан бошлаб ишга қайтди. Завод маъмурияти ишчиларнинг талабини тўла қондириб, душанба куни ишчилардан қарзини бутунлай узди.

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги пахта тозалаш очиқ ҳиссадорлик жамиятининг элликка яқин ишчиси душанба куни иш ташлашни бекор қилиб, ишга чиқди.

Шу куни ишчиларнинг беш ойлик иш ҳақлари тўлалигича уларнинг пластик карталарига ўтказиб берилди.

31 март куни завод ишчилари яна Озодликка мурожаат қилиб, маошларини тўла олганларини билдиришди:

“Озодликда шу ҳақда мақола чиққанидан сўнг, якшанба куни раҳбарият ҳаммамизга бирма-бир телефон қилиб, пулларинг тушяпти, душанбе кунидан ишга чиқинглар, деди. Ҳаммамиз ишга чиқдик. Ишонасизми, ведомост қилиб, ҳамманинг қарз маошларини пластикка ўтказиб берди. Мен ҳам икки миллион сўмга яқин олдим. Бунақаси завод тарихида биринчи бор бўлиши. Ҳамма Озодликка раҳмат айтяпти”, деди завод ишчиси.

Ишчилар ўтган ҳафтанинг жума куни, 27 мартдан бошлаб беш ойдан буён маошсиз қолаётгани ва иқтисодий аҳволи оғирлашгани боис муддатсиз иш ташлаш эълон қилган эди.

Суҳбатдошнинг айтишича, улар биринчи навбатда дўконларда йиғилиб қолган қарзларини тўлашган:

“Ҳамма хурсанд бўлиб ишлади. Ишдан кейин дўконларга бориб қарзларимизни тўладик. Кейин бозор қилиб уйимизга бордик. Бола-чақа ҳам хурсанд бўлди. Биз оддий ишчилармиз, ойлик тўласа ишлайверамиз”, деди ишчи.

Пахта тозалаш заводининг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири ишчиларнинг маошлари бутунлай узилганини тасдиқлади:

“28 март кунидан бошлаб ҳисобимизга пул туша бошлади. 30 март куни эса ишчилардан қарздорлик тугатилди. Ҳозир ҳаммаси яхши”, деди мулозим.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам давлатга қарашли бошқа корхоналарда ҳам иш ҳақлари ойлаб кечикаётгани ҳақида хабарлар келишда давом этмоқда.

Ангренлик Озодлик манбаси эса Ангрен иссиқлик электр станцияси ишчилари тўрт ойдан буён маошсиз қолаётгани ҳақида ёзди:

“Янги Ангрен ИЭСида ҳам маош бермаслик мода бўлиб қолди. Одамлар қандай қилиб кун кўряпти, бу билан бошлиқларнинг иши йўқ. Чунки уларнинг қорни тўқ. Ишчилар эса қарз-қавало қилиб тирикчилик қиляпти”, деб ёзади ангренлик ишчи.

Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ишчилар уч ойдан буён маошсиз қолаётганини тасдиқлади:

"Биз энди декабрь ойини цехма-цех ёпяпмиз. Биз "Ўзбекэнерго" давлат ҳиссадорлик компаниясига қарашлимиз. Бизга пул ўтказмагандан кейин биз қаердан маош топиб берамиз. Бу ҳақда деярли ҳар ҳафта вилоят прокуратурасига, бош прокуратурага, вазирликка хат жўнатяпмиз. Лекин ҳеч қандай наф бўлмаяпти. Ҳозир банкдан икки ойга кредит олишни расмийлаштиряпмиз. Агар шу ўхшаб қолса январь ва февраль ойлари маошларини берамиз", деди мулозим.

Озодлик "Ўзбекэнерго" компаниясидан бу ҳолатга изоҳ ололмади.

Мақола чоп бўлаётган пайтда Ўзбекистондаги бошқа ташкилотларда ҳам иш ҳақлари бир неча ойлаб берилмаётгани ҳақида хабарлар келди:

“Мен ҳам Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги пахта заводида ишлайман. Бизда ҳам тўрт ойдан буён маош берилмаяпти”, деб ёзди ҳазорасплик муштарий.

“Сизлар 4-5 ой дейсизлар. Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги пахта заводида ишлайдиган қора ишчилар умуман ойлик олмасдан ишлашади. Улар ойлик ўрнига пахта ёки чигит ўғирлаб сотиб тирикчилик қилишади”, деб ёзади гулистонлик манба.

Озодлик муштарийлар ёзган ҳолатлар тафсилотларини ўрганмоқда.

Ўзбекистонда давлат корхоналарида маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Қорақалпоғистондаги “Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси”нинг юздан ортиқ ишчиси эса камида етти ойнинг маошини ололмаётгани ҳақида Озодлик хабар қилди. Геологлар ўтган йилнинг июль ва август ойлари маоши бир кун аввал берилгани, сентябрдан кейинги ойликларнинг қачон берилиши мавҳум қолаётганидан арз қилишди.

Шунингдек, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона азот заводи, Олмалиқдаги кимёвий завод каби йирик корхоналарида минглаб ишчилар ойлар давомида иш ҳақисиз қолаётгани тўғрисида Озодлик ўтган ойда хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG