Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:24

Рашод қорининг ҳибсдаги муддати яна бир ойга узайтирилди


Диний экстремистликда айбланиб икки ой олдин қўлга олинган қорасувлик таниқли имом Рашод Камоловни ҳибсда сақлаш муддати вилоят суди қарори билан яна бир ойга узайтирилди.

“Ҳизбут - Таҳрир”га аъзоликда ва бошқа бир қанча жиноятларда гумонланиб ҳибс қилинган Қорасувдаги “Ас Сарахсий” масжиди имоми Рашод Камоловга тергов якунлангунига қадар белгиланган икки ой ҳибсда сақлаш эҳтиёт чораси муддати бундан бир неча кун олдин якунланди.

Бироқ тергов жараёни якунланмаганини рўкач қилган ҳолда терговчилар Рашод Камоловни яна бир ой ҳибсда сақлаш илтимоси билан вилоят судига мурожаат қилган.

- Ҳибс муддати унинг фаолияти бўйича тергов якунланмагани ва айрим масалаларни аниқлаш учун тегишли ташкилотларга баъзи бир сўровлар юборилгани, аммо уларга ҳали жавоб олинмагани сабабли узайтирилди. Ҳозирча шу ҳолос,- дейди имомнинг адвокати Валериан Вахитов.

Камолов қўлга олинган илк кунларда Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг мулозими Раҳим Салимов шу кунга қадар милицияга Рашод қори Камолов фаолиятига оид кўплаб шикоятлар келиб тушганини айтганди.

Унга кўра, Камолов халифалик тузишга ва Конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга даъват қилганига исбот бор. Бу борада жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, фуқаролардан Рашод қори уларнинг болаларини Сурияга жиҳодга жўнатганига оид ўнта шикоят тушган.

Эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича ўтказилган илк суд жаёнида Рашод Камоловнинг ўзи халифалик масаласида маъруза қилиш жиноят эмаслигини урғулаган эди:

- Халифалик тўғрисида масала қилганман. Бироқ “Ислом давлати” деган янги қурилган террор ташкилоти раҳбари Абу Бакр Боғдодий деган одам ўзини халифа деб эълон қилганида “Биз ўша ерга кетишимиз керакми, керак эмасми?”, деган кўп саволлар пайдо бўлди. Мен ўша ерда халқдан, йигитлардан қўрқмасдан чиқиб: “Бу халифалик эмас, бироқ исломий халифалик бўлади, қиёматдан олдин бўлади, мусулмон одам бунга ишониши керак, лекин бу Абу Бакр Бағдодийнинг халифалиги эмас”, деб айтганман, - деган эди Рашод Камолов.

Айни пайтда Камолов адвокатларининг айтишича, ҳукумат қошидаги Дин ишлари бўйича комиссия Камоловнинг халифалик тўғрисида айтганлари мамлакат Конституциясига зид экани тўғрисида экспертиза хулосасини берган.

Шу сабабли адвокатлар республика муфтиятига халифалик сўзи нимани англатиши ва у Қуръонда қай тарзда ишлатилганини аниқлаб бериш илтимоси билан расмий сўров жўнатган. Куни кеча сўровга муфтиятдан жавоб келган:

- Бизга халифалик нормал сўзлиги, бу сўз Қуръонда келтирилгани ва халифалик сўзи ҳеч қандай экстремистик мазмунни бермаслиги тўғрисида жавоб келди, - дейди Валериан Вахитов.

Бундан аввал Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси, айни кунларда Ўш шаҳридаги ҳибсхонада сақланаётган таниқли имом Рашод Камолов диний-экстремистик фаолиятини қамоқхонада ҳам давом эттириб, бу йўналишда Интернет тармоғидан фойдалангани, мазкур ҳолат Рашод Камолов сақланаётган ҳибсхонада олиб борилган тезкор-қидирув ишлари давомида аниқланганини, бунинг ортидан Камоловнинг камерасидан диний-экстремистик материаллар, уяли телефон топилган ва мусодара қилинганини маълум қилганди.

Асли Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан бўлган ва Фарғона водийсида танилган 37 ёшли ўзбек имоми Рашод Камолов Қирғизистон жиноий кодексининг 299-моддасининг бир неча бандларида айбланмоқда.

У шу йилнинг 9 февраль куни ўз уйидан бир неча ниқобли милиция ходимлари ва Қорасув расмийлари иштирокида Қорасув милициясига олиб кетилган, сўнгра Ўш шаҳар милициясига олиб келинган ва ҳибс қилинганди.

Валериан Вахитовга кўра, Камоловнинг ҳибс муддати тергов ишининг якунланишига қараб яна чўзилиши мумкин. Бироқ бундан кейин Камолов ҳибс муддатини узайтириш учун Қирғизистон Бош прокурорининг рухсати керак бўлади.

XS
SM
MD
LG