Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:12

Россиядан эмиграциянинг янги тўлқини


Евгения Чирикова ўз фаолияти болаларига хавф туғдиришидан хавотир олиб, Россиядан хорижга кетишга қарор қилган.
Евгения Чирикова ўз фаолияти болаларига хавф туғдиришидан хавотир олиб, Россиядан хорижга кетишга қарор қилган.

Кейинги икки йил давомида юз минглаб одам турли сиёсий, иқтисодий ва шахсий сабабларга кўра Россияни тарк этди. Рус ҳукумати статистикасига кўра, 2014 йилнинг илк саккиз ойи давомида 203 минг киши мамлакатни бутунлай тарк этган.

2013 йилда кетганлар сони 186 мингни ташкил қилган эди. Россияни тарк этганлар сони бўйича рекорд 1999 йилда қайд этилган. Ўшанда мамлакатни 215 минг киши тарк этган. 2014 йилда кетганлар сони бўлса бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Россиядан эмиграция қилганлар орасида атроф атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаоли Евгения Чирикова ҳам бор. Чирикованинг айтишича, у ўз фаолияти болаларига хавф туғдиришидан хавотир олиб, кетишга қарор қилган.

Қуйида яқин ойларда четга кетишни қарор қилган машҳур россияликлар рўйхати билан танишишингиз мумкин.

Рустам Адагамов, сураткаш ва блоггер. Адаганов расмийлар уни вояга етмаган қизни зўрлашда айблаганидан кейин мазкур йилнинг март ойида Чехия пойтахnи Прагага кетди. Адаганов ўзига қўйилган айбловни рад этади.

Сергей Гуриев, иқтисодчи ва Москвадаги Россия иқтисодий мактабининг собиқ ректори. Гуриев Россиядан 2013 йилнинг май ойида ҳордиқ чиқаргани чиқиб кетиб, қайтиб бормасликка қарор қилган. Унинг бу қарорга келишига собиқ олигарх Михаил Ходорковскийга қўйилиши мумкин бўлган янги айбловларни тинтув қилаётган айбловчиларнинг тинимсиз қўнғироқлари сабаб бўлган. “Мен Россиядан шахсий сабаблар туфайли кетдим”, деб ёзди Гуриев The New York Times нашрида. “Мен эркин қолишни истайман”. Ҳозир у Францияда яшаяпти.

Олег Кашин, журналист ва блоггер. Кашин 2013 йилнинг май ойида Швейцарияга эмиграция қилган. 2010 йилда Кашинга унинг журналистик фаолияти туфайли ҳужум қилишган. Кашин ўзининг мухолифатчи сифатида олиб борган фаолияти сабаб тазйиқларга учрашидан хавотир олишини айтади.

Гарри Каспаров, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони ва мухолифатчи. Каспаров Россияни 2013 йилнинг июлида тарк этган. Каспаров Россиядан эмиграция қилмаганини, қайтиб бориш хавфли бўлмайдиган кун келса мамлакатга қайтишини айтади. “Россия ҳар доим менинг ватаним бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади”, деб ёзган эди Каспаров ўша пайтда. Ҳозир у АҚШда истиқомат қиляпти.

Маша Гессен, ёзувчи, журналист, фаол ва Озодлик радиоси рус хизматининг собиқ директори. Ҳам АҚШ, ҳам Россия фуқароси бўлган Гессен бу икки мамлакатда яшаб келади. Гессен 2013 йилнинг декабрь ойида баъзи рус расмийлари гомосексуал ота-оналардан уларнинг фарзандларини тортиб олишга чақира бошлаганидан кейин АҚШга қайтишини эълон қилди. CBC телевидениеси билан суҳбатда Гессен “Фарзандларни тортиб олиш ҳақида гапира бошлашганидан кейин ҳеч қандай хавфга кўз юма олмаслигимни англаб етдим. Чиқиб кетишга мажбур бўлдик”, деди.

Михаил Ходорковский, россиянинг собиқ энг бадавлат одами. Ходорковский маблағ ўзлаштирганликда ҳамда солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланиб, ўн йил қамоқ жазосини ўтади. Ходорковский бу айбловлар сиёсий сабабларга кўра қўйилганини айтади. 2013 йил у президент афви билан озодликка чиқарилди. Ходорковский ҳозир Швейцарияда истиқомат қилади. Мазкур йилнинг март ойида Ходорковский агар Путин Россиясига қайтса, яна қамалишини айтди.

Павел Дуров, ишбилармон ва ВКонтакте ижтимоий тармоғи асосчиларининг бири. Дуров 2014 йилнинг бошида ВКонтактеда бизнес тортишув бўлаётган бир пайтда Россиядан чиқиб кетди. 2014 йилнинг апрель ойида Кариб денгизида жойлашган Сент-Китс ва Невис давлати унга фуқаролик берганини билдирди. Дуров ҳозир ВКонтакте бошқаруви Путин одами ҳисобланувчи Игорь Сечин ва кремлпараст ўзбек олигарх Алишер Усмонов қўлида эканини айтади.

Галина Тимченко, журналист ва Lenta.ru нашрининг собиқ муҳаррири. Lenta.ruнинг Украинадаги тўқнашувларни ёритишини маъқулламаган эгалари Тимченкони 2014 йилнинг март ойида ишдан ҳайдади. Тимченко билан нашрнинг деярли барча ишчиси кетди. Апрель ойида бўлса Тимченко ва унинг гуруҳи “Медуза” деб номалунвчи, маркази Ригада бўлган янги матбуот лойиҳасини бошлашларини эълон қилдилар. Тимченко 2014 йилнинг ноябрь ойида The Daily Beast билан қилган суҳбатида энди ўзини хавфдан холи ҳис қилишини айтди. “Мен Кремль ўзининг кичик қафасларини улкан Интернет устига ташлай олишига умуман ишонмайман”, деди Тимченко.

Леонид Бершидский, журналист ва “Ведомости” нашрининг илк бош муҳаррири. Бершидский Россиядан кетишини ўтган йилнинг июнь ойида эълон қилди. Бунга сабаб ўлароқ Украина бўҳронини кўрсатди. “Мен Россияда қолишни ва Қримга бир тийин тўлашни хоҳламайман,” деб ёзди Бершидский. “Ўғирланган мулк бу ўғирланган мулкдир.”

Марат Гельман, санъатшунос ва сиёсий маслаҳатчи. Гельман мазкур йилнинг январь ойида Черногорияда санъат кўргазмаси уюштириш учун Россиядан кетишини айтди. Гельман 2013 йилда Пермь замонавий санъат музейида Сочида бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинларини ҳамда совет диктатори Иосиф Сталинни мазах қилувчи кўргазма уюштирганидан кейин муаммоларга дуч келди.

XS
SM
MD
LG