Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Ўшда яна ваҳима тарқалди


Ўшда ички ишлар бошқармаси ва миллий хавфсизлик қўмитасига элтувчи йўлларга қўйилган блок постлар ҳам ваҳималарни кучайтирди.
Ўшда ички ишлар бошқармаси ва миллий хавфсизлик қўмитасига элтувчи йўлларга қўйилган блок постлар ҳам ваҳималарни кучайтирди.

Ўшда 2010 йил воқеаларидан сўнг баҳорнинг сўнгги ойларида миллатлараро низо чиқиши тўғрисида турли миш-мишларнинг тарқалиши анъанага айланди. Бу йилда эса уларнинг қаторига Қирғизистонда Украина воқеалари такрорланармиш деган миш-миш қўшилди.

Озодлик мухбирига овози ёзиб олинишини истаман ўшликлардан бири мурожаат қилиб, Амир Темур шаҳарчасида турли миш-мишлар кўпайгани ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, унинг Россияда муҳожирликда юрган ўғли телефон қилиб Россия телеканаллари Қирғизистон тўғрисида турли ваҳимали хабарлар тарқатаётганини айтган ва ўзининг бола-чақасини хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинча Россияга юборишни сўраган.

Ўшликлар орасида бу каби ваҳимали миш-мишлар тарқалган бир пайтда, 6 май куни кечки соат саккиз-тўққизлар чамаси Ўшнинг ўзбеклар истиқомат қилувчи Фарғона кўчасида кўринишидан қирғиз миллатига ўхшамаган, бироқ бошларида қирғиз миллий оқ қалпоғини кийган 12 нафар одам бир неча хонадон дарвозаларини таққиллатиб ғойиб бўлган. Бундан ваҳимага тушган маҳалла фаоллари Ўш милициясига телефон қилиб, воқеа тўғрисида хабар берган:

- Бу маълумот тушиши билан Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг тергов гуруҳи Фарғона кўчасида одамларни безовта қилганларни қўлга олди. Улар 12 киши бўлган. Барчаси чет давлатлар; Америка, Канада, Корея ва Украина фуқаролари бўлган, - деди Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбаев.

Унга кўра, қўлга олинган шахслар текширилганида, улар маданий-диний маълумотларни ўрганиб, уларни тарқатиш бўйича шуғулланган христиан-баптистлар бўлган. Бугунги кунда уларнинг барчаси қўлга олиниб, Бишкекка юборилган.

Маълум бўлишича, уларга Боткен шаҳрида оқ қалпоқ совға қилишган, Фарғона кўчасида эса қирғиз миллатига мансуб танишларининг уйида тунаб қолиш учун пайдо бўзлишган. Бироқ ўз танишлари уйини топа олмай бошқа уйларни таққилатиб сўрашга мажбур бўлишган.

Куни кеча WhatsApp фойдаланувчиларига номаълум шахслардан "7-8-9-май кунлари Қирғизистонда уруш бошланиб кетиши мумкин, одамлар кўп йиғилган жойларга, концертларга борманглар”, деб қирғиз тилида ёзилган хатлар келган. Айрим одамлар бу хатни суратга олиб Интернетга жойлаштирган.

Бундан ташқари ўшлик қирғизлар орасида асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи “Амур Темур шаҳарчасида ўзбекларга қурол тарқатилмоқда” қабилида миш-миш тарқалган.

Икки миллат ўртасида ваҳималарнинг тарқалиши ортидан 8 май куни Ички ишлар вазирлигининг 10-бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Раҳим Салимов журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди.

Анжуманда гўёки ўзбекларга қурол тарқатилаётгани борасида берилган саволга у қуйдагича жавоб берди:

- Бу гапи миш-мишлар ўз тасдиғини топгани йўқ. Булар фақат миш-миш даражасидаги сўзлар. Бу бу миш-мишлар тегишли тузилмалар томонидан диққат билан ўрганилди ва ўрганилаяпти, - деди Раҳим Салимов.

9 май Ғалаба куни Ўшда хавфсизликни сақлаш учун куч тузимлари кучайтирилган тартибда иш олиб бормоқда. Бугун2 мингдан ортиқ милиция ходими ва 3 минга яқин халқ қўшинлари жамаот тартибини сақлашга кўмаклашмоқда.

Айтиш жоизки, 2010 йил Ўш воқеаларидан сўнг баҳор ойи сўнгида Ўшда бу каби миш-мишлар тарқалиши анъанага айланган. Қирғизистон расмийлари бу маълумотларни тарқатишдан манфаатдор кучлар борлигини айтиб келади, лекин бу “манфаатдор кучлар” ким экани ҳшу кунгача очиқланмаган.

Ички ишлар вазирлиги 9 май куни Бишкекда WhatsApp орқали қирғиз тилида ваҳимали миш-мишларни тарқатишда гумонланган уч киши қўлга олинганини маълум қилди. Хабарда айтилишича, улар 17-25 ёшдаги икки йигит ва бир қиз бўлган.

XS
SM
MD
LG