Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

КХШТ: Афғонистондан келадиган эҳтимолий таҳдидни қайтаришга тайёрмиз!


Қабодиён туманида жойлашган ҳарбий полигон
Қабодиён туманида жойлашган ҳарбий полигон

Тожикистон жанубида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар ҳарбийларининг уч кунлик машғулоти якунланди. Ташкилотчиларга кўра, машқлар Афғонистондан кутилган эҳтимолий таҳдидларни бартараф этишга қаратилган. Айни пайтда Афғонистон шимолида ҳукумат қўшинлари ва Толиблар ўртасида жанглар шиддатли тус олмоқда.

Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзонинг айтишича, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатларнинг тезкор кучлари – "ҳар қандай замонавий таҳдид ва хатарларни бартараф этишга тайёр".

Бу ҳақда Шерали Мирзо 19 май куни КХШТ тезкор кучларининг ҳарбий машқлари поёнида маълум қилди.

КХШТга собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган олти республика – Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзодир.

Россия бошчилигидаги КХШТга Ўзбекистон ҳам аъзо эди, лекин 2010 йилда уни тарк этди.

Тожикистон жанубидаги Қабодиён тумани ҳарбий полигонида бўлиб ўтган уч кунлик машғулотда КХШТга аъзо давлатларнинг 2500 нафардан кўпроқ ҳарбийлари иштирок этди.

Генерал Шерали Мирзо КХШТ тезкор кучларининг ушбу машғулотини “қониқарли” дея баҳолади.

Ўз навбатида КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа Афғонистон шимоли ва шимоли шарқидаги беқарорликлар КХШТга аъзо давлатлар, хусусан Марказий Осиё тинчлигига “ҳар лаҳзада” жиддий таҳдид солиши мумкинлигини айтди.

Унга кўра, КХШТ тезкор кучлари тожик-афғон чегарасига яқин жойлашган Қабодиён ҳарбий майдонда машғулот ўтказишдан мақсад ўхшаш таҳдидларга тайёр турилганини кўрсатиш эди.

Кузатувчилар сўзларига кўра, машғулот пайтида Афғонистон ҳудудидан ҳамла уюштирилса, уни зудлик билан бартараф этиш йўллари амалда синаб кўрилган.

Тожикистондаги Озодлик мухбирининг хабар беришича, айни мақсадда машғулотга 20та қирувчи самолёт, 30та ҳарбий ва транспорт вертолёти, 200та зирҳли ҳарбий техника жалб этилган.

Марказий Осиёлик жангарилар таҳдиди

Ҳарбий машғулотлар
Ҳарбий машғулотлар

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Шаҳритус туманидан Дарвоз туманларига қадар бўлган ҳудудларни қамраб олган машғулот Афғонистон шимоли ва шимоли шарқидаги Жузжон, Форёб, Қундуз, Тахор ва Бадахшон вилоятларида афғон миллий армияси ва исёнчилар ўртасида жанглар кучайиб бораётган бир паллада бўлиб ўтди.

Ўрта Осиё мамлакатлари ҳукуматларини хавотирга солган бир жиҳат Толибон сафларида Марказий Осиё, Хитой ва Кавказдан борган жангариларнинг борлиги ва Афғонистондаги жанглар кўламининг кенгайиб бораётганидир.

Афғон расмийларига кўра, ҳозирда Толибон жангарилари Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларига яқин ҳуддуда жойлашган Кундуз вилоятининг 65 фоизини ўз назоратига олган.

Қундуз вилояти ҳокими айни пайтда Толибон сафида бўлган 3 мингга яқин жангарининг 90 фоизи Марказий Осиё ва Кавказдан борган хорижликлар эканини тасдиқлади.

Унга кўра, Афғонистонга “ҳар куни покистонлик, чеченистонлик ва ўзбекистонлик юзлаб жангарилар” кириб келмоқда.

Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош вилоятларида ҳам вазият оғирлашган: аҳоли яшовчи овлоқ ҳудудлар жангарилар назоратига ўтмоқда, маҳаллий аҳоли ўз уй жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг Вазиристон минтақасидан Афғонистонга кўчиб ўтаётгани ҳақида хабарлар аввалроқ пайдо бўлган эди.

Гуруҳ раҳбари Усмон Ғозий “Фейcбук" тармоғида қилган сўнгги баёнотида гуруҳ, асосан Афғонистон шимолига кўчганини тасдиқлаган.

Ўзбекистон исломий ҳаракати май ойи бошида баёнот тарқатиб, Афғонистондаги ўзбекларни “деҳқончиликни йиғиштириб, қўлга қурол олишга” чорлаганди.

Кузатувчиларга кўра, 1992 йилда таъсис этилган КХШТ таркибида бўлган кучлар бирорта минтақавий низода иштирок этгани йўқ.

Бу ҳолат эса Ўрта Осиёлик жангарилар таҳдиди ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

XS
SM
MD
LG