Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:25

Қирғизистонлик ўзбеклар она тилида имтиҳон топширишдан маҳрум қилинди


Қирғизистонлик ўзбек мактаби битирувчилари умумреспублика тестларини илк маротаба ўз она тилларида топшириш имкониятидан маҳрум қилинди. Бунинг ортидан келажакда медицина, тижорат ва бошқа соҳаларда ишлашни орзу қилган ўзбек ёшлари имтиҳонни рус ёки қирғиз тилида топширишга мажбур бўлди.

Жорий йилдан бошлаб Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари олийгоҳлар учун кириш имтиҳони вазифасини ўтовчи Умумреспублика тестларини ўзбек тилида топшириш имкониятидан маҳрум этилганди.

Шу сабабли ўзбек мактаби битирувчилари бундан буён қирғиз ёки рус тилидагина тест топширади. Ўзбек мактаби битирувчиларининг аксарияти жорий йилда имтиҳонни рус тилида топширган.

Шу йилнинг 18-23 май кунлари, икки босқичда бўлиб ўтган тест имтиҳонларини Ўшдаги Киров номидаги ўрта мактабда топширган мактаб битирувчиларидан бири Фахриддин келажакда шифокор бўлиш ниятида.

Уўзбек тилида тест топшириш имкониятидан маҳрум этилгач,қирғиз тилида имтиҳон топширган:

- Имтиҳонни қирғиз тилида топшириш озгина қийин бўлди. Чунки кўп сўзлар тушунарсиз, тушуниш қийин. Кўп мисоларнинг маъносига тушунмаганим учун ҳам мен кўп хато қилган бўлишим мумкин. Бир мисол жавобини белгилаб, кейин қарасам, савол маъноси бошқача экан. Уни қайта тўғрилашимга ҳам тўғри келди. Мен русчадан кўра қирғиз тилини яхшироқ тушунганим учун ўша тилда топширдим, -дейди Фахриддин.

Унга кўра, бу йилда у ўқиган мактабда 30дан ортиқ ўқувчи мактабни тамомлаган. Улардан ўндан ортиғи умумреспублика имтиҳонларида иштирок этган.

2014 йилдан бошлаб Маориф вазирлиги тестлардан ўзбек тилини олиб ташлаш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ рус ёки қирғиз тилини яхши билмаслиги ҳақида ариза ёзган ўқувчиларга ўзбек тилида имтиҳон топширишга рухсат берилган эди. Жорий йилдан бошлаб ўзбек мактаби битирувчилари бу имтиёздан ҳам фойдалана олмайди.

Расмий маълумотларда Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги 91 мактабда ўқитиш ўзбек тилида олиб борилиши айтилган. Яна 132 мактабда эса ўзбек-қирғиз ва ўзбек-рус тилларида билим берилади.

2002 йилда жорий этилган Умумреспублика тест синови Қирғизистонда 12 йилдан буён қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказиб келинган.

Айни пайтда, тестлардан ўзбек тилининг олиб ташланиши “Олийгоҳни битиргач, ўзбек бўлганим учун иш топишим қийин бўлади”, деб ўйловчилар сонини яна кўпайтирди.

Масалан, юқорида биз билан суҳбатлашган қахрамонимиз таҳсил олган мактабда бу йилда 30га яқин ўқувчи ўқишни тамомлаган бўлса, улардан ўндан ортиғигина умумреспублика имтиҳонларида иштирок этган.

Ўз исмини айтмаслик шарти билан биз билан суҳбатлашган мактаб битирувчиларидан бири мана буларни айтди:

- Мактабни битиргандан сўнг кўпчилигимиз ишга, кўпларимиз ўқишга кирамиз. Ўқишга топширгандан кейин, бир нарсага ҳаракат қилгандан кейин охирига етказиш керак. Лекин ўқишни тамомлагандан сўнг бирон бир ишга ўрнаша олмасангиз ўқиган умр бекорга кетган бўлади. Шу томонларини ўйлаб, мен ўқишга киришга ҳаракат қилмадим. Ҳозир ўзбеклар ўқиб нон топа олиши қийин, - дейди суҳбатдошимиз.

Ҳозирча Ўшда куни кеча якунланган имтихонларда қанча ўқувчи иштирок этгани ва улардан қанчаси ўзбек битирувчиларини экани тўғрисида Маориф бошқармасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Маълумотларга кўра, Қирғизистонда жорий йилда мактабни 70 мингдан ортиқ ўқувчи тамомламоқда.

XS
SM
MD
LG