Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Ўш-2010: Қонли кунларда ўзбек қирғизни, қирғиз ўзбекни қутқарган


Ўшлик ўзбеклар ва қирғизлар Ўш воқеаларидан сўнг маҳаллаларни бирга тозлашаётган пайтда олинган сурат.
Ўшлик ўзбеклар ва қирғизлар Ўш воқеаларидан сўнг маҳаллаларни бирга тозлашаётган пайтда олинган сурат.

Бундан беш йил аввал содир этилган Ўш воқеаларида қирғизларни қутқарган ўзбеклар ёки ўзбекларни қутқарган қирғизларни кўплаб учратиш мумкин. Қонли воқеалар чоғида ўз уйида қирғиз миллатини сақлаб қолган ўшлик ўзбеклардан бири Холис опадир.

Холис опа Сулаймон тоғи этагидаги маҳаллардан бирида истиқомат қилади. У кўп йиллардан бери уйидаги хоналарин қирғиз талабаларга ижара бериб тирикчилик қилиб келган. Ўш воқеалари бошланганида ҳам унинг уйида қирғиз талабалар бўлган.

У Ўш воқеалари бошлангач, аввалига уйидаги талабаларни ҳимоя қилгани, бироқ шаҳарда ваҳима кучайгач, уйини қирғиз талабарига ташлаб ўзи Ўзбекистон чегарасига кетганини хотирлайди:

- Олабуқаликлар, Чўнг Олой, Катта Олой дейди, ўша ерликлар ҳам бор эди. Уларни катта қозонда овқат қилиб, мана шу катта уйимга киритиб қўйдим. Газлар ҳам узилиб кетган, тепадаги уйимда ўтиришди. Черемушкага ўт қўйилганидан сўнг мен: “Ўлмай келсам, мени уйим. Ўлиб кетсам, Холис опани уйи, деб ўтирарсизлар, болам”, деб чиқиб кетдим. Унгача ҳаммамиз бирга эшикни ёпиб олиб ўтиравердик. Бирор одам келиб эшикни таққилатиб уриб, ўзбек бор экан ёки қирғиз бор экан, деб келмади. Хеч ким эшигимизни тақиллатиб келмади. Фақат ўт кетябди, Черемушка куйиб кетаяпти экан дегандан кейин қари нарса қўрқиб кетиб қолдим, -дейди Холис опа.

Опа уйига қайтгач қирғизлардан ижарачи қўйишни давом эттирган. Унинг уйида ҳозир ҳам қирғиз ижарачилари бор.

Кўплаб қирғизларни қутқарган одамлар орасида наримонлик Дилмурод Ҳайдаров ҳам бор. Бу шахс июнь воқеаларидан сўнг “тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдирганликда” айбланиб қўлга олинган эди. Бироқ 4 йил давом этган суд жараёнидан сўнг унга билдирилган айбловларнинг асосий қисми олиб ташланган ва “тартибсизликларда иштирок этиш” айби билан озодликдан маҳрум қилинган. Аммо унинг 4 йўл ҳибсда ўтиргани қамоқ муддатини ўташ сифатида қабул қилиниб, 2014 йил апрелида суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Қирғизистонлик ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Дилмурод Ҳайдаровни судлаш эмас, балки қонли кунларда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ўнлаган бошқа миллат одамларини қутқарган қаҳрамон сифатида мукофотланиши кераклигини айтиб чиққан.

-Худо хоҳласа, тўла оқланиш учун курашимизни давом эттирамиз. Чунки мен шахсан Ўш воқелари пайтида бирорта ноқонуний ҳаракат қилганим йўқ. Мен Ўшдаги топбазада ишлайдиган 25 та қирғиз аёл ва қизларни, заправкада ишлайдиган Айтмамат акани оиласи ва акаси билан билан хавфсиз жойларга олиб чиқиб қўйдим. Бундагн ташқари “Достон” кафесида ишлайдиган официант қизларни, Хитой фуқароларини, эронликларни хавфсиз жойларга кўчирдим. Ўш воқеаси кунлари мен халқимизнинг тинчлиги учун қўлимдан келганича хизмат қилдим, -деган эди Дилмурод Ҳайдаров озодлик радиосига.

Ўш воқеалари чоғида ўзбекларни сақлаб қолган қирғизлар ҳам кўп учрайди. Улардан бири қонли воқеалар пайтида уйларига беркиниб, оч қолган ўнлаб ўзбекларга озиқ - овқат олиб бориб берган Жалил Жээнбековдир.

У 5 йил аввал содир бўлган Ўш воқеаларида ўзбек миллатига мансуб қўшниларини ўз уйида яшириб, мол - мулкини сақлаб қолганлардан бири.

- Мен Западний кичик районининг 24-домида яшайман. Ўзимизнинг двордаги 10-15 одамни олиб келиб, милицияда ишловчи қирғиз йигити, Алмаз деган йигитнинг уйида 2 кун сақладик. Ўшаларнинг барчаси ўзбек эди, биз уларни хавфсизлигини сақлайлик деган ниятда иттифоққа келиб ҳаракат қилдик. Кейин, учинчи куни уларни ўз хоҳшига кўра, “хафсиз ҳудудга олиб бориб қўйинглар дейишгани” учун Дўстлик кичик районига олиб бориб ўзбекларга қўшиб қўйганмиз, - дейди Жалил Жээнбековдир.

Ўшда Жалил, Дилмурод ва Холис опа каби бошқа миллат вакиллари ҳаётини сақлаб қолган, уларни ҳимоя қилган одамлар жуда кўп.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев орадан 5 йил ўтгач эски ярани янгилаш ўрнига ўша даврда бир бирларини сақлаганларга миннатдорчилик изҳор қилиш ташаббусини кўтармоқда.

- 2010 йили Ўш қирғини чоғида кўплаб қирғизлар ўзбекларни, ўзбеклар қирғизларни сақлаб қолганининг ўзим ҳам гувоҳи бўлганиман. Шуларга давлат томонидан бир ёрлиқ бериб, ўшаларни ҳалққа кўрсатиб, “Дўстлик манақа бўлади, шулардан ўрнак олинглар”, дегандай бир иш бўлмаяпти. Шундай қайғули воқеада 10 одам хаётини сақлаб қолган одамларга бугунги кунда хеч ким рахмат айтмаябди, - дейди Изатилло Рахматуллаев.

Ҳуқуқ фаоли Изатилло Раҳматуллаев эса, бу таклифини бир неча кун олдин Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевга ҳам юборганди.

Айни пайтда юқорида биз суҳбатлашган қаҳрамонларнинг ўзлари бу ишлари ҳукуматдан мукофот олиш мақсадида қилмаганларини айтишади.

2010 йил 10 июндан 14 июнга қадар давом этган қонли воқеалар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган, яна минглаб одам уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG