Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:23

Россия чегарасини бузаётган муҳожирлар кўпаймоқда


Russia--Dushanbe-Moscow train for Shakirov migrant story, Jun2009
Russia--Dushanbe-Moscow train for Shakirov migrant story, Jun2009

Жорий 2015 йилда Россия Федерацияси чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринаётган меҳнат муҳожирлари сони кескин кўпайиб кетди. Россия чегарачилари Россиянинг айниқса Қозоғистон билан чегарадош жанубий ҳудудлар орқали киришга интилаётган мигрантларнинг аксар қисмини мамлакатдан миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинганлар ташкил этаётганини таъкидлаяпти.

“Чегарани отда кесиб ўтди!”

25 июн куни Россиянинг Курган вилояти прокуратураси Ўзбекистон фуқаролари бўлган 22 ёшли эркак ва 35 ёшли аёлга жиноий айблов эълон қилди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаб берган вилоят прокуратураси расмийси Оксана Шведкина ўзбек муҳожирлари Россия-Қозоғистон чегарасини отда кесиб ўтганини билдирди.

- Айблов хулосасига кўра, 25 июн куни ўзбекистонликларга нисбатан Россия Федерацияси жиноят Кодексининг 322 моддаси 3 қисми, яъни олдиндан келишилган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан Россия давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда прокуратура айблови эълон қилинди. Улар Петухово туманида иккита отда кетаётганида чегарачилар томонидан ушланди, деди прокуратура вакиласи.

Курган вилоят прокуратураси олдинроқ депортация қилингани аниқланган чегарабузар ўзбекистонлик эркак ва аёл олти йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкинлигини маълум қилди.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Чегара бошқармаси хабарига кўра, 2015 йилда Россия чегарасини бузиб киришга уринаётган хориж фуқаролари сони кескин ошиб кетган. Буларнинг асосий қисмини Россия миграция қонунчилигини бузгани учун муайян муддатга кириш чекланган, хусусан, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ташкил этмоқда.

“Россияга кириш учун ҳар қайси усулдан фойдаланишмоқда!”

Озодлик таҳририятига келиб тушаётган хабарлардан чорасиз қолган ва ўз юртида иш топишига кўзи етмаган муҳожирлар мавжуд барча имкониятларни ишга солиб, Россияга кириб келишга уринаётганини кўриш мумкин...

Шу йилнинг 7 февралида Россиянинг Омск вилоятининг Исилкўл туманига қарашли Қозоғистон билан чегарада жойлашган“Исилкўл” назорат пунктида ўзбекистонлик 31 ёшли Бахтиёр Очилов тўхтатилди. Рус чегарачилари унга 2017 йилнинг 20 декабригача миграция қоидаларини бузгани учун Россияга кириш 3 йилга тақиқланганини тушунтириб, Қозоғистонга қайтариб юборади.

Бахтиёр Қозоғистонда яна бир мунча вақт юриб, 22 февралга ўтар кечаси Тюмень вилоятининг Қозон туманидаги “Козон” чегара назорат пунктини чанғида айланиб ўтди, аммо Ильинка қишлоғи яқинида Россия чегарачилари томонидан тўхтатилди.

Тюмень вилоятининг Қозон тумани прокуратурасида Бахтиёр Очилов ишини тергов қилган Николай Хрушчиков Озодлик билан суҳбатда ўзбек мигранти чегарада чанғида сайр қилиб юргани учун 2 йиллик қамоқ жазоси ва муайян миқдорда пул жаримасига тортилганини билдирди:

- Очилов ишими? Унинг иши аллақачон 22 июнь куни судда кўриб чиқилди, ҳукм чиқарилди. Айтишим керакки, бундай ишлар сони жуда кўпайиб бормоқда. Уларнинг деярли ҳаммаси – депортация қилинган мигрантлар. Улар машинада, пиёда, поездда, чанғида – хуллас, барча усуллар ёрдамида иш излаб кириб келмоқда. Тўғриси, қанчага кўпайгани тўғрисида аниқ маълумот бера олмасамда, прокуратурамизда кўриб чиқилаётган бундай ишлар сони кўпайганини тасдиқлайман, дейди прокуратура ходими Николай Хрушчиков.

Бундан олдинроқ, Оренбург вилоятининг Орск шаҳар чегарачилари давлат чегарасидан 19 километр ичкарига кириб борган “Никель-Тау - Орск” юк поезди вагонидан тушаётган 8 нафар чегарабузарни ушлаган: уларнинг бир нафари Россия, еттитаси Ўзбекистон фуқароси бўлгани ва олдин Россиядан бадарға қилингани аниқланди. Ушланган ўзбеклар жаримага тортилиб, 10 йилга депортация қилингани, россиялик эса 2 йилга қамоққа ташлангани айтилган.

Жорий йилнинг 12 апрелида “Зауралье” темир йўл назорат пунктида чегарани поезднинг кўмир юкланган вагонида кўмир орасига жой қилиб ўтаётган уч ўзбек муҳожири аниқланди ва жавобгарликка тортилди. Бундан икки кун олдин эса “Петухово” чегара пунктидан ўтиб бораётган автобуснинг эҳтиёт қисмлари сақланадиган сандиғида тўрт (!) нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Москвага саёҳат қилаётганида топилди.

2014 йилнинг 15 октябрида Россиянинг Саратов вилоятига Қозоғистон томонидан чегарани бузиб кириб келган 11 нафар ўзбекистонлик ва бир қирғизистонликушланган эди. Мигрантлар қозоқ-рус чегарасини от аравада кесиб ўтаётганида қўлга олингани маълум қилинган эди.

Россияга айланма йўллар билан кириб келишга ҳаракат қилаётганларнинг асосий қисми чегарани пиёда кесиб ўтишга уриниши қайдга олинган.

2013 йилнинг 2 декабрида Омск вилоятининг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудида "ўғри" йўллардан бирида 37 ёшли ўзбек аёли ушланган. Омск вилояти Чегара хизмати ходимлари қозоқ чегарасигача кузатиб келган “проводниклар”га пул берган бечора аёл 5 яшар боласини ҳам опичиб, чегарадан ўтаётганида қўлга олинганини хабар қилди.

Россияга интилаётганларнинг яна бир қисми паспортини алмаштириб ва фамилиясини ўзгартириб кириб келишга уринмоқда. Россия Федерал миграция хизмати бунга жавобан мигрантларни оммавий дактилоскопия – бармоқ изларини олишга киришди.

Ўтган йилнинг сентябрида Петербургдаги Москва туман суди Россияга ноқонуний йўл билан қириб келган ўзбекистонлик Азамат Ҳакимовни 35 минг рубл жаримага тортди ва 10 йиллик муддатга депортация қилди. Аниқланишича, ўзбек муҳожири укасининг паспорти билан Астрахан вилояти орқали Россияга кириб келган, бир йил яшаган, аммо Петербургдан чиқиб кетаётганида чегарачилар паспорт уники эмаслигини пайқаб қолган.

Бундай ҳолатларни кўп мисол келтириш мумкинлигини Озодликка гапирган Тюмень вилоятининг Қозон туман прокуратураси ходими Николай Хрушчиков, Тюмень ва Курган вилоятларида 2013 йилда Россиядан бадарға қилинган 4 минг муҳожир чегерани кесиб ўтаётганида ушланган бўлса, 2014 йилда бу кўрсаткич 7 минг кишига етганини айтди. Россия ФСБси Чегара хизмати хабарига кўра, 2015 йилнинг биринчи чорагида бу икки вилоятнинг ўзида 1,5 минг чегарабузар мигрант ушланган.

Россиядан депортация қилинган мигрантлар сони кўпайиб бораётгани ортидан, Россия билан айниқса Қозоғистон чегара ҳудудларида бу вазиятни даромад манбайига айлантирган уюшган гуруҳлар пайдо бўлганини таъкидлади.

- Улар сони яқин орада камаймайди. Одамлар пул ишлагани келяпти, бошқалар чегарани мавжуд барча транспорт воситалари ва пиёда орқали кесиб ўтишда “кўмаклашяпти”.Бироз ғалати туюлсада, бу нормал ҳолат – оғир аҳволга тушган одам ҳар нарсага тайёр, дейди ўзбек муҳожирлари ҳолатини яхши тушунаётганини гапирган Николай Хрушчиков.

Таъкидлаш жойизки, иқтисодий аҳволи ёмон бўлган мамлакатлардан билан бойроқ давлатларга ноқонуний йўллар билан кириб боришга уринаётган муҳожирлар сони бошқа мамлакатларда ҳам кўпаймоқда.

“Бу ерда аҳвол оғир”

Озодлик Россияда 2016 йилгача депортация қилинган ва ноиложликдан қозоқ чегарасини бузиб ўтишга уриниб кўрган самарқандлик аёлни суҳбатга тортди.

Ўзини Юлдуз деб таништирган 36 ёшли бу аёл охирги дақиқада Қозоғистон чегарасидан Россияга ўтмасликка қарор қилганини айтиб берди. Суҳбатдош депортация муҳлати тугашига роппа-роса 1 йил қолди, дейди:

- Мен Россиядан чиқиб, уч ойдан кейин қайтиб келганимда, чегара 2016 йил 25 июнгача менга ёпилганини билдим. Сабабини кўрсатишмаган. Мана, ҳолигача иш тополмасдан юрибман... Аҳвол бу ерда қийин. Ўғлим касал, қизимни тўй қилишим керак, участкам охиригача битмаган. Имкон бўлса, ҳозироқ кириб борардим Россияга, деди Юлдуз.

У иқтисодий танглик одамларни ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса ҳам Россияга қайтиб киришга ундаётганини айтди.

Муҳожир аёл одамларнинг маслаҳатига кўниб, қозоқ-рус чегарасига бориб келганини ҳам сўзлади.

- Чегарани кесиб ўтиш учун борганман, лекин бир ўзим бўлганим учун қўрқиб, ортга қайтганман. Қозоғистонда проводниклар ўтказиши керак эди. Актюбинск билан Уральск орасида ўтилар экан. Поезд билан кетилади, бир суткали йўл. Актюбинскдан кечаси минасиз, Қозоғистондан “чиқди” деб печать уради, лекин Россия таможнясига кирмайсиз: Россия территориясидан 3 соат поезд юради. Проводник сизни олиб боради. Ана шу пайтда поезд тўхтаганида одамлар ўзини отворади, ўша ерда трассада 100 метр нарида машина туради – югуриб бориб машинага минади, пул ҳам ўшанга берилади. Одамлар ҳафталаб, ойлаб Қозоғистонда ўтишни кутар экан. Ўша ердаги проводник ойига икки маротаба 12-13-та одамни ўтказишини эшитдим. Ҳар бир одам 1200 – 1500 доллар беради. Мен Қозоғистонда яхши проводник топа олмадим – Худонинг ўзи бир қайтарди! - деди Юлдуз.

Суҳбат давомида Юлдуз унинг Россияга киришга қўйилган тақиқ муддати якунланишини интизорлик билан кутаётгани, йўл очилса ўша куниёқ Россияга кириб боришини билдирди. У Россиядаги оғир вазият ўзи яшаётган ҳудуд иқтисодига сезиларли даражада салбий таъсир ўтказганини ҳам маълум қилди.

Самарқандлик Юлдуз билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:57 0:00
Бевосита линк

Олдинроқ, Россия Федерал миграция хизмати мамлакат қонунчилигини бузганликда айблаб, 1 миллион 400 мингдан зиёд хорижликка ўз чегараларини ёпганини эълон қилгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG