Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:29

Рус миллатчилари Заки Валидий ёдгорлиги ўрнатилишига қарши чиқди


Истанбул университетида Субудей Тўғон отаси Заки Валидий ёдгорлиги ёнида, 2012 йил, 25 май
Истанбул университетида Субудей Тўғон отаси Заки Валидий ёдгорлиги ёнида, 2012 йил, 25 май

Таниқли бошқирд фаоли, машҳур тарихчи ва Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракати раҳбарларидан бири Аҳмад Заки Валидий Тўғонга бағишлаб Бошқирдистоннинг Уфа шаҳрида ёдгорлик ўрнатилишига маҳаллий рус миллатчилари қарши чиқди. Аҳмад Заки Валидийни “рус давлатчилигининг ҳар қандай кўриниши душмани" деб иддао қилаётган “Бошқирдистон руслари йиғини” аъзолари республика раҳбариятига очиқ хат йўллади.

Миллатчилар Заки Валидий ёдгорлигига қарши

Россия миллатчилари машҳур тарихчи-олим, Туркистондаги озодлик ҳаракати етакчиларидан бири, 1921 йилда Бухорода тузилган Туркистон Миллий Бирлиги асосчиси Аҳмад Заки Валидий Тўғонга бағишлаб, Уфада ҳайкал ўрнатишга қарши чиқди.

Россия оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарга биноан, “Бошқирдистон руслари йиғини” (“Собор русских Башкортостана”) ташкилоти Интернет орқали Бошқирдистон раҳбари Рустам Ҳамитовга қилган очиқ мурожаатида ёдгорлик ўрнатиш “ўта зарарли” экани ва “кўпмиллатли минтақада миллий мувозанатга чек қўйиши” мумкинлигидан огоҳлантирган.

“... Аҳмад Заки Валидий Россия ватанпарвари экани тўғрисида бирор маълумот йўқ. Аксинча, унинг қизғин сиёсий фаолияти изма-из Россия давлатининг ҳар қандай кўринишига қарши принципиал курашдан иборат бўлган. Аҳмад Заки Валидийнинг асосий идеали – мустақил Туркистон давлатини тузиш эди. У Россиядан нафақат Ўрта Осиёни, балки Урал ва Волгаорти ерларининг бир қисмини ажратиб олишга, яъни мамлакатимиз яхлитлигини бузишга қаратилган эди”, дейилади “собор”чилар мурожаатномасида.

Аҳмад Заки Валидий ёдгорлиги Петербургда
Аҳмад Заки Валидий ёдгорлиги Петербургда

Ўз фикрларини янада кучлироқ ифодалаш мақсадида мурожаатнома муаллифлари уни украиналик Степан Бандера ва унинг тарафдоралирини эса “украин миллатчиларига” менгзайди.

Бунинг ортидан Бошқирдистон президенти матбуот котиби Артём Валиев Бошқирдистон руслари мурожаати инобатга олингани ва яқин орада кўриб чиқилишини хабар қилди. Матбуот хизмати раҳбари ҳукумат режасида, энг аввало, “Улуғ Ғалабанинг 70 йиллигига ёдгорлик ўрнатиш” борлиги, иккинчи ҳайкалга эса “иқтисодий инқироз туфайли ҳозирча маблағ йўқлиги”ни ҳам қўшимча қилди. Шу билан бирга, Валиев 2016-17 йилларда Заки Валидийга ёдгорлик ўрнатишни истовчи ҳомий пайдо бўлса, бу масала ижобий ҳал этилиши мумкинлигини ҳам инкор этмади.

Айни пайтда,“Бошқирдистон руслари йиғини” етакчилари Аҳмад Заки Валидийга ҳайкал ўрнатишга қарши чиққан фаоллар “ўзларининг шахсий муносабатини билдирганини” таъкидламоқда.

- Бу соборимизнинг ташаббуси эмас, бу Ижроия қўмитаси аъзоларининг шахсий муносабати. Улар Ҳамитов билан бу масалада гапшашишди, ўз фикрларини билдиришди, аммо буни оммавий ахборот воситаларида “Рус йиғини” ташкилоти ташаббуси, дея келтирилиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Интернетда тарқатилаётган хат муаллифи Евгений Беляев, - деди айрим рус миллатчилари ўз хоҳиш-истакларини бу ташкилот номидан чиқаришга уринаётганини таъкидлаган матбуот котиби Гулнора.

"Кўк бўри" ташкилоти фаоллари "бозқурт" белгисини намойиш этмоқда
"Кўк бўри" ташкилоти фаоллари "бозқурт" белгисини намойиш этмоқда

“Кўк бўри” бошқирд миллатчилари ташкилоти раҳбари Азат Салманов маҳаллий ҳукуматни Заки Валидийни улуғлаш рус ва татарлар қаршилигига учраши мумкинлигидан қўрқаётганликда айблади.

- Валидий биз учун Салават Юлаев каби, французлар учун Наполеон каби миллий қаҳрамондир. На Юлаев, на Наполеонга бағишлаб ёдгорлик ўрнатишга ҳеч ким қарши чиқмади, ваҳоланки уларнинг рус халқига бўлган тарихдаги муносабатидан ҳамма хабардор, - деди “Кўк бўри” бошқарувчиси Азат Салманов.

Шўъролар даврида тузумнинг ашаддий танқидчиси ва душмани саналган Аҳмад Заки Валидий Тўғон (1890-1970) замонавий бошқирдлар учун миллат қаҳрамони, маърифатпарвари ва ғоявий йўлбошчиси бўлиб қолмоқда. Бошқирдистонда кўча, мактаб ва кутубхона унинг номи билан аталган. Қизиғи, Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербург шаҳрида Заки Валидий ҳайкали мавжуд.

Айтиш жойизки, олдинги республика раҳбари Муртазо Раҳимов Халқаро турк маданияти ташкилоти –ТУРКСОЙнинг 120 йиллигини нишонлаш давомида 2010 йилни "Аҳмад Заки Валидий йили" деб эълон қилган эди. Шу йилнинг ўзида Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги сайлгоҳга унинг номи берилди.

Аҳмад Заки Валидий ким бўлган?

Бошқирдистонда қишлоқ мулласи оиласида таваллуд топган Аҳмад Заки Валидий мадрасани битириб, Қозон шаҳридаги “Қосимия” мадрасасида таълим берган. 1915 йилда у Россия Давлат Думасида Мусулмонлар фракциясига депутат этиб сайланган.

Аҳмад Заки Валидий Тўғон, 1919-20 й.
Аҳмад Заки Валидий Тўғон, 1919-20 й.

1917 йилдан бошлаб Кремлдан мустақил бўлган Бошқирдистон республикасини тузишга киришган, аммо фуқаролар уруши йилларида совет тузумига қарши чиқиб, босим остида Бухорога қочиб ўтган.

Ўтган асрнинг 20 йилларида Заки Валидий собиқ хонликлар ҳудудларида совет тузуми ўрнатилишига кескин қаршилик кўрсатган, қуролли гуруҳларни бошқарган. 1921 йил августида Бухорода Файзулла Хўжаев хайрхоҳлигида Валидий бошчилигида Туркистон Миллий Бирлиги (ТМБ) ташкилоти тузилди.

У сиёсий фаол сифатида Бухоро амири Сайид Олимхон ва Хива аксилсовет намояндалари билан ҳамкорликда советлар томонидан “босмачилик” деб номланган ҳаракатни ташкил этишда иштирок этган, унинг ғоявий пойдеворини яратган. Аксилшўъро фаолияти давомида у “турк шери” Анвар пошшо билан ёнма-ён жанг ҳам қилган. Шу йиллари Аҳмад Заки Валидий аксилсовет ҳаракати намояндаси сифатида халқаро жамоатчилик эътиборини Марказий Осиёдаги ҳодисаларга қаратишга уринади, Эрон, Афғонистон, Туркия, Англия ҳукуматлари вакиллари билан учрашади.

1923 йилда Туркистон миллий-озодлик ҳаракати бостирилиши ортидан Файзулла Хўжаев ёрдамида у Афғонистон орқали Эрон, кейин Берлинга ўтган. 1925 йилда Аҳмад Заки Валидийга Туркия Вазирлар Маҳкамаси махсус қарори билан мамлакат фуқаролиги берилган. Кейинроқ, 1944 йилда у ўзининг “Советларга қарши “пантуркчилик” ва “турончилик” фаолияти учун 10 йилга қамоққа ташланган, аммо 17 ой ўтириб озод этилган.

Айрим маълумотларга кўра, Иккинчи Жаҳон уруши йиллари Заки Валидий Германия вермахтига асир тушган ва Туркистон легионида хизмат қилиш истагини билдирган бошқирдлар ва марказий осиёлик аскарлар билан учрашган.

Валидий илмий фаолият билан ҳам шуғулланган. Турк халқари тарихи муаллифи бўлган Заки Валидий 11 тилда 400 яқин илмий асарларни чоп этган. 1912-15 йилларда у Бухоро хонлиги ва Фарғона водийсига илмий сафар қилган, қатор илмий-тарихий мақолалар чоп этган.

1935 йилда Заки Валидий – Вена университетини тамомлаб, докторлик унвонини олган, Германиянинг қатор олийгоҳларида ўқитувчилик қилган. Кейинроқ, тарихчи олим сифатида умрининг охиригача Стамбул университетида турклар тарихидан дарс берган. У Манчестер университети фахрий доктори (1967), дунёнинг етакчи таълим муассасаларида турк тарихи ва давлатчилигидан маърузалар қилган.

Аҳмад Заки Валидий Тўғон 1970 йилда Туркияда вафот этган, Стамбулда “Қоражамоат” қабристонида дафн этилган.

XS
SM
MD
LG