Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Россия "қора рўйхат"идан 15 кун ичида 50 минг қирғизистонлик чиқарилади


Меҳнат мигрантларини аниқлаш бўйича ФМС ва полициянинг ҳамкорликдаги рейдларида қўлга олинган кўплаб марказий осиёликлар Россия "қора рўйхати"га киритилган.
Меҳнат мигрантларини аниқлаш бўйича ФМС ва полициянинг ҳамкорликдаги рейдларида қўлга олинган кўплаб марказий осиёликлар Россия "қора рўйхати"га киритилган.

Эллик минга яқин қирғизистонлик муҳожир шу ой ўрталарида Россиянинг “қора рўйхат”идан чиқарилади. Маълумотларга қараганда, Россияда турли қонунларни бузгани учун 77 минг қирғизистонлик “қора рўйхат”га киритилган.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Бўлўт Жунусов Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановскийбилан учрашиб, Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида кўзда тутилган имтиёзлар механизмлари тўғрисида сўзлашган.

Қирғизистон Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгани ортидан меҳнат муҳожирларига берилган енгилликлар орасида “қора рўйхат”га қайд этилган шахсларни мазкур рўйхатдан чиқариш ҳам бор. Бунинг учун меҳнат муҳожирлари аввал ўзларининг “қора рўйхат”га тушгани ёки тушмаганини аниқлаб олиши керак бўлади:

- Ҳозир интернетдан кўпчилик фойдаланади. Федерал миграция хизматининг интернетта сайти бор. Ўша сайтга кириб, махсус анкетани тўлдириш керак. Унда жинси, фуқаролиги, исим фамилиясини кўрсатиш лозим. Бир неча дақиқадан сўнг ўша одам рўйхатда бор ёки йўқлиги хақида жавоб келади,- дейди Бўлўт Жунусов.

Агарда фуқаро Россияда маъмурий қонунбузарлик қилган муҳожирлар рўйхатида бўлса, унда “қора рўйхат”дан чиқиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаши керак. Россияда бу ҳужжатларни тайёрлашга Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси, Бишкекда эса Меҳнат, миграция ва ёшлар вазирлиги ёрдам беради.

Айтиш жоизки, қонунбузарлиги учун 5 йилдан 10 йилгача Россияга кириши тақиқланганлар “қора рўйхат”дан чиқарилмайди. “Қора рўйхат”дан чиқиш имтиёзи фақат Россияга 3 йилгача кириши тақиқланган қирғизистонликларга берилади.

Санкт-Петербургда 19 июнь куни имзоланган қирғизистонлик муҳожирларга енгилликлар бериш назарда тутилган давлатлараро шартномада бошқа имтиёзлар ҳам назарда тутилган.

- Мазкур шартнома бир ой ичида, яъни 19 июлдан кучга киради. Шартномага мувофиқ Россияга борган қирғиз меҳнат муҳожири 30 кун регистрациядан ўтмасдан яшаш ҳуқуқига эга бўлади, - деди Қирғизистон Меҳнат, миграция ва ёшлар ишлари вазири ўринбосари Алмаз Асанбаев.

Россия Федерал миграция хизматига кўра, ҳозир мамлакатда 3 миллион 600 минг ноқонуний меҳнат муҳожири бор.

Россия Федерал миграция хизмати мамлакатда ноқонуний яшаб меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётганликда гумонланаётганларнинг ярмидан кўпини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этаётганини билдирган.

XS
SM
MD
LG