Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:41

Қалбаки авиачипталар, “расвои жаҳон” хонандалар


Самарқандда ўнлаб фуқарога сохта авиачипта сотган фирибгар ушланди. Бошидан пул сочаётганларга қуллуқ қилган Озодбек Назарбеков яна танқидга учради. Қашқадарёда ҳатто марҳумлар электрдан қарздорлар рўйхатига киритилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Акмал Саидов: Тошкент бўйича 76 фоиз етим болага тураржой ажратилмаган”

Вазирлар Маҳкамасининг 18-23 ёшли етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни тураржой билан таъминлаш бўйича топшириғи тўлиқ бажарилмаган (“Инсон ва қонун”, 14 июль).

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси, жорий йилги сайловда Ўзбекистон Президентлигига номзод Акмал Саидовга кўра, Тошкентга шаҳрида 175 нафар етим болага тураржой ажратилиши белгиланган бўлса-да, улардан 134 нафари (76,6 фоизи)га тураржой берилмаган. 31 нафарига тураржой берилган, аммо улардан 7 нафари берилган тураржойдан норози бўлиб қайтариб берган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Баҳромжон Обиджоновга кўра, хорижий фуқаролар томонидан фарзандликка берилган болаларнинг кейинги аҳволидан хабардорлик масаласи ҳам талаб даражасида эмас. Масалан, 2011-2014 йилларда Тошкент шаҳрида хориж фуқаролари ёки фуқаролиги йўқ шахсларга 25 нафар бола фарзандликка берилган.

“Самарқандда ўнлаб фуқарога сохта авиачипта сотган фирибгар ушланди”

Самарқанд шаҳри Даҳбед кўчасида авиакасса очиб, ўнлаб фуқароларга сохта чипта сотган фуқаро Фаррух Аноров қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 16 июль).

Фирибгар тадбиркор чипта сўраб мурожаат қилган мижозларга қалбаки электрон чипта сотган. Масалан, фуқаролар Ш.Усмонов, Н.Умрзоқов, Ж.Норматовлар Тошкент – Нью Йорк йўналиши учун 9,5 миллион сўмлик чипта харид қилган. Шу тариқа Ф.Аноров Россия, Туркия ва АҚШга йўл олган фуқароларга қалбаки чипта пуллаган. Мижозлар чипта сохта эканини аэропортдагина билган ва учолмай қолиб кетган.

Ф.Аноров эса “авиакасса”ни бутунлай ёпиб қочиб кетган. Ҳуқуқ органлари Ф.Аноровни ушлаб келган. Қайд этилишича, судланувчига 3 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ҳамда жабрланувчиларга зарарни қоплаш мажбурияти юкланган.

“Қашқадарёда ҳатто марҳумлар электрдан қарздорлар рўйхатига киритилган”

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Пахталисой қишлоғида бир суткада атиги 1-2 соат электр токи берилмоқда.

Қишлоқ фуқароларининг “Адолат кўзгуси” газетасига шикоят қилишича, шунга қарамай, ўқитувчи ва шифокорлардан ҳар ойда 100-150 киловатт электр энергияси учун мажбурий тўлов ушлаб қолинмоқда. Бу ҳам етмагандек, қишлоқдан бир неча йил аввал кўчиб кетганлар, ҳатто вафот этганлар электр энергиясидан қарздорлар рўйхатига киритилган.

Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Чироқчи тумани прокурори О.Паянов камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганини айтган.

“Чаласавод, ўғри ва расвои жаҳон хонандаларга қарши янги чоралар”

Хонандалар томонидан тарғиб этилаётган чаласаводлик, ахлоқсизлик ва тутуруқсизлик ёшлар таълим-тарбиясини бузадиган балога айланди.

Жорий ҳафта “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳамда бошқа бир неча нашрда чоп этилган танқидий материалларда мазкур масала кўтарилган.

“Божалар” гуруҳининг алмойи-жалмойи жумлалардан иборат қўшиқлари, Жасур Ғойиповнинг клипида тўйи бўлаётган қизнинг севган йигити олдига қочиб кетиши каби саҳналар ёки Севинч Мўминованинг алламбало рақслардан иборат клипи Ўзбекистон миллий кутубхонасида тасвирга олинишига рухсат берилишининг ўзи ҳақида бир ўйлаш керак” деган Ўзбекистон ёзувчилар уюшаси раиси Муҳаммад Али.

Шунингдек, хонандаларнинг хориждан қўшиқ ва мусиқа ўғирлаши, тўйларда ўзини тутиши “расвои жаҳон”лик деб баҳоланган. “Ўзбекнаво” бирлашмаси маълум қилишича, ҳозиргача қўшиқчиларга умумий лицензия берилади.

Эндиликда хонанданинг ҳар бир қўшиғини тасдиқдан ўтказиш ёки ўтказмаслик тартиби жорий этилмоқда. Шунингдек, эндиликда камида 60 фоиз жонли ижро қила оладиган санъаткорларгагина концерт ўтказиш учун лицензия берилади.

“Тиббий текширувдан ўтмаган қўлбола ичимликлар эмин-эркин сотилмоқда”

Тошкент вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази вакили Абдураҳмон Исмоилов фуқароларни тиббий текширувдан ўтмаган қўлбола ичимликлардан заҳарланиш хатаридан огоҳлантирди (“Оила даврасида”, 16 июль).

А.Исмоиловга кўра, бугун кўча-кўйда, ерости йўлакларида квас, морс, ўрик шарбати, айрон, гўжа каби қўлбола усулда тайёрланган ичимликлар хавфсизлиги ва сифатини кафолатловчи ҳужжатларсиз эмин-эркин сотилмоқда.

Аслида, салқин ичимлик тайёрловчи ва сотувчи шахс дерматолог, инфекционист, сил касалликлари шифокори, паразитолог ва бактериолог каби мутахассислар кўригидан ўтиши шарт.

“Афсуски, бугун кўча-кўйда салқин ичимликларни сотиб юрадиганлар тиббий текширув деган тушунчадан бутунлай йироқ” дейди санитария назорати вакили.

“Бошидан пул сочаётганларга қуллуқ қилган Озодбек Назарбеков яна танқидларга учради”

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан боғлиқ видео тарқалди (“Даракчи”, 16 июль).

Мазкур видеода тўй саҳнасида хониш қилаётган Назарбековнинг устидан икки бойвачча пул сочаётгани, бунга нисбатан хонанданинг қўлини кўксига қўйиб қуллуқ қилиб тургани тасвирланган. Ушбу ҳолат туфайли хонанда яна танқидлар нишонига айланган.

“Мазкур тасвирда Назарбеков пул сочаётган йигитларни саҳнадан туртиб тушириши ёки уларнинг ҳаракатига эътироз билдириб, қаршилик кўрсатиши мумкин эди” деб ёзади шоу бизнес нашри.

Аввалроқ хонанда О.Назарбеков қушлар билан безатилган антиқа таом олдида тушган сурати туфайли исрофгарликда айбланган эди.

XS
SM
MD
LG