Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:38

Жиззах ҳокими Ҳосила Раҳимова концертига билетларни мажбуран соттирмоқда


Озодлик манбаларига кўра¸ Жиззах шаҳар ҳокими Асрор Қобилов хонанда Ҳосила Раҳимованинг шаҳарда янги очилган стадионда 23 июль кунга режаланган концертига сотилмаëтган билетларни мактаб¸ боғча¸ касалхона ва маҳаллаларга мажбурлаб соттирмоқда. Хонанда продюсери бу жараëндан мутлақ бехабарлигини билдирган бўлса¸ концерт ташкилотчилари бундай мажбурлашга оид саволга жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев пайшанба кунги концертга билет соттириш уч кундан бери шаҳарда ўзига хос “террор” тусини олганини айтади:

- Янги очилган стадионга Ҳосила келиб¸ концерт бераркан. Ҳозир маҳалла раисларининг ҳаммаси бошини ушлаб ўтирибди. Шаҳар ҳокими уч кундан бери мажлис ўтказиб¸ билетларни шуларнинг бошига илиб қўйибди. Шаҳарда 34 маҳалла бор¸ ҳар бирининг раисига 30 тадан билет берибди. Битта билет 30 минг сўм. Агар билетларни сотмасанг¸ пулини ўзингдан ундираман¸ деб босим қилаяпти экан шаҳар ҳокими. Худди шундай¸ мактаб¸ боғча¸ соғлиқни сақлаш тизимига ҳам билет мажбуран ўтказилаяпти¸ дер экан ҳуқуқ фаоли¸ концертга билет оламан деган одам саноқли эканини қўшимча қилади.

- Маҳалла фаоллари уйма-уй юриб¸ мана Ҳосила Раҳимова келаяпти¸ концертга билет олинглар деса¸ текинга ҳам олмаймиз¸ дейишаяпти экан. Ҳамма ўз ташвиши билан овора¸ рўзғор ташвиши¸ кўпчиликда пул йўқ¸ Россиядан қайтиб ишсиз ўтирганлар кўп. Концертга боришга одамларда кўп ҳам иштиëқ йўқ. Биттаям билет сота олмаган маҳаллақўмлар бор. Ҳоким уларга¸ сотмасанг¸ ревизия юбораман¸ деб қўрқитаяпти экан. Биласиз¸ маҳаллалар ëш болалик аëлларга¸ кам таъминланганларга нафақа беришни ҳал қилади. Ҳоким ўчакишса¸ бир муаммо топади-да¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги расмийси¸ 23 июль куни шаҳар янги стадионида Ҳосила Раҳимова концерти ўтказилиши ва бу тадбир ташаббускори шаҳар ҳокими Асрор Қобилов эканини билдирди. Айни пайтда¸ бу концертга билетларнинг мажбуран сотилаëтгани ҳақидаги шикоятларга изоҳ бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

Ҳосила Раҳимова продюсерларидан бири Озодлик билан суҳбатда хонанданинг Жиззах шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзбекнаво” ташаббуси билан ташкиллаштирилган концерти режадагидай 23 июль куни ўтказилишини айта туриб¸ ташкилий жараëнга ўзи ва хонанданинг алоқаси йўқлигини таъкидлади:

- Биз бу концертнинг ташкилотчиси ҳам ¸ билет сотувчиси ҳам эмасмиз. Билетнинг нечталиги¸ неча пуллиги ëки текинлигидан хабаримиз йўқ. Концертга борамиз¸ аммо бу ëғига аралашмаймиз. Билетни мажбурлаб сотишаяптими¸ ялиниб сотишаяптими¸ ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ. Кимга сотган¸ неча пул туради¸ нима қилади¸ биз билмаймиз. Бу ҳокимият тадбири¸ дейишгани учун биз хўп деганмиз¸ деди хонанда Ҳосила Раҳимова продюсери.

23 июль кунги концерт ташаббусчиси деб тақдим этилган шахс Озодлик билан суҳбатда Ҳосила Раҳимова концертига билет сотиш масаласи тўлиғича стадион маъмурияти зиммасида эканини айтиш билан гапни қисқа қилди.

Ўзбекистонда Халқ артисти унвони борлардан тортиб кенг жамоатчилик орасида кўп ҳам машҳур бўлмаган хонандалар концерти билетлари ва улар дискларининг маъмурий босим орқали соттириш амалиëти тез-тез учраб туради.

Хусусан¸ жорий йил март ойида Жиззах Аккумулятор заводи ишчилари декабрь ойида бепул концерт берган Озодбек Назарбековнинг ўша концерт ёзилган диски заводдагиларга мажбуран 10 000 сўмдан ўтказилгани ҳақида Озодликка арз қилган эди.

XS
SM
MD
LG