Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:33

Ажрашган эр-хотиннинг мулки қандай бўлинади?


Аёлларни ажрашган пайти кўпроқ ота-онаси қилган сеп қизиқтиради.
Аёлларни ажрашган пайти кўпроқ ота-онаси қилган сеп қизиқтиради.

OzodJavobнинг навбатдаги сонида эр-хотин ажрашган пайти уларнинг мол-мулки тақсимланиши билан боғлиқ саволларга жавоб излаймиз.

Тошкентлик Лола исмли муштарий эри билан ажрашаётгани ва ўртадаги мулкни бўлиш борасида можаро келиб чиққани ҳақида ёзди:

“Тўйимиз бир йилча аввал бўлган. Яқинда ажрашишга ариза бердик. Лекин мени қийнаётгани онамларни тўйимизга қилган сепи. Ҳозир менга айтишаяптики, сепимни эрим билан иккаламиз ўртамизда бўлишармиш. Онам учта уйни бошдан-оёқ тўшаганлар. Пардаларим ҳам қиммабаҳо. Импорт гарнитур, стол-стул, диван- кароватлар ҳаммаси импорт. Булар онамни пулига олинган-ку. Эрим бир тийин ҳам сарфламаган. Илтимос шу тўғрими, аниқлаб беринглар?”, дея сўради тошкентлик Лола Фейсбук орқали.

Одатда Ўзбекистонда эр-хотин ажрашган пайтда аёл қўлида битта тугун билан кетади. Бу Озодликка бўлган мурожаатлардан маълум.

“Қизим эри билан ажрашганди, қайнонаси ҳеч нарса бермасдан кўчага ҳайдади. Қизим эри билан уч йил яшади. Шу вақтда янги уйга кўчиб ўтишди. Машина олишди. Лекин қизимга ҳеч нарса бермасдан ажраштиришди”, дея ёзди самарқандлик Карима опа.

Эр-хотин ажрашган пайтда уларнинг умумий мулки ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин. Бу ҳолда улар келишувларини нотариал тартибда тасдиқлатишлари мумкин.

Тошкентлик адвокатнинг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, агар эр-хотин ажрашиш пайти мол-мулкни бўлишда ўзаро келиша олмаса, ўртада низо туғилса, мулкдан уларнинг улушини аниқлаш учун судга мурожаат қилинади.

"Судга ариза берилгач, суд эр-хотиннинг умумий мулкини бўлишда уларга тенг улушда тақсимлайди. Суд мулкнинг қайси қисми кимга берилишини аниқлайди. Агар кимгадир теккан мулк ошиқроқ қийматда бўлса, иккинчи томонни рози қилиши лозим. Пул бериши мумкин ёки бошқа бир кўринишда компенсация қилиши мумкин", деди тошкентлик адвокат.

Айни пайтда Оила кодексида оилавий муносабатлар тугатилганда, эр ва хотин никоҳдан аввал яшаган даврда орттирган мол-мулкни уларнинг шахсий мулки деб ҳисобланиши ҳам қайд қилинган. Бу суд томонидан белгиланади.

Дейлик, эр уйланмасидан аввал қурган иморат ёки сотиб олган машина унинг шахсий мулки ҳисобланади ва ажрашиш пайти бу мулклар тақсимланмайди.

"Лекин ўртада никоҳ бўлгач, қўлга киритилган ҳар қандай мулк эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади ва суд мулкни ўртада тенг тақсимлайди. Масалан, никоҳдан сўнг машина олинган бўлса, у иккала томоннинг ҳам мулки ҳисобланади. Суд буни тенг тақсимлаш йўлини ҳал қилади. Машина бир томонга, машинага тенг қийматдаги бошқа мулк эса иккинчи томонга берилиши мумкин. Агар бунга томонлар рози бўлмаса, суд низони кимошди йўли орқали ҳал қилиши мумкин", деди тошкентлик адвокат.

Вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар (кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади.

Амалдаги тартибга кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида эътиборга олинмайди.

Мамлакат қонунларида эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлиши қайд қилинган.

Оила кодексининг 23-моддасида эр-хотиннинг умумий мулкига нималар кириши аниқ белгилаб берилган:

"Никоҳ давомида орттирган мол-мулклар, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклар, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади".

Тошкентлик ҳуқуқ фаолларидан бирининг айтишича, ажрашиш пайти мулк можароси билан боғлиқ ҳолатлар бўйича унга кўплаб мурожаатлар бўлган.

Ҳуқуқ фаоли тошкентлик келинлар сепининг ажрашгач қандай тақсимланишига ҳам ойдинлик киритди. Унга кўра, келин томонидан куёвнинг уйига олиб келинган барча нарса (гарнитур, гилам, стол-стул ва бошқалар) эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади ва ажрашиш пайти улар икки ўртада тенг тақсимланади.

Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG