Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Атамбаев АҚШга боришдан воз кечди


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев (ўнгда) БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев (ўнгда) БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан.

Қирғизистонлик кузатувчилар мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевнинг АҚШ сафарини бекор қилиши Қирғизистонни Ғарб давлатларидан янада йироқлаштириши мумкинлигини айтишмоқда. Уларга кўра, Атамбаев Россия билан алоқаларни ёмонлаштирмаслик учун мана шундай қарор қабул қилган.

Сентябрь ойи охирида Қирғизистон президент Алмазбек Атамбаев раҳбарлигидаги делегация АҚШга бир ҳафталик иш сафари билан бориши керак эди. Бироқ қирғиз томони мазкур сафардан бош тортди.

Президент матбуот котиби Алмаз Усеновга кўра, сафар бекор қилиниши шу йилнинг 4 октябрига белгиланган парламент сайлови билан боғлиқдир.

- Сентябрь сўнгида президент Алмазбек Атамбаев Нью-Йоркка БМТ Ассамблеясининг 70 йиллигига бориши керак эди. Бироқ мазкур сафар бекор қилинди. Негаки, ўзингларга маълум, олдинда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Давлат раҳбари сайлов олдидан мамлакатда бўлишга қарор қилди, - дейди Алмаз Усенов.

Атамбаев Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей йиғинида иштирок этиб, 28 сентябрда умумий сиёсий муҳокамада нутқ сўзлаши режаланганди. Мамлакат раҳбарининг сафари доирасида бир қатор Ғарб давлатлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши ҳам кутилаётганди.

Атамбаев 2011 йил декабрида президентлик вазифасига киришганидан бери бирор марта Қўшма Штатларга расмий ташриф билан бормаган. Мухолифатчи депутат Равшанбек Жеенбеков фикрича, президентнинг АҚШ сафаридан бош тортиши Қирғизистон билан Ғарб давлатлари муносабатларини янада совуқлаштиради.

- БМТга бормай Ғарб, Америка давлатлари билан муносабатларимиз ёмонлашса обрўли халқаро ташкилотлар ҳам биздан юз ўгиради. Америка етакчилигидаги Ғарб давлатлари Қирғизистонга кўрсатаётган иқтисодий, гуманитар, ижтимоий кўмаклар озайиши мумкин. Биз фақат Россияга суянишимиз тўғри эмас. Бундай сиёсат давлатимиз, ёшлар келажагига катта зарар келтиради, -дер экан Равшан Жеенбеков, давлат раҳбари Америкага боришни ростдан ҳам истаганида сайлов тўсиқ бўлолмаслигини қўшимча қилди.

Мутахасиссларга кўра, Қирғизистон билан АҚШ ўртасидаги муносабат 2014 йил июнида“Манас” аэропортидаги АҚШ авиабазасининг чиқарилиши билан ёмонлаша бошлаган.

Шу йилнинг 21 июлида эса Қирғизистон ҳукумати Қўшма Штатлар билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик келишувини бир томонлама равишда бекор қилган эди. Бунга Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамалган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаментининг мукофоти берилиши сабаб бўлган. Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишониб келади. Вашингтон келишувнинг бекор қилиниши АҚШнинг Қирғизистонга берадиган ёрдамини шубҳа остига қўяди, дея огоҳлантирганди.

Мустақил кузатувчи Қубан Абдименга кўра, Қирғизистоннинг АҚШдан юз ўгиришига Россияни стратегик ҳамкор деб билиши сабаб бўлган.

- Бу икки давлат муносабатларининг қандай эканини кўрсатувчи белгидир. Агар Америка билан муносабатларимиз яхши бўлганида Атамбаев Нью-Йоркка сўзсиз борар эди. Бироқ Вашингтон расмийлари билан учрашувларда асосий мавзу икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш эмас, “Манас” аэропортида АҚШ ҳарбий авиабазасини қайта жойлаштириш масаласи бўлар эди. Ҳудудда Америка ўрнини кучайтирувчи масалаларда гап бўлар эди. Шунинг учун стратегик ҳамкор сифатида бошқа давлатни танлаган мамлакат раҳбари бу учрашувга боришга қизиқмади, -дейди Қубан Абдимен.

2011 йили Атамбаев Бош вазир бўлиб турганида БМТ билан Қирғизистон 2012-2016 йилларга хамкорлик дастурини имзолаган. Мазкур дастурда тўрт йил мобайнида БМТ Қирғизистонга 200 миллион доллар миқдоридамолиявий ёрдам берилиши айтилган. БМТ кўмаги демократия, инсон ҳуқуқларини қўллаш, ижтимоий тенглик, озиқ-овқат хавфсизлиги, маориф, соғлиқни сақлаш ва камбағалликни қисқартишга қаратилган.

XS
SM
MD
LG