Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари икки баробарга камайди


Жорий йилнинг биринчи ярмида Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми икки баробардан ортиқроққа камайди. Россия Марказий банки ҳисоб-китобига кўра, 2015 йилнинг дастлабки олти ойида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядан уйларига юборган пул ўтказмалари ҳажми 1,149 миллиард долларни ташкил этган.

Россия Марказий банки 2015 йилнинг биринчи ярмига оид Россиядан бошқа давлатларга юборилган пул ўтказмаларига доир статистика маълумотларини эълон қилди.

Унга биноан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга Россиядан пул жўнатиш тизимлари орқали жами 686 миллион доллар юборилган. Айни пайтда, ҳар бир жўнатма ҳажми ўртача 444 долларни ташкил этгани қайд этилди.

2015 йилнинг биринчи ва иккинчи чоракларини қўшган ҳолда июнь ойига қадар Ўзбекистонга 1 миллиард 149 миллион доллар миқдорида маблағ жўнатилгани ва бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 54,7 фоизга камроқ эканини кўриш мумкин (2015 йилнинг биринчи уч ойида ўзбек муҳожирлари Россиядан 463 миллион доллар ўтказгани маълум).

“TMT Консалтинг” агентлиги ва Contact тўлов тизими ўтган йилнинг шу даврида пул ўтказмалари пасайиши 49 фоизни ташкил этгани тўғрисида билдирган эди.

Муҳожирлар жўнатаётган пулнинг камайиши жорий йилнинг биринчи ярмида Марказий Осиё давлатларининг деярли барчасида кузатилмоқда: Тожикистонга 696 миллион доллар (ўтган йилга нисбатан 58,3% камроқ), Қирғизистонга – 570 млн доллар (ўтган йилга нисбатан 40% камроқ), Қозоғистон – 148 млн доллар (ўтган йилга нисбатан 30% камроқ) жўнатилган.

Шу билан бирга, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан Россияга жўнатилаётган маблағлар ҳажми ҳам камайгани айтилмоқда. 2015 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондан жами 249 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилган, ваҳоланки 2014 йилнинг айни даврида бу кўрсаткич 294 миллион долларни ташкил этган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Россиядан Ўзбекистонга 5 миллиард 581 миллион АҚШ доллари жўнатилган.

Бундай ҳолатнинг юзага келишини мутахассислар бир овоздан Россия рубли қурбининг жаҳон валюталарига нисбатан тушиб кетиши билан изоҳламоқда.

Айни пайтда, айрим оммавий ахборот воситалари рублнинг қадрсизланиши манзарасида ўзбекистонликлар Россиядан арзонроқ нархдаги мол ва кўчмас мулкни кўпроқ сотиб олаётганликлари тўғрисида хабар бермоқда.

Таҳлилчиларга кўра, пул ўтказмаларининг камайиб кетишига рублнинг қадрсизланиши билан бир қаторда Россияга жорий этилган санкциялар оқибатида юзага келган чуқур иқтисодий инқироз сабаб бўлмоқда. Шунингдек, Россияда муҳожирлар сонининг кескин камайишига миграция қоидаларининг кучайтирилиши ҳам сабаб бўлган.

Федерал миграция хизмати берган расмий рақамларга кўра, 2015 йилнинг август охирларида Россия ҳудудида қайдга олинган марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари сони 4,3 миллион кишини ташкил этиб, булар қаторида 2 миллион 95 минг нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

XS
SM
MD
LG