Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:18

Қирғизистонда 1,5 ёшли қизчани қийнаб ўлдирган шахс қўлга олинди


Қирғизистонда болаларга қарши зўравонликка барҳам бериш чақириғи билан ўтган митинглардан бири.
Қирғизистонда болаларга қарши зўравонликка барҳам бериш чақириғи билан ўтган митинглардан бири.

Қирғизистоннинг Сузоқ туманида 36 ёшли фуқаро бир ярим яшар ўгай фарзандини ваҳшийларча ўлдиргани маълум бўлди. Милиция маълумотига кўра, айбланувчи фарзандини икки йил аввал ўлдириб кўмиб юборган.

Жалолободнинг Қарачўрўқ қишлоғида икки йил аввал ўгай отаси томонидан ваҳшийларча қийноққа солиниб жон берган бир ярим ёшли Раяананинг жасади топилиб, суд тиббий экспертизасига юборилди.

Жиноятда гумонланаётган 36 ёшли шахс 2012 йил декабрида Алмагул исмли қизга уйланади. Бу унинг учунчи турмуши бўлади. Алмагул ўзи билан бирга эрининг уйига ўзининг қизини ҳам олиб келган.

Терговчиларнинг билдиришича, 2012 йилнинг 17 март куни кечки пайт маст аҳволда ишдан қайтган ўгай ота қизалоқ иштонини хўллаб қўйганидан жаҳли чиқиб, чақалоқнинг бошини ўт ёниб турган печкага тиққан.

- Уйга келсам қизимиз тўшакка сийиб қўйибди. Онаси “қўрқитиб қўйинг”, деди. Март ойи эди, печкада ўт ёқилаётганди, печкани очиб бошини яқинлаштиргандим, сочи ва пешонаси озгина куйган эди,- дейди исми очиқланмаётган айбланувчи.

Боши оловда куйиб, териси сидирилиб тушган гўдак оғриққа чидай олмай йиғлаганига қарамай, ўгай ота уни қийноққа солишни тўхтатмаган. Уни ёниб турган печканинг устига ўтқазиб қўйган.

Танасининг бир қисми куйган Раяна шифокорларга ҳам кўрсатилмаган. Орадан ўн кун ўтиб ўгай ота қизалоқни қийноққа солишда давом этган.

- Антенани сими билан 5-6 марта урдим. Бошидан тузалмаган жароҳати бор эди ўша ерга тегиб боши қонади. Йиғлаганида турмуш ўртоғим қўлига олиб: “Сен яхши бола бўлмадинг, сен ўлиб қолмадинг”, деб 2-3 марта урди. Бир оздан сўнг жағига ургандим, хушидан кетиб қолди. Бадани музлай бошлади. Кейин акаларимга хабар бериб, имом билан жаноза ўқиб қабристонга кўмганмиз,- дейди айбланувчи.

Марҳум қизчанинг ота - онаси бу воқеадан сўнг 2 ой бирга яшагач ажрашган. Орадан 2 йил ўтиб, исми сир тутилаётган одамлар бу воқе тўғрисида милицияга ҳабар берган.

- Тезкор гуруҳ текширувлари натижасида 36 ёшли сузоқлик қўлга олинди. У бир ярим ёшли гўдакни қандай қилиб ва нима учун ўлдирганини айтиб кўрсатма берябди. Ҳозир тергов ишлари кетмоқда. Агарда унинг хотинини хам бу ишга алоқадор бўлса ва бу исботланса, у ҳам жавобгарликка тортилади, - дейди Сузоқ тумани Ички ишлар бошқармаси раҳбари Нурбек Жанибеков.

Қизчанинг онаси расмийларга эридан қўрққани учун бу воқеа тўғрисида маълум қилмаганини айтган. Маълумотларга кўра, Сузоқ туманида йил бошидан бери норасидаларга зўравонлик кўрсатилган 3 ҳолат кузатилган ва бир гўдак касалхонага ётқизилган.

Ҳозирда мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 97 - моддаси бўйича жиноят иш қўзғатилиб тергов кетмоқда.

Жалолобод вилоятида йил бошидан бери қаровсиз қолган 380 бола давлат ҳимоясига олинган. Ота-онаси томонидан ташлаб кетилган 92 гўдак бошқа оилаларга берилган.

XS
SM
MD
LG