Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:26

Қирғизистонга ҳам Суриядан қочқинлар келмоқда


Бишкекда яшаётган қочқинлар гуруҳи.
Бишкекда яшаётган қочқинлар гуруҳи.

Бугунги кунда олтмишдан ортиқ суриялик қочқин Қирғизистондан бошпана сўрамоқда. Қирғизистон Меҳнат, миграция ва ёшлар вазирлиги мамлакатга келаётган қочқинлар сони ўсиб бораётганини маълум қилиш баробарида мана шундай хабар тарқатди. Аввалги йиллари Қирғизистон ўзбекистонлик қочқинлар учун учинчи давлатга кетиш йўлидаги транзит манзил бўлиб қолган эди.

Меҳнат ва миграция вазирлигининг Қочқинлар билан ишлаш бошқармаси раҳбари Майрамбек Бейшеновга кўра, ҳозирда Қирғизистондан бошпана сўраётган одамларнинг кўпчилиги Афғонистон ва Сурия фуқаролари бўлиб ҳисобланади.

- Турли мамлакатлардан қочқинлик сўраб келганлар бор. Кўпинча Афғонистондан. Бу давлатдан 114 киши келган. Уч йил давомида Суриядан 60 киши келган. Булар бизга келганидан сўнг ариза беришади. 6 ой давомида ариза кўриб чиқилади, -дейди Майрамбек Бейшенов.

Қирғизистондан бошпана сўраётганлардан бири суриялик Ваил ал Финадзийдир. У уч йил аввал Дамаск шаҳридаги қирғиндан қочиб келган.Ваилга кўра, собиқ шўролар иттифоқи даврида у Қирғизистонда олийгоҳни тамомлаган. Шунинг учун Ваил бошпана олиш учун бу ерга келган.

- Бу ерда мен 1987 йиллари ўқиган эдим. Кейин Сурияга кетганман. Бироқ узоққа чўзилган уруш яшаш имконини бермади. Охири ўзим билган Қирғизистонни эсладим. Ёшлигимда рус тилини оз-моз ўрганган эдим. Келганимда яхшигина ўзлаштириб олдим. Қирғизистон мен учун иккинчи ватан. Бошида кўникломай қийналдим, ҳозир эса ҳаммаси яхши, - дейди Ваил ал Финадзий.

Афғонистон, Суриядан ташқари Қирғизистонга Украина, Эрон ва Покистондан келган қочқинлар ҳам бор. Ҳозирда юзга яқин одам қочқинлик мақоми олиш учун навбат кутмоқда. Қирғизистонда жами 431 одамга қочқин мақоми берилган.

Ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасуловага кўра, Қирғизистон шу кунгача халқаро конвенцияга амал қилгани боис қочқинларга нисбатан босим кузатилмаган.

- Одамлар яхши ҳаётдан ўз ота-онаси ва ўз мамлакатини ташлаб қочмайди-да. Баъзида бизнинг ўлкадан ҳам яхши, бой мамлакатдан ҳам бизга қочиб келиши мумкин. Айни пайтда Қирғизистон фуқаролари ҳам бошқа давлатга қочиб кетган ҳолатлар бўлади. Мен бошқа давлатларда қочқинлик мақомини олиш қийин деёлмайман. Масалан, Россия ва Қозоғистонда ҳам қочқинлик олиш тартиби шундай. Қайси давлат билан муносабатларини бузишни истамаса ўша давлатдан қочиб келган одамларни қабул қилмай қўяверишади, -дейди Азиза Абдурасулова.

Сўнги 20 йил давомида Қирғизистон 10 минга яқин қочқинни қабул қилган. Уларнинг ярмидан кўпи вазият изга тушганида ўз мамлакатларига қайтишган бўлса, қолганлари учинчи мамлакатларга чиқиб кетган.

Айтиш жоизки, 2005 йилнинг 13 май куни Андижондаги намойишчилар Ўзбекистон ҳукумати томонидан шафқатсиз бостирилганидан кейин 500 чоғли киши Қирғизистонга қочиб ўтган эди.

Орадан бир неча йил ўтгач андижонликлар учинчи давлатларга чиқариб юборилган.

XS
SM
MD
LG