Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:18

Жалолободлик ўзбек ёшлари олийгоҳни эмас, мадрасани танламоқда


Жалолободлик мактаб битирувчиларининг кўпчилиги таҳсилни мадрасада давом эттирмоқда.
Жалолободлик мактаб битирувчиларининг кўпчилиги таҳсилни мадрасада давом эттирмоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги ўзбек мактабларининг 9-синф битирувчилари ўқишни мактаб ёки коллежларда давом эттириш ўрнига мадрасада таҳсил олаётгани маҳаллий жамоатчилик орасида муҳокама қилинмоқда. Маҳаллий ҳукумат жума намозига бораётган ўқувчилар сонини камайтиришга ҳаракат қилаётган бир пайтда, ота-оналар ўз фарзандларининг кўпроқ диний таълим олишини хоҳламоқда.

Жалолободлик Насиба Искандарованинг катта қизи Сузоқ туманидаги мадрасада ўқийди. Насиба Искандарова 8-синифни тамомлаган қизини мадрасага беришга қарор қилган.

- Қизим рус тилли синфда ўқиган. Кузатсам, дунёқараши ўзгара бошлади. Қўпол, қўрс бўлиб бораётгандай. Мусулмончиликда ота-онага ҳурмат - эътибор билан муносабатда бўлинади-ку. Шунинг учун қизимни мадрасага бердик, - дейди Насиба Искандарова.

Жалолобод шаҳридаги мактабларнинг 9-синфини битирган ўзбек ўқувчиларининг кўпчилиги ўқишни мадрасаларда давом эттиришга ҳаракат қилаяпти. Масалан, бу йил ўзбек тилида ўқитиладиган 6-ўрта мактабнинг 9-синфни тамомлаган йигирмага яқин ўқувчи мадрасага қатнай бошлаган.

- Мадрасага ўқишга кетган ўқувчиларнинг кўпи қизлар. Юқори синф ўқувчиларини мактабда олиб қолиш қийин бўлаяпти. Асосан яхши ўқиганлар мадрасага кетиб қолаяпти. Ота-оналарнинг айримларини “судга берамиз”, деб қўрқитиб, фарзандларини аранг 9-синфгача ўқитаябмиз, - дейди мактаб директори Моҳидил Исақова.

Ҳозирда вилоятдаги олти мадрасада 830дан ортиқ ўқувчи билим олади. Вилоят қозиятининг таълим-тарбия ва билим бериш бўлими раҳбари Бақит Тунқатаров ёшлар биринчи навбатда мактабда билим олишга мажбур эканликларини айтади:

- Шариат йўлида ҳам мактабдаги билимини ташлаб, мадрасага қочиш тўғри эмас. Мактабда яхши билим олмаган бола, мадрасада ҳам яхши ўқий олмайди. Буюк одамлар ҳам аввал мактабда тўлиқ билим олган, - дейди Бақит Тунқатаров.

Айни пайтда Жалолободдаги “Ислом таълими” жамоатчилик ташкилоти раҳбариДилмурат Ўрўзов қозият вакили фикрига қўшилмайди. У ўсмирнинг динга қизиқишига қаршилик бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди.

- Ёшларнинг иймон йўлига кириши, масжид ва мадрасаларга қатнаши ҳеч қандай ваҳимали кўриниш эмас. Болага ёшлигидан едириб-ичириб, кийинтириб, билим олишига шароит тузишга мажбур бўлганимиздек, шариатда ҳам ота-она фарзандига иймон йўлида тарбия беришга масъул. Ҳозир юқори синф ўқувчиларига жума куни “жума намозга борманглар”, дейишмоқда. Бу ҳам тўғри эмас. Агар тўғри қабул қилишса, жума куни дам олиш куни қилиб, якшанба куни ўқишни давом эттирса бўлади, - дейди Дилмурат Ўрўзов.

Айтиш жоизки, янги ўқув йилидан бошлаб Жалолободда дарс пайтида жума намозга борган ўқувчиларни текшириш ишлари бошланди. Вилоятнинг Сузоқ, Бозорқўрғон, Новкен тумани ва Жалолобод шаҳрида ўтказилган илк рейд натижалири бўйича, ўқувчиларнинг тенг ярми жума намозига бориши аниқланган.

- Ҳукуматнинг вилоятдаги вакили буйруғи билан махсус текширув комиссияси тузилиб, жума кунлари мактабларда текширув ишлари олиб борилаяпти. Бунгача биз уч туман ва Жалолобод шаҳрини текшириб чиқдик. Сузоқнинг масжидга яқин мактабларида жума намоз пайтида ўқувчиларнинг дарсдаги иштироки 55% бўлиши аниқланди. Бу бўйича биз мактаб маъмуриятига топшириқ бериб, мактабларда ота-оналарга тушунтириш ишларини олиб боришни топширдик. Келажакда ҳам бу каби рейдлар уюштирилади, - дейди ҳукуматнинг вилоятдаги вакили аппаратининг расмийси Гулзат Аширова.

Жалолобод вилоят қозиятининг билдиришича, юқори синфда ўқувчи 600дан ортиқ ўқувчи Жалолободдаги мадрасаларда билим олмоқда.

XS
SM
MD
LG