Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Портлаш бўлган "Навоийазот"нинг бошлиғи МХХ ертўласида сақланмоқда


Ушбу суратда 2013 йил июлида "Навоийазот" заводида содир бўлган портлашдан кейинги вазият акс этган.
Ушбу суратда 2013 йил июлида "Навоийазот" заводида содир бўлган портлашдан кейинги вазият акс этган.

Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган "Навоийазот" акциядорлик жамияти раҳбари Собирхон Жамолов МХХ томонидан ҳибсга олинди. Жамолов корхона мулкига зарар етказганликда айбланмоқда. Айни пайтда банкортлик ёқасига келиб қолгани айтилаётган корхонанинг 10 мингдан зиёд ишчисига июлдан бери ойлик маоши берилмаяпти.

МХХ собиқ бош директорни подвалда ушлаб турибди

"Навоийазот" акциядорлик жамияти бош директори Собирхон Жамолов 17 октябрь куни ҳибсга олинган ва бу ҳақдаги хабар Озодликка 11 ноябрь куни етиб келди.

Тафсилотлардан хабардор манбанинг айтишича, "Навоийазот"ни тўрт йил бошқарган 50 яшар Собирхон Жамолов корхонада жорий йил сентябрь ойида бўлган портлашдан сўнг бошланган тергов суриштирувлари натижасида ҳибсга олинган.

Икки киши жароҳатланган аммиак ишлаб чиқариш заводидаги 2 сентябрь кунги портлаш сабабларини ўрганган МХХ гуруҳи корхонадаги бошқа камчиликларни ҳам аниқлагани ва шунинг ортидан корхонанинг бир неча мулозими ишдан олингани айтилаяпти.

Озодликка маълум бўлишича, бош директордан ташқари яна уч мулозим ишдан олинган, ҳозирда улар ўрнига бошқа одамлар тайинланган.

"Навоийазот"даги Озодлик манбасига кўра, бош директор Собирхон Жамолов 17 октябрдан буён Навоий вилоят МХХсининг ертўласида ушлаб турилибди:

“Аввал Жамоловнинг зами Ёрқин Юсуфжонович Ҳалибоевни роса қийнашди. Лекин унга бирор айб қўйиша олмади. У ҳеч кимни сотмаган. Кейин уни ишдан бўшатиб, Жамоловни МХХ олиб кетди”, деди тафсилотлардан хабардор манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатларга кўра, Собирхон Жамоловга нисбатан портлашга алоқадор бирор айб қўйилмаган, балки у корхонага зарар етказиш ва давлат мулкини ўзлаштиришда айбланмоқда.

Ҳужжатда ёзилишича, Собирхон Жамоловга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси, яъни “Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш” ва 184-моддаси, яъни “Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш” айбловлари илгари сурилмоқда.

Озодлик манбасига кўра, Жамолов ҳибсга олингач, унга корхонага етказилган зарар учун дастлаб 500 миллион сўм жарима солинган. Бу пулни унинг яқинлари 23 октябрда тўлашган ва шундан кейин яна Жамоловга 1,5 миллиард сўмлик жарима юклатилганини маълум қилди тафсилотлардан хабардор манба.

Банкротлик ёқасидаги корхона

“Навоийазот"даги масъул шахслардан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, корхона бугунги кунда банкортликка яқинлашиб қолган ва бунда Жамоловни айблашмоқчи:

“Корхонамизнинг иқтисодий аҳволи бугунги кунда ўта ночор. “Навоийазот” асосан экспортга мўлжалланган. Лекин кейинги пайтда экспорт жуда танг аҳволга келиб қолди. Бу биргина биздаги муаммо эмас. Бутун дунёдаги биз каби корхоналарнинг муаммоси бу. Ҳозир корхонамизнинг иқтисодий аҳволида Жамоловни айбдор топиб, бошқалар қутилиб қолиш ҳаракатида юришибди” деди ўзини таништирмасликни сўраган манба.

“Навоийазот”нинг ҳозирги раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, иқтисодий муаммолар боис корхонанинг 10 мингдан зиёд ишчисига тўрт ойдан бери ойлик маошларини бериш имкони бўлмаяпти:

“Июль ойини фақат частично берганмиз. Қайсидир қисми тўланган, лекин охиригача тўланмаган. Иқтисодий муаммоларимиз боис ойликларни ҳозир ҳам бериш имконига эга эмасмиз” деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Мулозимнинг айтишича, банкротлик ёқасига келиб қолган корхонани қутқариш режаси бугунги кунда ҳукумат миқиёсида кўрилмоқда.

“Навоийазот”да 2 йилда 2 та портлаш

Жорий йил 2 сентябрь куни соат 8 дан 51 дақиқа ўтганда “Навоийазот”нинг аммиак ишлаб чиқариш заводи 1- цехига қарашли бинода портлаш рўй берди.

2 сентябрда "Навоийазот" заводида портлашдан сўнг ёнғин келиб чиққан.
2 сентябрда "Навоийазот" заводида портлашдан сўнг ёнғин келиб чиққан.

Портлаш оқибатида заводнинг икки ходими жароҳатланган ва шифохонага ётқизилган.

Ушбу корхонада 2013 йилнинг 27 июль куни ҳам портлаш содир бўлган эди. Ацетилен ишлаб чиқариш цехида юз берган иккита портлаш оқибатида заводнинг бир неча цехида иш фаолияти тўхтатилган эди.

Портлаш оқибатида 2 киши қурбон бўлган, улардан бири воқеа жойида, яна бири эса шифохонада вафот этганди.

Ўшанда портлаш содир бўлган кезда завод ҳудудида шанбалик бўлгани боис жароҳатланганлар кўп бўлгани хабар қилинган эди.

15 нафар ишчи куйишнинг оғир кўриниши билан жароҳатланиб, шифохонага ётқизилганди.

Бироқ расмийлар ҳозир ҳам, икки йил аввал ҳам портлаш тафсилотлари ва қурбонлар, жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумотни ошкор қилмаган.

Ўзбекистондаги энг йирик кимё корхонаси

Ўзбекистон кимё саноатининг энг йирик корхонаси ҳисобланадиган “Навоийазот”да минерал ўғитлар, органик синтез маҳсулотлари ва нитрон толаси каби жами 70 хилдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади.

51 йиллик тарихга эга “Навоийазот” қурилиши 1961 йили бошланиб, 1964 йилда корхонада илк бор азот кислотаси ва кислороди ишлаб чиқарилган.

Ҳозирда 10 мингдан зиёд ишчи ишлайдиган ушбу йирик корхона маҳсулотлари ички бозор ва МДҲ ҳамда бошқа хорижий давлатларга тарқатилади.

XS
SM
MD
LG