Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Жалолободда икки ўзбек Сурияга борганликда айбланиб судланмоқда


Сурияда жанг қилаётганлар орасида марказий осиёликлар ҳам оз эмас.
Сурияда жанг қилаётганлар орасида марказий осиёликлар ҳам оз эмас.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида икки ўзбек йигити Суриядаги жангларда иштирок этганликда айбланиб судланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса Миллий хавфсизлик ходимлари тергов давомида қийноқ қўллаш орқали йигитларга айбловни мажбурий тан олдирганини айтмоқда.

Жалолободлик икки йигит - 23 ёшли Шуҳрат Иминов ҳамда Минҳожиддин Ханазаров Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганлик ва бошқа одамларни у ерга боришга ташвиқ қилганликда айбланмоқда. Миллий хавфсизлик хизматининг Жалолобод вилоят бошқармаси берган маълумотларга кўра, уларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 375-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, шу йилнинг апрелида қўлга олинган.

Айни пайтда, Шуҳратбекнинг отаси Улуғбек Иминов ўғлига қўйилаётган айбларнинг асоссиз эканини айтди. Унга кўра, ўғли 2014 йилнинг октябрида Истанбулга ишлаш учун кетган, бироқ бир ҳафтадан кейин иш тополмай Россияга кетган. У ерда фарзанди билан доимо телефон орқали гаплашиб юрганини айтган ота, фарзандининг жангларда иштирок этганинига ишонмайди:

- 2014 йилнинг 29 октябрида қўшни билан Истанбулга ишлагани кетган. У ерда иш бўлмагани учун ўғлим менга телефон қилиб, Москвага кетаётганини айтган. 2014 йилнинг 7 ноябрида ўғлим Москвага кетган. У ерда автобусда кондуктор бўлиб ишлаб юрди. 2015 йилнинг 8 январида Ўшга учиб келади. Уни шахсан ўзим хотиним билан кутиб олганман. У Сурияда бўлмаганига 250 фоиз кафолат бераман. У ерда у нима ҳам қиларди, - дейди Улуғбек Иминов.

Судланаётган йигитлардан яна бири, Минҳожиддин Ханазаров яқинлари ҳам унга қўйилаётган айбловларнинг асоссизлигини айтади. Ота –онаси чет давлатларда муҳожир бўлиб ишлаётган Минҳожиддин буваси тарбиясида бўлган. У ҳам Истанбулга боргач, ишсизлик сабабли бир ойдан сўнг Россиянинг Уфа шаҳрида ишлаётган ота-онаси ёнига борган ва ўша ерда уйланиш учун пул тўплаш мақсадида ишлаган.

Бироқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, бу икки йигитни Истанбулда Аброр исимли шахс кутиб олган. 2014 йилнинг ноябрь ойида уларни Суриянинг Ҳалаб ва Идлиб шаҳрига юборган. Улар терористик ташкилотлар базасида тайёргарликдан ўтган ва уларга қурол берилган. Шундан сўнг иккаласи Қирғизистонга қайтиб келган ва икки жалолободликни Сурияга юборган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси йигитлар тергов давомида ўз айбини тан олганини, бироқ ҳозир жавобгарликдан қутилиш мақсадида берган кўрсатмасидан тонаётганини айтмоқда.

Шуҳрат Иминов ва Минҳожиддин Ханазаров устидан қўзғалган жиноят иши шу йилнинг июлидан бошлаб Жалолобод шаҳар судида қаралмоқда.

Бишкекдаги “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Абдуназар Маматисламов, судда Миллий хавфсизлик хизмати йигитлар айбини исботловчи далиллар кўрсатмаганини айтади. Унга кўра, йигитлар тергов даврида қийноққа олинган.

- Етарли далиллар бўлиши керак-да, масалан, йигитлар бирон жойда гаровга олиндими ёки бирор жойда видеода кўриндими, ўқдан яраландими. Бир ҳафтанинг ичида бу ишларни қилиб, қайтиб келиш осон иш эмас. Қолаверса, улар ҳам у ерга борган, уларнинг турган, яшаган ерини кўрган одамларни қайтармайди, ҳужжатларини олиб қўйишади. Судда йигитлар: “Бизни 3-4 тезкор ходим “умрбод қамаймиз”, деб уриб, қўрқитишганда иложсизликдан тан олдик”, деб кўрсатма беришди - дейди Абдуназар Маматисламов.

Мазкур воқеа билан боғлиқ бўлган яна бир ҳолат, шу йилнинг август ойида Талас вилоятида Миллий хавфсизлик хизмати Россияга кетаётган Мақсут исимли жалолободлик йигитни қўлга олган.

Жалолободдаги"Справедливость" ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази маълумотига кўра, Мақсуд сўроқ пайтида қийноққа солинган ва Шуҳрат Иминов ҳамда Минҳожиддин Ханазаровга қарши кўрсатма беришга мажбурланган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари аралашуви билан у қўйиб юборилган.

Расмий маълумотарга кўра, ҳозирда Жалолобод вилоятидан 90га яқин одам Сурияга кетган. Уларнинг ўн тўрти вафот этган, олти одам Қирғизистонга қайтиб келган.

XS
SM
MD
LG