Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:30

Афғонистонда бокиралигини исботлай олмаган келинларни оғир жазо кутади


Қадимий анъанага кўра, Афғонистонда келинлар бокира бўлиши шарт ва улар тўйдан аввал жинсий алоқа қилишмаганини исботлашлари керак.

Исми ошкор қилинмаслиги шарти билан Озодлик радиосига интервью берган афғонистонлик аёл мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳали ҳам куёвнинг қариндошлари тўйнинг эртасига келиннинг бокиралигига исбот излаб, қон доғларини текширишини айтди.

Никоҳсиз жинсий алоқа қилганликда айбланишнинг ўзи жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шарманда бўлган оилалар “бузилган” келинлари ўрнига унинг сингли берилишини талаб қилган ҳоллар ҳам бўлади. Бокира бўлмаганлар зино қилганликда айбланиб, қамалишлари мумкин. Улар, одатда, қаттиқ хўрланади ёки ўта оғир жазога тортилади.

“Айрим ҳолларда келиннинг қулоқларини ва бурнини кесиб ташлашади”, дейди афғонистоклик аёл. Унга кўра, “бундай аёлларни кир кийим кийишга мажбурлаб, ота-онаси олдига олиб боришади. Сочларини кесиб ташлашади. Келиннинг оила аъзоларига унинг бокира эмаслигини айтишади. Бошқа ҳолларда, келинни шунчаки ўлдиришади ва ота-онасига унинг жасадини қайтариб беришади”.

Одатда бу мавзу Афғонистонда муҳокама қилинмайди. Аммо тўйдан аввал жинсий алоқа қилганликда айбланган афғонистонлик аёлларнинг оммавий равишда жазоланиш ҳолларининг кўпайиши бу мавзу очиқ муҳокама қилинишига сабаб бўлмоқда.

Ноябрь охирида 26 ёшли аёл мамлакат марказида жойлашган Ғўр вилоятида оммавий равишда калтакланганидан кейин ҳалок бўлди. Келин бундан аввал уйдан қочиб кетганликда айбланганди.

Октябрь ойида Ғўр вилоятининг яна бир турғуни - 19 ёшли Рухшона тўйдан аввал жинсий алоқа қилганликда айбланиб, толиб жангарилар томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилган эди.

Август ойида эса айнан шу вилоятда никоҳсиз жинсий алоқа қилган эркак ва аёл оммавий равишда калтакланган эди.

Кўп ҳолларда келиннинг ўз оиласи уни жазолашга чақиради. Айрим ҳолларда келинни ўз оиласи қабул қилмайди ёки жазолаш учун расмийлар қўлига топширади. Энг оғир ҳолларда келиннинг ўз оила аъзолари уни ўлдириши мумкин.

Афғонистон мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси аъзоси Марям Зурматий Озодлик радиоси афғон хизматига яқинда берган интервьюсида: “Айрим оилалар орасида бузуқ қизни ўз оиласига қайтариб бериш удуми мавжуд”, деган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, “ келиннинг оиласи шарманда бўлмаслик учун қизларидан бошқасини узатишни таклиф қилади. Айрим ҳудудларда аёлларни шунчаки ўлдиришади. Айрим ҳолларда эса тўйдан кейин жуда кўп вақт ўтган бўлса-да, эр хотинини хўрлайди”.

Фақат битта исмга эга, яъни фамилиясиз Марзия опаси турмушга чиққанда бокира бўлмагани ҳақидаги шубҳалар сабаб поччаси томонидан узоқ йиллардан бери таҳқирланиб келишини айтади.

“Турмушга чиққанида жинсий алоқа давомида қон келмаган опам бор, - дейди Парван вилояти турғуни Марзия. - Уни эри уради, ҳамма ёғи кўкариб юради. Узоқ йиллардан бери бирга яшаб келаётган бўлишса-да, эри ҳали ҳам у бузуқ бўлганини айтиб, хўрлайди”.

Ҳатто тўйдан олдин ҳам афғонистонлик бўлажак келинларни “бокиралик тести”дан ўтишга мажбурлашлари мумкин. Бундай ҳолларда қизларни пардалари бутунлигини текширтириш учун ҳукумат клиникаларига олиб боришади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бундай тестлар халқаро қонунларга зидлигини ва қизларнинг жинсий тарихини ишончли равишда аниқлай олмаслигини таъкидлайди.

Қобулда ишловчи шифокор Терена Ёдгорий ҳам бокиралик тестлари “тиббий асосга эга эмас”, деб ҳисоблайди. Шундай бўлса-да, Ёдгорий Қобулдаги ҳукумат клиникаларида бундай тестлар бир йилда бир неча марта ўтказилишини қўшимча қилди.

“Ахлоқий жиноятлар”, жумладан, зино ёки ҳатто уйдан қочиб кетиш Афғонистон жиноят кодексида жиноят ўлароқ белгиланмаган. Шунга қарамасдан, юзлаб қиз ва аёл диний консерваторлардан иборат судлар томонидан “ахлоқсизлик”да айбланиб, қамалади.

Афғонистон конституциясида: “Ҳеч бир қонун муқаддас Ислом дини ғоя ва тушунчаларига зид бўла олмайди”, деб ёзилган. Аммо бундай қоидалар конституциянинг дунёвий моддаларига зиддир.

Толиблар катта таъсирга эга айрим қишлоқ жойларда аҳоли ҳукумат идораларини порахўр ёки ишончсиз, деб ҳисоблайди ва келишмовчиликларни ҳал қилиш учун толиблар судларига мурожаат қилади.

Толиблар судлари шариатни қатъий талқин қилади. Бундай талқин никоҳсиз жинсий алоқа қилганликда айбдор топилган аёл ва эркакларни ўлдиришга ёки бошқа ҳолларда оммавий равишда калтаклашга чақиради.

Афифа Сакиб ва Фруд Бежан ҳаммуаллифликда ёзган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG