Ўзбекистонлик айрим мустақил таҳлилчилар 2016 йилнинг баҳоридан мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар бошланиши мумкинлигини башорат қилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий қийинчиликлар олдини олиш йўлларидан бири қаторида солиқларни кўпайтириш ортидан бюджетни катталаштириб кўрсатиш принципини танлаган. Бироқ бу йўл “иқтисодни фальсификациялашдан бошқа нарса эмас”, демоқда мустақил иқтисодчилар.
Тўрт омил
Озодлик радиоси билан микрофонсиз суҳбатлашган мустақил иқтисодчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда иқтисодий қийинчиликлар бошланишига қатор омиллар туртки бўлиши мумкин.
Биринчи омил: Россиядаги иқтисодий таназзул туфайли у ерда ишлаётган ўзбекистонликларнинг ватанга қайтиш жараёни давом этиши. Жорий йилда Россия меҳнат муҳожирлари квотасини 22 фоизга қисқартириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Иккинчи омил: Ўзбекистонга валютада юборилаётган пул жўнатмаларининг бир неча баробар камайиб кетгани. Масалан, авваллари ўзбекистонликлар йилига камида 2 миллиард 700 миллион доллар атрофида пул жўнатган бўлсалар, 2015 йилнинг 9 ойида бу миқдор бор-йўғи 700 миллион долларни ташкил қилган.
Учинчи омил: Европа тараққиёт ва тикланиш банкининг башорат қилишича, 2016 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 7,2 фоиз даражасида бўлади. 30 октябрда Олий Мажлисга тақдим этилган янги бюджет лойиҳасида Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилда ЯИМ ўсишини 7,8 фоиз даражасида режалаштираётгани билдирилган эди.
Тўртинчи омил: 2015 йилда иқтисодий ўсиш ҳукумат режалаштириганидан кўра анча паст бўлгани. Ўзбекистонда ҳиссадорлик жамиятларига 2016 йилнинг 1 июлигача камида 15 фоиз хорижий сармояга эга бўлиш мажбурияти юклатилди. Ишлаб чиқариш ташкилотларидан олинадиган айрим солиқлар миқдори кўпайтирилди.
"Ҳукумат иқтисодий фальсификация йўлини танлаган"
Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Расулжон Абдумажидовнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий қийинчиликлар олдини олиш йўлларидан бири қаторида солиқларни кўпайтириш ортидан бюджетни катталаштириб кўрсатиш принципини танлаган. Бироқ бу йўл “иқтисодни фальсификациялашдан бошқа нарса эмас”, дейди мустақил иқтисодчи.
- Солиқ кўпайиши ҳисобига бюджетни катталаштириб кўрсатишади. Бу экономика тилида "фальсификация" дейилади. Иккинчидан, Қозоғистон ва Россияда ишлаётганлар ниҳоятда кўп пул жўнатаяпти. Бу нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлаяпти. Чунки Ўзбекистонда ишлаб чиқариш етарли даражада эмас. Ҳукумат ишлаб чиқаришни мигрантлар жўнатаётган пул билан баланслай олмайди. Бу энг катта фактор. Яна бир фактор - ҳукумат ойликларни ҳар доим ошириб боради. Бундан асосий мақсад ойликларни ошириш орқали солиқларни кўпайтириш ва бюджетни тўлдириш. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон иқтисодини таҳлил қилишда мустақил иқтисодчилар ҳам аниқ гап айтолмайди. Чунки бу иқтисодий сиёсатнинг ҳеч қандай илмий асослари йўқ, - дейди иқтисодчи.
Мустақил таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон каби иқтисоди ёпиқ давлатларда иқтисодий қийинчилик, биринчи навбатда, нақд пул етишмаслигида кузатилади. 2015 йилда айрим йирик корхона ва ташкилотларда ҳамда ҳукумат даражасида бу жараён қисман кузатилган эди. “2016 йил баҳоригага келиб нақд пул етишмаслиги янада яққолроқ намоён бўлиши мумкин”, демоқда мустақил иқтисодчилар.
"Ўзбекистонда иқтисодий муаммо йўқ"
Аммо Ўзбекистон Марказий банкининг ўзини таништиришни истамаган расмийси мамлакатда бу каби муаммо йўқ эканини ва бундан кейин ҳам юзага келмаслигини билдирди:
- Бутун дунёда қабул қилинаётган стандартлар бўйича ишлаяпмиз. Масалан, 1 миллиардлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, шунга яраша пулни мутаносиб равишда муомалага чиқараяпмиз. Одамлар: “Ойлигимизни ололмаяпмиз”, дейишлари мумкин. Мана, ўзларинг ҳам бир неча маротаба материал бердиларинг “счётида пул йўқлиги учун ишчилар икки-уч ойлаб ойлик ололмаяпти”, деб. Мана шу ҳолатни одамлар нақд пул йўқ, деб баҳолаётган бўлишлари мумкин. Бу нотўғри. Нақд пул бор ва у ишлаб чиқаришга мутаносиб равишда муомалага чиқарилаяпти, - деди Марказий банк расмийси.
"Даромадларни яширмасак, банкрот бўламиз"
Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатга баҳо берган айрим тадбиркорлар эса Озодлик радиоси билан суҳбатда бозор иқтисодиётининг ҳақиқий эркин шаклига ўтилмагунига қадар Ўзбекистонда даромадларни яшириш анъанаси давом этаверади, деб ҳисоблайдилар. Ўзини Баҳодиржон деб таништирган тадбиркорнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда даромадларни рўй-рост кўрсатган тадбиркор хонавайрон бўлади. Шунинг учун ҳам даромадларни яшириш анъанага айланган. Тадбиркорнинг айтишича, ўн минглаб бизнесмен мана шундай йўл тутаётгани ортидан Ўзбекистон иқтисоди миллиардлаб сўм зиён кўрмоқда.
- Масалан, менга банкка пул топшириш режаси 10 миллион сўм қилиб белгиланган. Лекин мен 20 миллион сўмлик савдо қиламан. Мен фақат 10 миллионни банкка топшириб, 10 миллионни беркитаман. Чунки банкка 20 миллион топширсам, эртага планимни 20 миллион қилиб қўйишади. Бу даромадларни яшириш дейилади. Лекин шу даромадларни яширмасак, солиқ, банк ва ҳукумат тизимлари бизни банкрот қилиб ташлайди, - дейди Баҳодиржон.