Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:17

Ўзбекистон учун ëмон ҳисоботлар мавсуми бошланди


Жаҳон бўйлаб иқтисодий-сиëсий эркинликлар¸ демократия ва сўз эркинлиги¸ коррупция вазиятини ўрганувчи халқаро ташкилотлар шу кунларда 2015 йил якунларига оид ҳисоботларини эълон қилмоқда. Бу ҳисоботларда Ўзбекистон ҳукуматининг аксар соҳадаги сиëсати ëмонларнинг ëмони деб баҳоланмоқда.

Freedom House: Демократия ва эркинликлар бобида Ўзбекистон Шимолик Кореяга қўшни!

26 январь куни жаҳондаги 209 давлат ва суверен ҳудудлардаги демократия ва инсон ҳақлари вазиятига доир янги ҳисоботини тақдим этган Freedom House ташкилоти улардан 50 тасини “эркин бўлмаган” деб баҳолади.

Айни пайтда¸ АҚШ ноҳукумат ташкилоти экспертлари бу 50 давлатни яна ўз орасида қиëслаб¸ улардан 12 тасини “ëмонларнинг ëмони” деб таснифлади.

Сиëсий ҳуқуқлар ва эркинликлар бобида энг ëмон деб топилган бу ўн иккилар рўйхатида Ўзбекистондаги вазият Шимолий Корея ва Эритрея билан бир хил баҳоланди.

Freedom House ташкилоти бош директори Kenneth Roth таъкидича¸¸ нафақат Ўзбекистон¸ балки дунëнинг барча авторитар ҳукуматлари¸ оддий одамларнинг ижтимоий тармоқлар орқали ахборот ва фикр алмашиш имкони кучайганидан қаттиқ қўрқувга тушмоқда ва бу қўрқув ортидан демократия ва фуқаролик жамияти фаолларини янада қаттиқ босим остига олмоқда:

- 2015 йил давомида дунë автократлари¸ авторитар ҳукуматларининг фуқаролик жамиятидан қўрқувга тушганини кузатдик. Бунинг сабабларидан бири¸ социал медиа¸ айниқса¸ мобил телефонлардаги ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролик жамияти фаолларининг кучга айлана бошлаганидир. Зотан¸ бу тармоқлар ҳукумат сиëсатидан норозиларни осонлик ва тезлик билан бир майдонга йиғиш имконини беради¸ деди дунë аҳолисининг қарийб ярми эркин бўлмаган ҳудудларда яшаëтганини таъкидлаган Kenneth Roth.

Transparency International: Ўзбекистон дунëдаги энг коррупциялашган давлатлардан бири!

Маркази Берлинда жойлашган Transparency International ташкилоти 27 январь куни 168 мамлакат давлат ва жамоатчилик секторидаги коррупция кўламига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Яна одатдагидай¸ Скандинавия мамлакатлари коррупциядан энг тоза бешлик деб топилган бўлса¸ Ўзбекистон “энг коррупциялашган” мақомини бу йил ҳам сақлаб қолди.

Гарчи ўтган йилга нисбатан умумий ҳисобда бир баллик “яхшиланиш” қайд этилган бўлса-да¸ Ўзбекистон ҳисоботнинг 153 поғонасида яна Эритрея ва Зимбабвега қўшни бўлди.

- Бу давлатлар яна рўйхат тубидан жой олди. Бу эса¸ давлат ва жамоатчилик секторининг коррупция кирмаган тешиги қолмаган¸ коррупция ҳамма соҳага ўйиб ëзилган ва бутун тузумга оиддир¸ деганидир. Буни чуқур турғунлик деб баҳолаш мумкин¸ дейди Transparency International ташкилотининг постсовет ҳудуди бўйича таҳлилчиси Светлана Савицская Озодлик билан суҳбатда.

Швеция¸ Норвегия ва Ҳолландиядаги йирик телекоммуникация ширкатларининг ўзбек мобил алоқа бозорига кириш учун президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарийб 1 миллиард доллар пора берганига оид айбловлар юзасидан Ғарбда бораëтган коррупция можароси¸ ҳисобот муаллифлари таъкидича¸ мамлакатдаги порахўрлик манзарасинининг ëрқин ифодасидир.

Carnegie: Мўрт давлатнинг қачон синишини башорат қилиш қийин!

25 январь куни “АҚШнинг Марказий Осиë сиëсати” деб номланган махсус ҳисоботини эълон қилган Халқаро тинчлик бўйича Карнеги жамғармаси¸ бу минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистонни демократия ва инсон ҳақлари курашчилари учун ҳозирча ютқизилган ҳудуд сифатида баҳолади.

Ҳисобот муаллифлари фикрича¸ мустақилликнинг дастлабки йилларида ўз сиëсий йўналишини Ғарбга қараб белгилаган минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистон¸ орадан 25 йил ўтиб АҚШ ва Европадан узоқлашиб¸ тобора Хитой таъсирига тортилмоқда.

Афғонистондаги кенг кўламли аксил-террор амалиëтлари якунлангач¸ АҚШ ва НАТО давлатлари учун аҳамияти камайган Ўзбекистон¸ америкалик таҳлилчилар фикрича¸ сиëсий ва гражданлик эркинликлари ҳақида ғарбликлар ўртага қўйиб келган талабларга “рангли инқилоб учун хархаша” сифатида ҳамиша ишончсизлик билан қараб келган.

Нафақат географик¸ балки сиëсий қадриятлардаги узоқликдан келиб чиқиб Карнеги таҳлилчилари АҚШ ҳукуматига бундан буëн асосий эътиборни демократия ва инсон ҳақлари эмас¸ иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ҳамкорликка қаратишни тавсия этадилар.

“Сиëсий ўзгаришлар талаби маҳаллий халқнинг ўзидан чиқсин¸ АҚШ асосий диққатни демократия тарғиботи эмас¸ мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий шароитнинг яхшиланишига қаратсин; хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни инсон ҳақлари вазиятига боғлаб қўймаслик керак”¸ дейилади Карнеги жамғармасининг Америка сиëсатчиларига Марказий Осиë¸ хусусан¸ Ўзбекистон билан алоқалар борасида берилган “реалистик” маслаҳатларида.

“Каримов кетмагунча Ўзбекистондаги вазият ўзгаришсиз қолаверади!”

Кетма-кет эълон қилинаëтган турли ҳисоботларда Ўзбекистондаги вазиятнинг йиллардан бери ўзгаришсиз қолаëтгани¸ мамлакатнинг деярли барча соҳада “ëмонларнинг ëмони” бўлиб қолаëтганини шарҳлаган Карнеги жамғармасининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Алексей Малашенко шундай фикр билдиради.

Таҳлилчига кўра¸ жорий ҳафта 78 ëшга кирадиган Ислом Каримов учун ислоҳотлар ўтказиш эмас¸ балки ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб қолиш энг устивор вазифадир. Унинг атрофидаги сиëсий элита ҳам¸ ҳар қандай ўзгариш ўз манфаатларига соя солиш эҳтимолини яхши англаганидан¸ мавжуд аҳволни ўзгаришсиз сақлаш фикрида:

- Тошкентдагилар иқтисодий-ижтимоий вазиятнинг оғирлашаëтганини билмайди эмас¸ яхши билади. Лекин уни ўзгартиришдан манфаатдор эмас. Ҳамма Каримовнинг ўлишини кутмоқда. Бундай вазиятда улар халқни итоатда ушлаш учун қўлида қолган энг сўнгги ва кучли карта - “тинчлик ва барқарорлик” картасини ишга солмоқда. Ироқ¸ Ливия¸ Сурия¸ Афғонистон¸ қолаверса Украинадаги урушлар фонида¸ барқарорликнинг ушлаб турилиши ўзбекистонликларга¸ албатта¸ катта иш бўлиб кўринмоқда. Лекин Каримов ўлгандан кейин бу барқарорлик сақланиб қоладими¸ йўқми¸ буни бугун ҳеч ким башорат қилишни истамайди¸ дейди россиялик таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG