Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Миллий хавфсизлик хизмати БМТ чиқарган китобни тузумга таҳдид деб топди


Ўзбекистон МХХси “Дебатлар бўйича қўлланма” китоби “ёшлар учун зарарли” деб топди ва китоб муаллифларини конституциявий тузумга тажовуз қилиш, терроризм, жамоат хавфсизлигига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбламоқда. Танқидий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш йўл-йўриқлари ҳақидаги 116 варақлик қўлланма 2013 йили Ўзбекистондаги БМТ қошидаги Тараққиёт ва Кўнгиллилар дастурларии кўмаги билан чоп этилган эди.

Озодликка аëн бўлишича¸ қўлланма чоп этилганидан қарийб уч йил ўтиб¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидаги айрим "мутахассислар" китобда мамлакатдаги “мавжуд тузумни ағдаришга чақириқ” унсурларини кўришган.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, мазкур китобча Ўзбекистондаги ҳукумат назоратидаги Фуқаролик жамияти шакилланишини мониторинг қилиш маркази хулосаси асосида “ёшлар учун зарарли” деб топилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда китобларнинг мамлакатда чоп этилиши ва тарқатилиши юзасидан Жиноят Кодексининг 159-моддаси - конституциявий тузумга тажовуз қилиш, 155-моддаси- терроризм ва 244-моддаси- жамоат хавфсизлигига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш бўйича жиноий иши очган.

Мазкур иш бўйича тергов олиб бораётган Ўзбекистон бош прокуратураси ходими Озодлик билан суҳбатда “тергов сири боис” журналистларга маълумот берилмаслигини билдирди.

Ўз исми ва овози берилмаслигини истаган манбанинг Озодликка билдиришича¸ “Дебатлар бўйича қўлланма”лар Ўзбекистондаги мактаб ва билим юртларидан қайтариб олинган ва ëқиб юборилган.

Китоб муаллифлари Элени Дурас, Дилфуза Қуролова Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Миллий хавфсизлик ҳизматига чақиртирилиб, мунтазам сўроқ қилинмоқда.

Улар Озодликка бу ҳақда изоҳ беролмасликларини айтишди. Озодлик бу борада қўлланма ҳомийси бўлмиш БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонасига ҳам хат билан мурожаат қилди. Ҳозирча хатга жавоб бўлмади.

Ҳақиқат дебатлар орқали топилади

Элени Дурас нотиқлик санъати бўйича Ўзбекистондаги етук мутахассислардан саналади. У Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида музокара ўтказиш ва нотиқлик санъати бўйича дарс бериб келади.

Унинг муаллифлиги остида чоп этилган қўлланма асосида Ўзбекистондаги “Келажак овози” ёшлар марказида очилган “Дилемма” мунозара клубида дебат машғулотлари ўтказиб келинган, Элени Дураснинг ўзи ҳам шу тренингларда қатнашган.

Марказнинг Озодлик боғланган фаоли “Дилемма” фаолияти тўхтатилганини айтди:

- Ҳозир “Дилемма” дебатлари тўхтатилган. Ҳозир дебатлар ўтказмаймиз, - деди “Келажак овози” ёшлар маркази фаоли.

Ўзбекистонда дебатлар мактабига Тошкентда 1996 йилдан 2004 йилгача фаолият юритган “Очиқ жамият институти”да асос солинган эди.

Ўша йилларда "Очиқ жамият институти" - Сорос жамғармасининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари сифатида фаолият юритган, ҳозирда Лондонда яшовчи ўзбекистонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов Ўзбекистон ҳукумати дебатлар мактабини йўқ қилиб, демократик тараққиётга ғов бўлаётганини айтади:

- Китоб ёшларни ўз фикрини шакиллантириш ва ифодалаш, уни аудиторияга қандай тақдим этиш, бошқа фикрдаги одамлар билан қандай мунозарага киришишга ўргатади. Бу ерда ёшларга Ўзбекистондаги конкрет сиёсий вазиятга баҳо беришга ўргатилаётгани йўқку, Ўзбекистон ҳақида бу китобда ҳеч қанақа гап йўқ. Демократик жамият қуришни кўзлаган давлатлардаги тажриба ҳақида гап борaяпти. Бундай давлатларда муаммолар дебатлар, мунозара йўли билан ҳал этилади. Баҳс орқали ҳақиқат топилади. Баҳс йўқ экан, ҳақиқат ҳеч қачон ошкор бўлмайди. Демак, Ўзбекистондаги ҳукуматни ҳақиқат қизиқтирмайди. Ўзбекистонда ҳукумат белгилаган линия борки, кимнингдир фикри шу линиядан чиқса¸ жазоланаяпти, - дейди Алишер Илҳомов.

Ҳозирда Ўзбекистонда дебатларни ҳомийси Ўзбекистон ҳукумати бўлган "Камолот" ёшлар ҳаракати ўтказиб келмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистонда дебатларни ҳомийси Ўзбекистон ҳукумати бўлган "Камолот" ёшлар ҳаракати ўтказиб келмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистонда дебатларни ҳомийси Ўзбекистон ҳукумати бўлган "Камолот" ёшлар ҳаракати ўтказиб келмоқда.

"Камолот"нинг жойлардаги “Мунозара” клубларида “Чет эл грантлари ёшлар учун тузоқ”, “Ижтимоий тармоқлар жамоат хавфсизлиги учун хатар” каби мавзуларда мунозаралар ўтказиб келинмоқда.

​Ўзбекистонда китоб учун муаллифлари тазйиқ қилиниши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

2010 йилда ЮНИСЕФ дастури доирасида ўзбекистонликларни ОИТС ва ОИТВ касаллигидан сақланишга ўргатиш мақсадида махсус қўлланма ëзган руҳшунос йигит Максим Попов ўзбекистонликларга презервативдан фойдаланишга оид очиқ маслаҳатларни чоп қилгани учун 7 йиллик қамоққа ҳукм этилган эди.

XS
SM
MD
LG