Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:27

Сурияга боргани иддао қилинаётган оилани қишлоқдан кўчириш ҳаракати бошланди


Шариповларнинг ҳовлиси.
Шариповларнинг ҳовлиси.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманидаги Қажар қишлоғи аҳолиси Сурияга боргани иддаоси билан қишлоқда яшовчи Мавлуда Шарипова оиласининг кўчиб кетишини талаб қилмоқда. Бироқ Мавлуда Шарипова Озодлик билан суҳбатда Сурияга бормаганини айтди. Унга кўра, қишлоқдаги воқеаларга унинг собиқ қудаси билан юзага келган келишмовчиликлари сабаб бўлмоқда.

Олабуқа тумани Балтагулов қишлоқ кенгаши депутатлари навбатдаги сессияда Қажар қишлоғи яшовчиларининг Мавлуда Шарипова оиласини мажбуран бошқа ерга кўчириш тўғрисидаги талабини муҳокама қилади.

Бундан аввал ҳам Шариповлар оиласини қишлоқдан кўчириш ҳаракати бўлган эди. Ҳамқишлоқлари Шариповлар оиласини Суриядаги жангларда иштирок этганини идда қилиб, қишлоқдан ҳайдаш талаби билан митинг ҳам ўткизган эди.

Қажар қишлоғи аҳолиси ўтган ҳафтада бу масалада яна қишлоқ ҳукумати ва қишлоқ кенгашига мурожаат йўллаган.

43 ёшли Мавлуда Шарипова Озодлик радиосига ўзининг Сурия билан боғлиқлиги тўғрисидаги гап-сўзлар уйдирма эканини айтди. Унга кўра, у қишлоқ аҳолиси ва милиция ходимларига ўғлининг Россияда, куёвининг Туркияда ишлаётганини айтиб, уларга телефон номерларини берган. Бундан ташқари:

- Ўғлим билан гаплаштирмадим, бироқ унинг телефон номерларини берганман. Бироқ эрим билан гаплашган гапларимни қўйиб эштирганман. Ишлаган, яшаган жойларини видеога олиб: “Мен яхшиман, хавотир олманглар, ишлаяпман, пул юбориб тураман, яхши яшаб, яхши тирикчилик қилиб ўтиринглар”, деган видеоларини тўлалигича ҳуқуқ органлари ходимлари ва ҳамқишлоқларимга қўйиб берганман, кўришган, эштишган, -дейди Мавлуда Шарипова.

Унинг айтишича, бу воқеаларга унинг собиқ қудалари сабаб бўлмоқда. Унга кўра, ўтган йилнинг майида куёви Россияга ишлагани кетган. Қудаси эсаўғил неварасини ўзи билан олиб қолиб, келинини қиз фарзандига қўшиб ота уйига ташлаб кетган. Бир неча ойдан сўнг куёви Россиядан қайтгач, уни бошқа қизга уйлантиришади. Мавлуда опа қудасидан ўғил набирасини ҳам қайтаришни талаб қилган. Шундан сўнг қуда томони қишлоқда Шариповлар оиласи Сурияга бормоқчи бўлганини айтиб, бу олилани қишлоқдан хайдаш ташаббусини кўтарган. Ҳозир Мавлуда Шарипова қудаларидан набирасини қайтариб олиш мақсадида адвокат ёллаган.

-Ҳозир бу бўйича халқ орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу ҳафта қишлоқ кенгашида мазкур масала кўриб чиқилади. Маҳаллий ҳукумат уларни кўчириш талабига рози эмас. Шу сабабли қишлоқ кенгаши сессиясида депутатлардан яна бир имкон беришини сўраймиз. Бироқ Шариповларни кўчириш масаласини депутатлар ҳам ҳал қилолмайди, суд орқалигина ҳал қилиниши мумкин. Ҳозир биз вазиятни ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди қишлоқ ҳукумати раҳбари Мамадали Парпиев.

Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси Мавлуда Шарипованинг 23 ёшдаги ўғли Сурияга кетганини ва у ердаги жангларда иштирок этаётгани тўғрисида маълумот тарқатган. Мавлюда Шарипованинг турмуш ўртоғи, 53 ёшли Хайрулло Маҳмудов ўтган йилнинг май ойида ўғлини излаб Туркияга кетган, кейинчалик у оиласини танишлари орқали ўз олдига чақирган.

Мавлуда Шарипова уч қизи ва набирасини олиб, боришга икки марта Турикяга боришга ҳаракат қилган. Биринчи сафар у Ўш аэропортида қўлга олинган. Иккинчи марта Шарипова Москва орқали Туркияга кетган. Кўп ўтмай Туркиядан Қирғизистонга депортация қилинган. Ўшандан бошлаб қишлоқ аҳолиси бу оилани қишлоқдан кўчириш талабини кўтариб келмоқда.

Бироқ Мавлуда Шарипова улар Туркияга фақат оила аъзоларини кўриш учун борганини айтмоқда. Кетаётганида ҳам 11 кун муддатга бориш ва қайтиш учун чипта олган.

Қажар қишлоғида асосан қирғизлар истиқомат қилади. Шариповалар қишлоқдаги ягона ўзбек оиласидир. Мавлуда Шарипова “Бўлаётган воқеаларда миллатчилик руҳи йўқми?” деган саволга қуйдагича жавоб берди.

- Ўзлари билади, балки ичларида миллатчилик қилишаётгандир, билмадим. Аммо менинг ўзимга миллатчилик қилиб: “Сен ўзбексан”, дейишмади, - дейди Мавлуда Шарипова.

XS
SM
MD
LG