Тошкентда 23-24 июнь кунлари ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўткизган учрашувдан сўнг Бишкек расмийлари икки давлат ўртасидаги совуқлашган муносабатларда илиқлик пайдо бўлишини кутмоқда. Учрашув пайтида президентлар Бош вазирларга давлатлараро муносабатларда пайдо бўлган муаммоларни шахсан ҳал қилиш тўғрисида кўрсатма берган.
Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Сапар Исақов Тошкентда президентлар Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев режалаштирилган 20 дақиқа ўрнига бир соат ёпиқ эшиклар ортида учрашиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларни илиқлаштириш масалаласини муҳокама қилганини айтди:
- Президентлар бир соатга яқин суҳбатлашди. Уларнинг учрашуви протоколга биноан 20 дақиқадан ошмаслиги керак эди. Ислом Каримов бошқа президентлар билан ҳам учрашиши керак эди, бироқ шунга қарамай учрашув бир соатга чўзилиб кетди. Президентлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масаласида аниқ келишиб олди, - деди Сапар Исақов.
Президент маъмурияти расмийсининг айтишича, Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев учрашувда биринчи навбатда Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги иқтисодий муносабталарни тиклаш, савдо-сотиқ соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласида келишиб олган. Иккинчи масала сифатида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий алоқаларни яхшилаш йўллари муҳокама қилинган.
- Икки президентнинг қарори билан бундан буён давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар кучайтирилиб, позитив ўзгаришлар бўлиши кутилаяпти. Бу борада Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирларига кўрсатма берилди. Улар яқин орада ё телефон орқали ёки шахсан учрашиб, бу ишларни амалга ошириш йўлларини муҳокама қиладилар. Бош вазирлар мунтазам бир-бири билан алоқда бўлиб, икки давлат ўртасида юзага келган тушунмовчиликларни ҳал қилиб олиши шарт бўлади. Бу ҳақда бош вазирларга аниқ кўрсатма берилди, - деди Сапар Исақов.
Унга кўра, Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев учрашув пайтида икки давлат ўртасида ўта муаммоли бўлиб турган чегарани аниқлаш масаласини ҳам муҳокама қилган.
Ўзбек-қирғиз чегараси Ўзбекистон томонидан қарийб тўлиқ ёпилгани икки қўшни халқ ўртасидаги энг муаммоли масалалардан бири бўлиб келмоқда. Чегараолди ҳудудларида яшовчилар ва савдогарларнинг кўп ҳолларда чегарани бузиб ўтишга уриниш ҳоллари кузатилади.
Бундан ташқари шу кунгача икки давлат ўртасида 60га яқин баҳсли ҳудуд бўлиб, бу ҳудудлар Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг кескин совуқлашиб кетиши омилларидан бири сифатида кўрилади. Кўп ҳолатларда давлатлар ўртасида чегарани аниқлаш жараёни бир неча йилларга тўхтаб қолмоқда.
Президентлар бу масалада чегараларни аниқлаш жараёнини тўхтатмаслик кераклиги ва бу йўналишда самарали иш олиб бориш зарурлиги юзасидан якдил фикрга келган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги унча илиқ бўлмаган муносабатлар шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Чаласарт деб аталувчи баҳсли ҳудудга ҳарбий техника ва аскар киритгани ортидан жуда ёмонлашиб кетган эди. Бу воқеа ортидан Алмазбек Атамбаев ШҲТнинг Тошкент саммитига бормаслигини маълум қилган, кейинроқ эса бу қарорини ўзгартирган.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланишидан бир оз олдинроқ - 24 июнь куни эрталаб Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашув ўтказди. Бу учрашув бўлиб ўтиши тўғрисида на Тошкент ва на Бишкек расмийлари аввалдан билдирмаган эди.
Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев сўнгги марта бундан уч йил олдин - 2013 йил сентябрида Бишкекда ўтган ШҲТ саммити доирасида қисқа муддатли учрашув ўткизган эди.