Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:28

Эрдўғон айблаётган Фатҳуллоҳ Гулен ким?


75 яшар Фатҳуллоҳ Гулен Пенсильванияда (АҚШ) яшайди.
75 яшар Фатҳуллоҳ Гулен Пенсильванияда (АҚШ) яшайди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда унинг атрофидагилар амалга ошмаган давлат тўнтариши ортида ҳукуматни эгаллаб олиш истагидаги “параллел ҳукумат”ни айблашди.

Бу айблов Туркия ташқарисида яшовчилар учун тушунарсиз бўлган бўлса- да, АҚШнинг Пенсильвания штатида яшовчи 75 ёшли диний лидер бу гапларни яхши тушунди.

Туркия расмийлари “соядаги давлат”ни тилга олиши биланоқ Фатҳуллоҳ Гулен тўнтариш уринишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.

“Сўнгги эллик йил ичида бир неча ҳарбий тўнтаришдан жабр кўрган одамга бундай уринишга алоқадорликда айбланиш жуда оғирдир”, деди Гулен.

“Мен бу айбловларни кескин рад этаман”, дея қўшимча қилди у.

Фатҳуллоҳ Гулен ким ўзи? Нега Эрдўғон унинг оқимини ҳарбий тўнтаришга уринишда айбламоқда?

Гулен 1999 йилдан буён Америка Қўшма Штатларида сургунда яшаб келади. У бир вақтлар Эрдўғоннинг ҳамкори бўлган ҳамда 2002 йили унинг консерватив Адолат ва тараққиёт партияси ҳукумат тепасига келишига ёрдам берган. Аммо орадан кўп ўтмай икки ҳамкор ўртасидан қора мушук ўтади. Хабарларга кўра, бунга ҳокимият талашиш ҳамда Эрдўғоннинг авторитар бошқариш услуби туртки бўлган. Мазкур йилнинг май ойида Туркия Гулен оқимини террор ташкилотлари сафига киритди.

Гулен 1960 йилларда Измирнинг асосий масжидида жума намозларида чиқиш қилиб ном чиқарган. 1999 йили уни мамлакатнинг дунёвий ҳукуматини кучсизлантиришга айблашганидан кейин, ўз хоҳиши билан сургунга кетган. Кейинроқ унга қўйилган айбловларни бекор қилишди. Бунга қарамасдан, Гулен АҚШдан қайтмади. Гулен мусулмон дунёсидаги энг йирик диний ташкилотлардан бирига етакчилик қилади. Унинг “Хизмат” ҳаракати миллионлаб аъзога эга эканлиги айтилади. Бу ҳаракат 1000 га яқин таълим муассасига ҳомийлик қилади, 150 дан ошиқ давлатда ўқувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрлайди.

“Хизмат” ҳаракати консерватив диний қарашларни тарғиб қилади ҳамда жамиятга хизмат қилишга чақиради. Ҳаракат Ислом динининг мўътадил версиясига амал қилади, деб ишонилади. Аммо айрим ҳукуматлар бу ҳаракат бой тадбиркорлар ҳамда ўқувчиларни бирлаштиргани учун унга таҳдид ўлароқ қарашади.

Гулен оқимининг таълим марказларини унга аъзо бўлган тадбиркорлар молиялаштиради. Кўп ҳолларда ўқувчилар камбағал оилалардан олинади. Шу сабаб танқидчилар бундай ўқувчилар халқаро структурага ёки аъзолар рўйхатига эга бўлмаган бу ҳаракатга осон ўлжа бўлишини айтиб келадилар. Оқим аъзолари Гуленнинг жамиятга хизмат қилиш ҳақидаги ғояларидан илҳомланиб, бирга иш олиб боришларини таъкидлайдилар.

Марказий Осиё давлатларида Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин Гулен мактаблари аввалига яхши кутиб олинган. Ҳуддуддаги авторитар ҳукуматлар бу мактабларни исломий фаолиятларни рағбатлантиришда айблаганидан кейин улар Гулен бошқарувидан озод қилинган.

Лекин бу оқим энг кўп Туркияда танқид қилинади. Эрдўғон ҳукумати Гулен издошларини давлат идораларидаги лазозимларидан фойдаланиб, амалдаги ҳукуматни кучсизлантиришда ҳамда ҳокимиятни ағдаришга уринишда айблаб келади.

Эрдўғон бундан аввал Гулен ҳаракатини ўз маъмуриятини обрўсизлантиришга уринишда айблаган. Хусусан, 2013 йилги коррупция можароси давомида президентга яқин бир неча расмий айбланганда Эрдўғон бунинг ортида Гулен ҳаракати турганини таъкидлаган эди. Ўшанда ҳукумат расмийлари давлат маблағлари ёрдамида Эронга олтин сотиб бойиб олишда айбланган эди. Бу эса Эронга ўзининг ядровий дастури туфайли қўйилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берган.

Бу можаро ортидан Туркия ҳукумати бир неча прокурор ҳамда юқори лавозимли расмийни ишдан ҳайдади. Эрдўғон ўшанда Туркияни йўқ қилиш илинжидаги “қора кучларга” барҳам бериш учун бундай чора кўрилганини айтган эди. Ўтган йилда эса Эрдўғон Гулен мактабларини Гулен бошқарувидан озод қилиб, уларга ҳукуматга содиқ етакчиларни тайинлашга муваффақ бўлди.

Туркиядаги муваффақиятсиз ҳарбий тўнтариш уринишидан кейин Эрдўғон Туркияда Гулен ҳаракатини йўқ қилишга янада қаттиқ киришишини кутиш мумкин.

Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи вазифасини бажарувчи Умит Дўндар 16 июль куни эълон қилган баёнотда мамлакат армияси ўз сафларидан “параллел структура” аъзоларини йўқ қилиши айтилади.

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим 16 июль куни журналистларга Фатҳуллоҳ Гуленга бошпана берган ҳар бир давлат Туркия душмани бўлишини айтди. Аммо вазир АҚШни аниқ тилга олмади. Анқара АҚШ Гуленни экстрадиция қилишига умид қилишини айтиб келади.

Йилдирим Вашингтонни Туркиянинг Гулен бўйича хавотирларини вақтида англаб етмагани учун билвосита танқид қилди. “Бу эса бизга қимматга тушди”, деди Йилдирим.

Вашингтон ҳали бу танқидга муносабат билдиргани йўқ. (мақолада 17 июль эрталабигача бўлган вазият акс этган)

XS
SM
MD
LG