Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Андижонда ўқитувчилар ойлик ва таътил пулисиз "таътил"га чиқарилди


Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги 48-мактаб ўқитувчилари сўнгги ой маоши ва таътил пулини ололмаётир. Ўқитувчиларга кўра, расмийлар бюджетда пул йўқлигини айтиб, ўқитувчилардан сабр қилишни сўрашган. Озодлик суҳбатлашган расмийлар бу шикоятни рад қилишга уринди.

Озодликка келган мактублардан бирида Олтинкўл туманидаги 48-умумтаълим мактаби ўқитувчилари маош ва таътил пулини ололмаётганидан арз қилди.

“Ҳурматли Озодлик, бизга отпуска (таьтил) пулларимиз кечикмоқда. Ҳадемай мустақиллик байрами, янги ўқув йили бошланади. Биз эса тугаган ўқув йилининг ҳали маош ва таьтил пулларимизни олганимиз йўқ”, деб ёзади ўқитувчилар.

Исми сир қолишини сўраган 48-мактаб ўқитувчиларидан бири, расмийлар пул йўқлигини куракда турмайдиган баҳоналар билан изоҳлашаëтганини айтади:

“Мана Шерзодбек деган бухгалтеримиздан сўраб кўринг. Унга туман молия бўлимидан айтишларича, гўёки терилган ўтган йилги пахта сотилмаётган эмиш. Пахтанинг маошимизга нима алоқаси бор? Бизга тўғридан-тўғри бюджетдан пул ажратиладику? Нима, пахта сотилмаса маошсиз қоламизми, энди? Ҳар йили кузда пахтасини ҳам териб берсак, у сотилмаса бизда нима айб?”, дейди ўқитувчи.

Андижон вилояти Олтинкўл тумани Xалқ таълими бўлими бошлиғи Анваржон Назаров Озодликнинг бу шикоятга муносабат билдириш сўровига жавобан¸ уни мутлақ инкор қилишга уринди.

“Биз биринчи ва иккинчи потокда таътилга чиққан ўқитувчиларнинг ҳаммасининг маоши ва таътил пулларини бериб бўлганмиз. Куни-кеча учинчи потокнинг ҳам таътил пулларини бердик. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўқитувчилар ношукур бўлмаслиги керак, зеро улар бизнинг ёш авлоднинг тарбиячиларидир”, деди Анваржон Назаров.

Ўзбекистонда оғирлашиб бораëтган нақд пул тақчиллиги боис маоши тўлиғича пластик карточкага ўтказилган таълим соҳаси хизматчиларига нақдсиз тўловларнинг ҳам ойлаб кечикаëтгани кузатилмоқда.

Айни пайтда¸ нақд ва нақдсиз маош бера олмай қолган ҳудудларда ойлик ўрнига лампочка, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозордан анча қиммат нархда тарқатилаëтгани ҳақида маълумотлар бор.

Хусусан¸ жорий йилнинг май ойида Қорақалпоғистоннинг Нукус туманидаги мактаб ўқитувчиларига маош ўрнига жўжа берилган эди.

XS
SM
MD
LG